Душман изидан

1 ўн йил аввал 2342 siyrat.uz

Жанг тугагандан кейин мушриклар қайтиб бориб тўплана бошладилар. Мусулмонлар, улар Мадинага бориб аёл-қизларни асир олиб, молу мулкни талашса керак, деб ўйлаб хафа бўлдилар. Пайғамбар алайҳиссалом Али ибн Абу Толибга: «Уларнинг изидан бор. Нима қилишаётганига назар сол. Нима қилмоқчи эканларини бил. Агар отларни четга қўйиб, туяларни минсалар, Маккага кетишади. Агар отни миниб, туяларни ҳайдаб олсалар, Мадинага юришади. Менинг нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар Мадинага боришса, мен ҳам бориб уларни ўша ерда йўқ қиламан!»–дедилар. Ҳазрати Али бориб қарасалар, отларни четга қўйиб, туяларни миниб, Маккага қараб юрдилар. Аммо бир жойга етганларида бир-бирларини маломат қила бошлашди. Баъзилари: «Ҳеч нарса қилганингиз йўқ, уларга бир оз мусибат етказдингиз, холос. Уларни шундай қолдириб келяпсиз, ичларида бошлиқлари бор. Ҳали сизга қарши одам тўплашади. Орқага қайтиб, уларни охиригача йўқ қилиб тугатиш керак», дейишди. Бу хабар Пайғамбаримиз алайҳиссаломга етиб бориши билан одамларни тўплаб, душманга қарши чиқишга ундадилар: «Биз билан урушда қатнашганлардан бошқалар чиқмасин», дедилар. Мунофиқларнинг бошлиғи Убай ибн Салул: «Мен ҳам борай», деган эди: «Йўқ!» дедилар. Мусулмонлар чарчаган, ярадор бўлган ва қўрққан бўлишларига қарамай, эшитдик ва итоат қиламиз, деб тўпланиб чиқдилар. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен сиз қатнашган ҳамма урушларда қатнашишни ният қилган эдим. Отам қизларга қараб тур, деб қолдириб кетган эди. Изн беринг, сиз билан борай», деди. Унга изн бердилар. Расулуллоҳ мусулмонлар билан юра-юра, Ҳамроул Асад деган жойга етдилар. Бу ерда Маъбад ибн Абу Маъбад Расулуллоҳнинг ҳузурларига келди. Унга Абу Суфённинг олдига бориб, уни қўрқитишни буюрдилар. У Равоҳа деган жойда Абу Суфёнга етиб борди. У Маъбаднинг мусулмон бўлганини билмас эди. «Ортингда нима гап бор, эй Маъбад?» деди Абу Суфён. «Муҳаммад ва унинг саҳобалари сизларга қарши мисли кўрилмаган кўп одам тўпладилар. Аввал чиқмаганлари ҳам пушаймон бўлиб чиқдилар», деди Маъбад. «Нима маслаҳат берасан?» деди Абу Суфён. «Менимча, анави тепаликлар ортидан аскар чиқиб қолмасдан бурун жўнаб қолганинг маъқул», деди Маъбад. «Аллоҳга қасамки, тўпланиб бир ҳужум қилиб, уларни таг-томири билан йўқ қилиб юбормоқчи эдик», деди Абу Суфён. «Менинг сенга насиҳатим — ундоқ қилма», деди Маъбад. Мушриклар Маккага қайтиб кетдилар. Йўлда Абу Суфён Мадинага кетаётган бир одамни учратди. Унга Абу Суфён: «Муҳаммадга гапимни етказиб қўясанми? Маккага қайтганингда уловинг кўтарганча майиз бераман», деди. У «ҳа», деди. «Муҳаммадга айтиб қўй: биз уни ва шерикларини таг-томири билан йўқ қилиб юбориш учун одам тўплаб қўйдик», деди Абу Суфён. Унинг бу гапи мусулмонларга етганда: «Аллоҳ бизга етарли ҳомий, у қандай ҳам яхши вакил», дейишди. Ҳалиги хабар уларни чўчитмади. Уч кун кутдилар. Мушриклар Макка сари узоқлаб кетганларига ишонч ҳосил қилгач, Мадинага қайтдилар. Аллоҳ таоло ушбу ҳодиса ҳақида Қуръони карим оятларини нозил қилди. Бу аҳамиятли бўлганидан, ўша оятларни бир бошдан ўрганиб чиққанимиз афзалдир. Аллоҳ таоло мусулмонларнинг ўша пайтдаги ҳолларини васф қилиб қуйидагиларни Оли Имрон сурасида айтади: «Улар жароҳат етгандан кейин ҳам Аллоҳ ва Пайғамбар чақириғига жавоб берадиганлардир. Улардан яхшилик ва тақво қилганларига улуғ ажрлар бордир». Демак, Аллоҳ ажрини зое қилмайдиган мўминларнинг мақтовга арзигулик сифатларидан бири: «Улар жароҳат етгандан кейин ҳам Аллоҳ ва Пайғамбар чақириғига жавоб берадиганлардир». Яъни улар ўзларига жароҳат етиб, чарчаб, ярадор бўлиб, қийналиб туришларига қарамасдан, Аллоҳ йўлида яна жиҳодга даъват этилса, малол олмай, лаббай, деб яна қайтадан чиқаверадилар. Бу ҳодиса, аввал ҳам таъкидлаб ўтганимиздек, Уҳуд урушининг эртасига содир бўлган эди. Уҳуд уруши тамом бўлгач, мушриклар ўз юртларига қайтиб кетаётиб, Ҳамроул Асад деган жойда дам олишди. Урушда мусулмонларни тамом енга олмаганларидан афсус чекиб, орқаларига қайтиб, уларни батамом йўқ қилиб ташлашга қарор қилишди. Бу хабар Пайғамбар алайҳиссолату васалламга етганда мусулмонларни душманнинг ортидан боришга, уларга куч-қувват ва шону шавкатни кўрсатишга чақирдилар. Бу чақириққа мусулмонлар, лаббай, деб жавоб бердилар. Ҳатто биринчи кунда чиқмаган кишилар ҳам бормоқчи бўлдилар. Расулуллоҳ алайҳиссолату васаллам уларга рухсат бермадилар. Фақат биринчи куни чиққанларнинг боришини айтдилар. Мусулмонлар кечаги оғир мусибат, чарчоқ ва олган жароҳатларига қарамай, чин дилдан жангга отланганликлари ушбу оятда зикр қилиниб, илоҳий китоб Қуръони карим саҳифаларига ёзилиб, қиёматгача ибодатларда ўқиладиган бўлиб қолди. Дарҳақиқат, шу иш таҳсинга ва ҳавасга сазовор ишдир. «Улардан яхшилик ва тақво қилганларига улуғ ажрлар бордир». Муҳаммад ибн Исҳоқ Уҳуд урушида иштирок этган бани Ашҳам қабиласидан бўлган бир биродаридан ривоят қиладилар. У бундай ҳикоя қилган: «Мен ва акам Расулуллоҳ алайҳиссалом билан бирга Уҳуд урушида қатнашдик. Икковимиз ҳам ярадор бўлдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жарчилари одамларни душман ортидан чиқишга чақирганда, бир-биримизга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирокларидаги ғазот бизсиз ўтадими, дедик. Ҳолбуки, мингани уловимиз ҳам йўқ эди. Оғир-оғир ярадорларимиз бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга чиқдик. Менинг жароҳатим енгилроқ эди. Шеригим чарчаб қолса, кўтариб олар эдим. Шундай қилиб, мусулмонлар билан бирга бордик». Юқоридаги оят шу каби кишилар ҳақида тушган. Мушрикларнинг қалбига Аллоҳ таоло қўрқинчни солиб, улар юртларига қайтиб кетдилар. Мусулмонлар Ҳамроул Асадда уч кун тургандан кейин хурсанд ҳолда Мадинаи Мунавварага қайтдилар. Уҳуд урушидан кейин мусулмонлар жуда ҳам ноқулай аҳволга тушиб қолган эдилар. Аввало, Бадр урушидан кейинги ҳарбий ҳайбатлари йўқолди. Мушрикларнинг Мадинаи Мунавварага қайта ҳужум қилиш хавфи кучайди. Шунингдек, бошқа араб қабилалари, мунофиқлар ва яҳудийлар ҳам уларга нисбатан журъат қиладиган бўлиб қолди. Мусулмонлар руҳий тушкунликка тушдилар. Расулуллоҳнинг мусулмонлар билан мушриклар ортидан Ҳамроул Асадга чиқишлари, у ерда уч кун туришлари, Абу Суфён бошлиқ мушриклар буни эшитиб, худди қочгандек Маккага қайтиб кетишлари Уҳуддан кейин пайдо бўлган ноқулайликларнинг барчасини кетказди. Келаси ояти каримада мазкур мўминларнинг васфи давом этади. «Уларга кишилар: «Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда, иймонлари зиёда бўлди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», дедилар». Яъни ўша мўминларга баъзи кишилар келиб, қурайшликларнинг уларга қарши кўп куч тўплаганларини айтиб, улардан қўрқинглар, деганида, мўминлар қўрқиш ўрнига иймонлари зиёда бўлди. Шу билан бирга, «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», дедилар». Ушбу оятдаги: «Ҳасбуна Аллоҳу ва неъмал вакийл» жумласини ҳар бир инсон бошига оғир ҳолат келганда айтиши тавсия қилинади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки: «Ҳасбуна Аллоҳу ва неъмал вакийл»ни Иброҳим алайҳиссалом ўтга ташланганда айтганлар, Муҳаммад алайҳиссалом: «Уларга кишилар: «Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда, иймонлари зиёда бўлди ва: «Бизга Аллоҳнинг ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», дедилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан бирига: «Бошингга оғир иш тушганда «Ҳасбияллоҳу ва неъмал вакийл» дегин», деганлар. Энди Аллоҳга таваккал қилиш ва ўзини ихлос ила тутишнинг натижаси зикр этилади: «Бас, Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила уларга ёмонлик етмасдан қайтдилар ва Аллоҳнинг розилигига эришдилар. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир». Улар Аллоҳга таваккал қилиб, Уни ўзларига кофий вакил билиб чиққан эдилар. Бас, бу урушдан зиён кўрмасдан, Аллоҳнинг неъмати, фазли ва розилигига сазовор бўлган ҳолда қайтдилар. Улуғ фазл эгаси бўлган Аллоҳ Ўз йўлида жиҳод қилган бандаларига фазлидан, албатта, беради. Кейин қўрқинч ва қўрқоқликнинг сабаби фош этилади: «Албатта, бундай бўлишингиз шайтондандир, у ўз яқинларидан қўрқитур. Бас, агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, мендан қўрқинглар». Яъни одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар, деган хабардан қўрқинчга тушсангиз, бу ҳолингиз шайтондандир. У сизларни ўз яқинларидан қўрқитади. Шайтон ўзига эргашганларни сизнинг кўзингизга кучли бўлиб кўринишини истайди. Худди улардан фойда ёки зарар етадигандек, улардан қўрқишингизни хоҳлайди. Агар ҳақиқий мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди, улар фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдилар, мендан қўрқинглар, дейди Аллоҳ таоло. Чунки ҳақиқий фойда ва зарар етказувчи фақат Ўзидир.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ