Зотирриқоъ ғазоти

1 ўн йил аввал 2164 siyrat.uz

Бу ғазотнинг «Зотирриқоъ» деб номланиши нима учун бўлгани ҳақида уламолар икки хил фикр айтганлар. Аввало, «Зотирриқоъ» дегани луғатда «ямоқ эгаси», деган маънони билдиришини айтиб ўтмоғимиз лозим. Ғазотнинг бу ном ила номланиши ҳам худди шу омилдан келиб чиқади. Ўша ғазотда ишлатилган байроқларда ямоқ борлигидан шу ном машҳур бўлган, дейди баъзи тарихчиларимиз. Бошқалари эса бу ғазотда иштирокчилар оёқларига йиртиқ латталарни боғлаб олганлари учун шундоқ аталган, дейди. Бу ғазот учинчи ҳижрий сананинг жумадул охира ойида бўлган. Ғатафонлик бани Миҳроб ва бани Саълабаларга қарши қаратилган бу ғазотда мусулмонлардан тўрт юз жангчи иштирок этган. Ушбу юришни уюштиришдан асосий мақсад Биъри Маъунада қатл қилинган етмишта саҳобийнинг ўчини олиш, душманга мусулмонлар кучи борлигини кўрсатиб қўйиш эди. Ғатафонликлар ҳам жуда кўп одам тўплаган эдилар. Икки томон бир-бирини қўрқитиш учун баъзи бир ҳаракатлар қилдилар-у, аммо уруш бўлмади. Мусулмонлар душман билан юзма-юз турган ушбу ғазотда Аллоҳ таоло Қуръони каримдан оятлар нозил этиб, хавф намози қандоқ ўқилишини баён қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар ушбу ғазотдан қайтиб кетаётиб бир сердарахт водийда дам олгани тушдилар. Одамлар турли дарахтлар соясига тарқалиб кетдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир дарахт соясига тушиб қиличларини дарахтга илиб қўйиб дам олдилар. Жобир розияллоҳу анҳу бу ҳақда қуйидагиларни айтади: «Бир оз ухлаб қолдик. Сўнгра бирданига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни чақириб қолдилар. Шошилиб борсак, ҳузурларида бир аъробий ўтирибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ухлаб ётганимда манави қиличимни олволибди. Уйғонсам, бошимда қилич ялонғочлаб турибди ва менга: «Сени мендан ким қутқаради?» дейди, Аллоҳ, дедим. Ана, у ўтирибди», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги одамни авф этдилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ