Ифк ҳодисаси

3 йил аввал 14230 siyrat.uz

Худди шу ғазотдан қайтишда Убай ибн Салул бошлиқ мунофиқлар Оиша онамиз ҳақида «ифк» − бўҳтон тарқатдилар. Гапни бошқа ёққа буриб, ҳақиқатдан четга чиқиш, ёлғондан уйдирма тўқиш, бўҳтон ва иғво қилиш араб тилида «ифк» дейилади. Мунофиқлар Оиша онамизга нисбатан ифк уюштирдилар. Уларнинг ифкига баъзи содда мусулмонлар ҳам қўшилдилар. Орада катта фитна чиқди. Оиша онамизни зино қилганликда айблай бошладилар. У кишига нисбатан ифк: иғво, бўҳтон, туҳмат ва уйдирма уюштирилди. Бу ҳодиса «Ифк ҳодисаси» номи билан машҳурдир. Бу ҳодисанинг тафсилоти барча ишончли масдарларда Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўзларидан ривоят қилинган. У киши бундай ҳикоя қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқишни ирода қилсалар, хотинлари орасида қуръа ташлар эдилар. Кимга қуръа чиқса, уни ўзлари билан бирга олиб кетар эдилар. Ғазотлардан бирида у Зот орамизда қуръа ташладилар. Менга тушди. У киши билан сафарга чиқдим. У вақтда ҳижоб фарз бўлган эди. Мени ҳавдажда (ичига одам тушадиган қилиб тўқилган сават) кўтариб юришар эди. Мен унинг ичига тушиб олар эдим. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ғазотларидан фориғ бўлгунларича юрдик, сўнгра ортга қайтдик. Мадинага яқинлашганимизда, кечаси жўнаш ҳақида жар чақирилди. Жўнаш ҳақидаги хабарни етказганларида ўрнимдан туриб, аскарлардан узоқлашдим. Қазои ҳожатдан қайтаётиб, кўксимни ушладим, қарасам, мунчоғим тушиб қолибди. Ортимга қайтиб, уни излай бошладим. Ўша ерда ушланиб қолдим. Мени олиб юрадиган кишилар келиб, ҳавдажимни туямга ортишибди. Улар мени ҳавдаж ичида деб ўйлашибди. Ўша вақтда аёллар енгил бўлишар эди, гўштлари оз эди. Жуда оз таом ер эдик. Одамлар ҳавдажни кўтаришганда, унинг енгиллигига эътибор беришмабди. У вақтда ёшим ҳам кичик эди. Улар туяни жойидан қўзғатиб жўнаб кетаверибдилар. Мунчоқни топдим. Улар турган жойга келдим. Аскарлар кетиб бўлган экан. Улардан бирор киши қолмабди. Ўша ерда қимирламай туришга қарор қилдим. Улар менинг қолиб кетганимни билиб қайтиб келишади, деб ўйладим. Ўтирган жойимда кўзим уйқуга илинибди. Сафвон ибн ал-Муъаттал ас-Силмий аскарлардан ортда қолган ва дам олиб, кечроқ жўнашни кўзлаган экан. (Имом Бухорий ривоятларида, аскарларнинг ортидан унутиб қолдирилган нарсаларни йиғиштириб олиб кетишга вазифадор эди, дейилган.) Бас, у мен турган жойга келибди. Ухлаётган одамнинг қорасини кўрибди. Олдимга келиб, мени танибди. Мени таниб, истиржоъ («Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!») айтганидан уйғониб кетдим. Дарров жилбобим ила юзимни тўсдим. Аллоҳга қасамки, у менга бирор сўз айтмади. Мен унинг истиржоъидан бошқа ҳеч бир сўзини эшитмадим. У пастга тушиб, туясини чўктирди. Туянинг олдинги оёқларини жуда пастлатди. Мен туяга миндим. У уловини етаклаб йўлга тушди. Шундай қилиб, аскарларга етиб олдик. Улар кеча охирида тўхтаб, манзилга тушган эканлар. Менинг тўғримда ким ҳалокатга учраса, учради. Гуноҳнинг каттасини кўтарган Убай ибн Салул бўлди. Мадинага етиб келдик. Мен у ерда бир ой касал бўлиб ётиб қолдим. Одамлар ифк аҳлининг гап-сўзларини авж олдиришар, мен эса ҳеч нарсани сезмас эдим. Касаллик пайтимда мени шубҳага солган нарса шу эдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда касал бўлган чоғларимда бошқача лутф кўрсатар эдилар. Энди бўлса: «Анавунингизнинг ҳоли қандай?» дер эдилар-да, қайтиб чиқиб кетардилар. Мана шу ҳолат мени шубҳага солар эди. Тузалгунимча ҳам ёмонликни сезмабман. Бир куни Умму Мистоҳ билан қазои ҳожат қиладиган жойга чиқдим. Ундай жойларга фақат кечаси чиқар эдик. У вақтларда таҳоратхоналар қилган эмасдик. Арабларнинг эски одатлари бўйича, деворларнинг остида қазои ҳожат қилар эдик. Шундай қилиб, мен Умму Мистоҳ билан (у Абу Раҳм ибн Муттолиб ибн Абду Манофнинг қизи, онаси Сахр ибн Омирнинг қизи, Абу Бакр Сиддиқнинг холалари) чиқиб, ҳожатдан қайтиб келаётганимизда Умму Мистоҳ кийимини босиб олиб, қоқилиб кетди ва: «Мистоҳ ҳалок бўлди!» деди. «Жуда ёмон гап айтдинг! Бадрда иштирок этган одамни ҳам сўкасанми?!» дедим мен унга: «Эй азизам, унинг нима деганини эшитганинг йўқми?!» деди у. «У нима деди?» деб сўрадим. У менга ифк аҳлининг гаплари ҳақида хабар берди. Касалимга касал қўшилди. Уйга қайтганимда олдимга Расулуллоҳ кириб: «Анавунингизнинг ҳоли қандай?» дедилар. «Изн берсангиз, ота-онамнинг олдига борсам», дедим. Ўшанда улардан хабарнинг ҳақиқатини билмоқчи эдим. Менга у Зот изн бердилар. Ота-онамнинг олдиларига бордим. Онамга: «Эй онажон, одамлар нималар дейишмоқда?» дедим. «Эй қизгинам, ўзингни ортиқча қийнама, Аллоҳга қасамки, ҳар бир кўзга яқин аёлни эри яхши кўрса-ю, кундошлари кўп бўлса, шунақа гапни кўпайтириб юборишади», деди у киши. «Субҳаналлоҳ! Одамлар шу гапларни гапиришдими-я?!» дедим. Кечаси билан йиғлаб чиқдим. Тонг отгунча кўз ёшим тўхтамади, кўзимга уйқу ҳам келмади. Кундузи ҳам йиғлай бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий келавермаганидан кейин Али ибн Абу Толиб ва Усома ибн Зайдларни чақириб, аҳлидан ажраш ҳақида маслаҳат қилдилар. Усома Расулуллоҳга у Зотнинг аҳлида ҳеч қандай айб кўрмагани ва уларга нисбатан ўзида муҳаббат борлиги ҳақида сўзлади. «Эй Аллоҳнинг Расули, улар сизнинг аҳлингиз, Аллоҳга қасамки, улар ҳақида фақат яхшиликни биламиз, холос», деди. Али ибн Абу Толиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизни сиқиб қўйгани йўқ. Ундан бошқа аёллар ҳам кўп. Жориядан сўранг, айтиб беради», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Барийрани чақириб, ундан: «Эй Барийра, унда шубҳага соладиган бирор нарса пайқадингми?» деб сўрадилар. «Йўқ! Сизни Пайғамбар қилиб юборган Зот номи ила қасамки, мен унда кўрган битта айб бор, у ҳам бўлса, ёши кичиклигида хамирнинг олдида ухлаб қолиб, қўйга егизиб қўярди, холос», деди у. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бориб, ўша куни Убай ибн Салулнинг узр сўрашини талаб қилдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарда туриб: «Менга аҳлим хусусида озор етказган одамдан ким узр олиб беради? Аллоҳга қасамки, мен ўз аҳлимдан яхшиликдан бошқа нарса кўрмадим. Батаҳқиқ, менга фақат яхшилик қилиб юрган одамни гап қилишди. У менинг аҳлим ҳузурига фақат мен билан кирар эди», дедилар. Шунда Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, мен ундан узр олиб бераман. Агар у Авсдан бўлса, бўйнини узамиз. Агар у биродарларимиз хазражийлардан бўлса, нима амр қилсангиз, ўша амрингизни бажарамиз», деди. Хазражликларнинг бошлиғи Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб: «Ёлғон гапирдинг! Аллоҳга қасамки, уни ўлдирмайсан ва унга қодир ҳам эмассан», деди. Бу гапни эшитгандан кейин Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуга бундай жавоб қайтарди: «Сен ёлғон гапирдинг! Аллоҳга қасамки, албатта, уни ўлдирамиз. Сен мунофиқсан! Мунофиқларни ҳимоя қилмоқдасан!» Икки қабила — Авс ва Хазраж аччиқланиб, бир-бирлари билан уришиб кетдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса минбарда туриб, уларни ҳовурларидан туширар эдилар. Ҳаммалари жим бўлгандан кейингина минбардан тушдилар. Ўша кунни ҳам йиғлаб ўтказдим. Кўзимдан ёш тинмади, уйқум яна келмади. Сўнгра кечаси билан ҳам йиғлаб чиқдим. Кўзимдан ёш қуйилаверди, уйқум ҳам келмади. Ота-онам олдимда эдилар. Икки кечаю бир кундуз йиғладим. Йиғлайвериб, жигарим ёрилиб кетса керак, деб ўйлаган эдим. Ота-онам олдида йиғлаб турган чоғимда ансорлардан бир аёл киришга изн сўради. Унга изн бердим. У ҳам ўтириб, менга қўшилиб йиғлай бошлади. Биз шу ҳолатда турганимиз устига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар, ўтирдилар. Менинг ҳақимда гап-сўзлар айтилгандан бери ёнимга ўтирмаган эдилар. У кишига бир ой менинг ишим ҳақида ваҳий келмай туриб қолди. Ўтирганларидан кейин ташаҳҳуд айтдилар ва ундан сўнг: «Агар сен беайб бўлсанг, Аллоҳ таоло, албатта, сени оқлайди. Агар гуноҳга яқинлашган бўлсанг, Аллоҳга истиғфор айт, унга тавба қил. Чунки банда гуноҳини эътироф этиб, тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул этади», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларини тамом қилишлари билан кўз ёшим таппа-тақ тўхтади. Отамга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган гаплари учун жавоб беринг», дедим. У киши: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима дейишимни ҳам билмайман», дедилар. Кейин онамга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб беринг», дедим. «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима дейишимни ҳам билмайман», дедилар онам. Мен ҳали ёш эдим, Қуръондан ҳам кўп ўқимасдим, ўзим гап бошладим: «Аллоҳга қасамки, билишимча, менинг ҳақимда одамларнинг гапларини эшитдинглар. У гаплар кўксингизда жойлашиб қолди. Унга ишондингизлар ҳам. Агар мен сизларга, мен беайбман, десам, бунга ишонмайсизлар. Агар мен бир ишни эътироф қилсам, Аллоҳ билиб турибдики, мен беайбман, сиз буни тасдиқ этасиз. Аллоҳга қасамки, мен билан сиз ҳозир худди Юсуфнинг отасига ўхшаймиз, у айтган гапларни эсланг: «(Менинг ишим) гўзал сабр қилишдир. Сизлар васф қилаётган нарсада эса Аллоҳнинг Ўзи ёрдам сўралгувчидир», дедим. Сўнгра бориб жойимга ётиб олдим. Ҳолбуки, ўша пайтда Аллоҳга қасамки, ўзимнинг беайб эканимни, албатта, Аллоҳ мени оқлашини билар эдим. Лекин Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло менинг ҳақимда тиловат этиладиган ваҳий туширишини гумон ҳам қилмаган эдим. Ўзимча, менинг ишим Аллоҳ таоло тиловат қиладиган нарсага арзимайдиган иш деб ўйлардим. Лекин, ўзимча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир туш кўрсалар-у, ўшанда Аллоҳ мени оқласа, дердим. Аллоҳга қасамки, у Зот жойларидан қимирламай, аҳли байтдан бирортаси ташқарига чиқмай туриб, Аллоҳ Пайғамбарига ваҳий нозил қилди. У Зот ваҳий келганда тушадиган ҳолатга тушдилар. Сўнгра кулиб оддий ҳолатларига қайтдилар. У Зотнинг биринчи айтган гаплари менга: «Эй Оиша! Аллоҳга ҳамд айт! У сени оқлади!» дейишлик бўлди. Шунда онам менга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўрнингдан тур!» дедилар. «Аллоҳга қасамки, мен у кишига ўрнимдан турмайман. Аллоҳдан ўзгага ҳамд ҳам айтмайман. Менинг оқловимни нозил қилган Зот Удир», дедим. Аллоҳ таоло ушбу ўн оятни нозил қилди. «Албатта, ифкни келтирганлар ўзингиздан бўлган бир усба (тўда)дир. Уни ўзингизга ёмонлик деб ҳисобламанг. Аксинча, у сиз учун яхшиликдир. Улардан ҳар бир киши учун ўзи қилган касбнинг гуноҳи бордир. Улардан (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимсага буюк азоб бордир. У(ифк)ни эшитган вақтингизда мўминлар ва мўминалар ўзлари ҳақида яхши гумонга бориб: «Бу очиқ-ойдин ифк-ку!» десалар бўлмасмиди?! У(ифкчи)лар ўша(ифк)га тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Бас, гувоҳларни келтира олмаган чоғда, ана ўшалар, ўзлари Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончидирлар. Агар дунёю охиратда сизларга Аллоҳнинг фазли, марҳамати бўлмаганида, ўзингиз ичига шўнғиган нарса учун сизни, албатта, буюк азоб тутар эди. Ўшанда сиз у(ифк)ни тилларингиз ила илиб олар, оғзингиз ила ўзингиз билмаган нарсани гапирар эдингиз ва у (ифк)ни ўзингизга енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида буюкдир. Уни эшитган чоғингизда: «Бизга буни гапирмоғимиз тўғри келмас. Ўзинг поксан! Бу катта бўҳтондир!» десангиз бўлмасмиди?! Агар мўмин бўлсангиз, ҳаргиз у(ифк)га ўхшаш нарсага қайтмаслигингизни Аллоҳ сизга ваъз-насиҳат қилур. Аллоҳ сизга оятларни баён қилур. Ва Аллоҳ ўта билгувчи, ўта ҳикматли Зотдир. Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша иш тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли, марҳамати бўлмаганида... Ва, албатта, Аллоҳ ўта шафқатли ва раҳмли бўлмаганида... Эй иймон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманг. Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, у фоҳиша ва мункарга буюрадир. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида, абадул-абад ичингиздан бирор киши поклана олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ ўта эшитгувчи, ўта билгувчи Зотдир». Оиша онамиз гапларида давом этиб, яна қуйидагиларни айтадилар: «Аллоҳ таоло мени оқлаш учун ушбу оятларни нозил қилганида Абу Бакр (у киши қариндош бўлгани ва фақирлиги учун Мистоҳ ибн Асосага нафақа бериб турардилар): «Аллоҳга қасамки, Оиша ҳақида қилган гапи учун Мистоҳга абадий ҳеч нарса бермайман», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: «Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, авф этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли Зотдир. Абу Бакр розияллоҳу анҳу дарҳол: «Ҳа! Аллоҳга қасамки, албатта, Аллоҳ мени мағфират қилишини хуш кўраман», дедилар ва Мистоҳга бериб юрган нафақаларини қайтадан жорий қилдилар. Сўнгра: «Аллоҳга қасамки, бу нафақани ундан ҳеч узмайман», дедилар». Оиша розияллоҳу анҳу яна буларни айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг ишим ҳақида Зайнаб бинти Жаҳшдан ҳам сўраган эканлар. «Эй Зайнаб, нима билгансан, нима кўргансан?» деб сўрабдилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, унинг ҳақида фақат яхшиликни биламан», дебди Зайнаб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари ичида фақат угина мен билан шуҳрат талашар эди. Аммо тақводорлиги туфайли Аллоҳ таоло уни сақлади. Аммо синглиси Ҳамна ифк эгалари билан бирга ҳалок бўлди». Тарихда «Ифк ҳодисаси» номи ила машҳур бўлган ҳодисанинг тафсилоти мана шулардан иборат. Бу ҳодисадан дунё ларзага тушган. Ифк — гапни бошқа томонга буриш, иғво, бўҳтон, туҳмат уйдириш ана шундай ёмон нарса. Мунофиқларнинг тўқиган ифки туфайли нималар бўлмайди дейсиз! Ифк ҳар қандай шахсни ҳам, ҳар қандай жамиятни ҳам катта ташвишга солади. Ифк катта-кичикни ажратиб ўтирмайди, кимга нисбатан уюштирилса, ўшани ташвишга солади. Хаёлини паришон қилади. Дунёдаги энг пок аёллардан бири, энг вафоли ёстиқдошлардан биттаси, мўминларнинг онаси, Сарвари Оламнинг суюкли жуфти ҳалоллари, Сиддиқнинг қизи сиддиқа Оиша онамиз ифкка учраб, гап-сўз бўлдилар, ўзларининг покликларини очиқ-равшан билиб турганларига қарамай, бу бўҳтондан юраклари тилка-пора бўлди. Икки кечаю бир кундуз тинмай йиғладилар, агар Расули акрам келиб гап бошламасалар, Аллоҳ билади, яна қанча йиғлар эдилар. Бу ифк Абу Бакр Сиддиқдек саҳобийни − Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин дўстларини ҳам паришон қилди. Жигаргўшалари Оиша онамиз йиғлаб келганларида нима қилишни билмай қолдилар. Ҳолбуки, у киши ҳаммага маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатиб юрган одам эдилар. Оиша онамиз у кишига мурожаат қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб беришни сўраганларида, нима дейишимни билмайман, дедилар. Ҳа, ифк − иғво, бўҳтон, туҳмат ана шундай ёмон нарса, ҳар қандай одамни нима дейишини билмайдиган ҳолга солиб қўяди. Абу Бакр Сиддиқнинг жуфти ҳалоллари, Оиша онамизнинг волидаи меҳрибонлари Умму Руммоннинг ҳолатига қаранг! Дард, аламда ёнаётган жигаргўшасини овутиш учун нима дейишини билмай, кундоши кўп хотин шундай бўлади, дедилар. Ҳолбуки, кундошлар Оиша онамизнинг покликларига Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб, гувоҳлик бермоқдалар. Қизини ҳимоя қилишга шунчалик уринаётган одам қизлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб қайтаринг, десалар, нима дейишимни билмайман, деганини қаранг! Ифк: иғво, туҳмат, бўҳтонга учраган иккинчи тарафни — Сафвон ибн Муъаттални олайлик. Аллоҳнинг йўлида жиҳод билан умрини ўтказган, Расули акрамнинг энг ихлосли, фидойи саҳобаларидан бири. Ана ўшандай тоза, пок, тақводор одам ўзининг Пайғамбари, йўлбошчиси, устози, шафоатчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли хотинлари билан зино қилганликда туҳматга учраб турса! Умрида аёл кишининг елкасига қўл теккизмаган одам шундай катта бўҳтонга дучор бўлса! Шунинг учун ҳам чидай олмай, ифкка қўшилганлардан бири Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг бошига қилич билан уриб, ўлдириб қўйишига сал қолган. Али ибн Абу Толибни, Усома ибн Зайдни, Умму Мистоҳни, Оиша онамизнинг ёнларига кириб қўшилиб йиғлаган ансорий аёлни, Барийрани, Зайнаб бинти Жаҳш онамизни ва бошқаларни қаранг. Қанчалик ташвиш, қанчалик куюниш. Ҳа, Оиша онамизга қарши уйдирилган ифк бутун бир умматни тенгсиз ташвишга солган эди. Ташвиш чекаётган умматнинг бошида унинг Пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам турар эдилар. Чунки бу ифк аслида Оишаи Сиддиқага эмас, Сафвон розияллоҳу анҳуга ҳам эмас, Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Сарвари Оламга, Роҳматан лил Оламийнга, Саййидул Мурсалийнга, Хотамун набиййинга қарши қаратилган эди. Ислом душманлари у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари орқали шахсларини ёмонотлиқ қилиб, Ислом динини қораламоқчи, унга футур етказмоқчи бўлдилар. У Зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда қийин бир ҳолга тушдилар. Гап ҳаммаёққа ёйилиб кетган. Уни рад қилиш учун жуда ҳам кучли далил керак. Лекин қани ўша далил? Бунинг устига, баъзи мусулмонлар, ҳатто Ҳассон ибн Собит, Мистоҳ ибн Асоса каби кўзга кўринган одамлар ҳам ифкка қўшилиб боришмоқда. Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат қилиб юборилган Зот бўҳтонга учраб, нима қилишларини билмай турибдилар. Ҳали Усома ибн Зайддан, ҳали Али ибн Абу Толибдан, ҳали Барийра исмли асли чўри бўлган аёлдан, ҳали хотинлари Зайнаб бинти Жаҳшдан маслаҳат сўрамоқдалар. Масжидда минбардан туриб, одамлардан ўз аҳлларига учраган мусибатда ёрдам сўрамоқдалар. Қайиноталари, қайиноналари ҳузурларида энг суюкли хотинлари Оиша онамизга, ростини айт, гуноҳинг бўлса, тавба қил, Аллоҳ тавба қилганни кечиради, деб турибдилар. Бошқа вақтда келиб турган ваҳий ҳам, мана, бир ой бўлибдики, тушмай қўйди. Аммо бу нарсалар ҳаммаси инсоний ўлчовлар ичидаги ҳолатлардир. Бу ишларнинг ҳеч бири ҳикматдан холи эмас эди. Фақат ҳодиса шу қадар кутилмаган ва шу қадар таҳликали ва шу қадар оламшумул эдики, ҳамма ўзини йўқотиб қўйибди. Ниҳоят, барча ишни ҳикмат ила қиладиган Аллоҳ таолонинг Ўзи аралашиб, ҳаммасини ўз жойига келтирди. Юқорида зикр этилган ўн оятда Оиша онамизни оқлади. Ҳамма, ҳатто Оиша онамизнинг ўзлари ҳам, менга оқлов тушди, дедилар. Лекин оятларда Оиша онамизнинг исмлари ҳам, сифатлари ҳам ёки бирорта белги ҳам зикр қилинмаган. Чунки шунга ўхшаш ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида умумий қоидалар баён қилинмоқда. Чунки гап, аввал айтилганидек, Оиша онамизнинг шахслари устида эмас, Ислом билан Ислом душманлари орасидаги кураш ҳақида кетмоқда эди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ