Сулҳ

1 ўн йил аввал 2291 siyrat.uz

Иш охирига етиб, фақат сулҳни ёзишгина қолганда, Умар ибн Хаттоб ўрниларидан сакраб турдилар ва Абу Бакрнинг олдига келиб: «У киши Расулуллоҳ эмасмилар?!» деди. Абу Бакр: «Албатта, Расулуллоҳлар!» деди. Умар: «Биз мусулмонмизми?!» деди. Абу Бакр: «Албатта», деди. Умар: «Улар мушрик эмасмилар?!» деди. Абу Бакр: «Албатта», деди. Умар: «Унда нима учун динимизни пасткашликка алмаштирамиз?!» деди. Абу Бакр: «Эй Умар, у киши, албатта, Аллоҳнинг Расулидирлар», деди. Умар: «Мен ҳам шаҳодат келтираман, у киши, албатта, Аллоҳнинг Расулидирлар», деди. Сўнгра Ҳазрати Умар Расули Акрам алайҳиссолату вассаламнинг олдиларига борди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз Аллоҳнинг Расулимисиз?!» деди. У киши: «Албатта», дедилар. Умар: «Биз мусулмонмизми?!» деди. У Зот: «Албатта», дедилар. Умар: «Улар мушриклар эмасми?!» деди. У зот алайҳиссалом: «Албатта», дедилар. Умар: «Унда нима учун динимизни пасткашликка алмаштирамиз?!» деди. Расули Акрам алайҳиссалом: «Мен Аллоҳнинг бандаси ва элчисиман, Унинг буйруғига ҳеч-ҳеч хилоф қилмайман ва У ҳам мени асло зое қилмайди», дедилар. Кейинчалик Ҳазрати Умар: «Ўша пайтда, бу қилганим яхши бўлса керак, деб шундай қилувдим. Кейин айтган гапларимдан қўрқиб, тинмай садақа қилиб, рўза тутиб, намоз ўқиб, қул озод қилиб юрдим», дер эдилар. Сулҳни ёзишга Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрати Али ибн Абу Толибни чақирдилар ва: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, деб ёз», дедилар. Суҳайл: «Мен бунақа гапни билмайман, «Бисмикааллоҳумма» деб ёз», деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Бисмикааллоҳумма» деб ёз», дедилар. Ҳазрати Али ёздилар. Сўнгра у Зот: «Ёз: «Бу Аллоҳнинг Расули Муҳаммад ва Суҳайл ибн Амр тузган сулҳ...» Шунда Суҳайл: «Агар сени Аллоҳнинг Расули деб шаҳодат берганимда, сен билан урушмас эдим. Шунинг учун исмингни ва отангни исмини ёздир», деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ёз: Бу Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ва Суҳайл ибн Амр тузган сулҳ...», дедилар. Шу тариқа улар қуйидагиларга келишдилар: 1.Ўн йилгача уруш бўлмайди. Одамлар омонда бўлиб, бир-бирларига ёмонлик қилишдан тийиладилар. 2. Кимки Қурайшдан Муҳаммаднинг олдига келса, уни қайтариб беради. 3. Кимки Муҳаммаднинг олдидан Қурайшга келса, уни қайтариб бермайди. 4. Ким Муҳаммад билан аҳднома тузиб шерик бўлса, бўлаверади. 5. Ким Қурайш билан аҳднома тузиб шерик бўлса, бўлаверади. 6. Бу йил Муҳаммад ва саҳобалари Маккага кирмай қайтиб кетадилар. 7. Келаси йили келишиб, қиличларини қинида сақлаган ҳолида киришади, уч кун туришади, бу вақтда мушриклар Маккадан чиқиб туришади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ