Ваҳийнинг қайта бошланиши
1 ўн йил аввал 2008 siyrat.uz
Муҳаммад алайҳиссалом йўлда кетаётганларида ғойибдан сурнай навосидек ёқимли овоз эшитилди, бош кўтариб ер билан кўк ўртасида муаллақ ўтирган таниш фариштани кўрдилар. Расулуллоҳ фариштанинг биринчи марта келиб, Ҳиро ғорида қандай азоб берганини эслаб, қўрққанларидан уйга қараб қочдилар. Уйга кира солиб: «Мени ўраб қўйинглар! Тезроқ ўраб қўйинглар!» дедилар. Аллоҳ шу заҳоти у кишига қуйидаги оятларни нозил қилди: «Эй ўраниб олгувчи Зот, тур, огоҳлантир!», яъни одамлар нотўғри йўлдан ота-боболари топинган бутларга сиғинишдан қайтмаса, Аллоҳ азоб беражагини айтиб қўрқит. «Роббингни улуғла!» яъни фақат Аллоҳни улуғла, унга бошқа нарсаларни шерик келтириб, ибодат қилишдан сақлан. «Кийимингни пок тут!» яъни Аллоҳнинг ҳузурига тоза либос билан келиб, ибодат қил, нопок юриш мўмин одамга муносиб эмас. «Азобга гирифтор этадиган ишлардан йироқ бўл!» яъни Аллоҳга итоат этиб, буйруқларини сўзсиз бажар. «Кўп олиш ниятида берма» яъни бировга бирон нарса ҳадя этсанг, ундан кўпроқ олишни тама қилма. Бу мард одамларнинг иши эмас. «Роббинг учун сабрли бўл!» яъни қавмингни Ислом динига даъват этган пайтингда улардан етган азиятларга сабр ила бардош бер.
Аввалги мақола
Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалласга турмушга чиққанларида неча ёшда бўлганлар?
Кейинги мақола
Расулуллоҳнинг яширин даъватга ўтишлари
Мавзуга оид мақолалар