Расулуллоҳнинг ошкора даъватга ўтишлари

7 йил аввал 1530 siyrat.uz

 

Мушрикларнинг таҳдиди кучайиб кетганлиги сабабли Расулуллоҳ Қурайшнинг катта йиғинларида ошкора даъват олиб бормадилар. Мусулмонлар пинҳона ибодат қилишар, намозларини кўпинча Макканинг тоғларига чиқиб, пана-пастқамда ўқишарди. Уларнинг сони ўттиздан ошганда Расулуллоҳ ҳаммаларини бир жойга жамлаб, дин аҳкомларини ўргатишлари ва йўқ-йўриқ кўрсатишлари зарур бўлиб қолди. Шу мақсадда биринчилар қатори Ислом динига ўтган Арқам ибн Абу Арқамнинг ҳовлисига йиғилдилар. Шу пайтгача − Ҳижр сурасининг: «Сенга буюрилганини ошкора ўртага ташла, мушриклар билан тенг бўлма», деган 94-ояти нозил бўлгунча − махфий иш тутилган эди. Бу оят келгач, Расулуллоҳ Аллоҳнинг ваъдаси ва ёрдамига ишониб, ошкора даъватга ўтдилар. Сарвари олам Сафо тоғига чиқиб: «Ҳой Фиҳр жамоаси, ҳой Адий жамоаси!»  дея бутун Қурайш халқини чақирдилар, баъзи уруғ ва жамоаларга одам юбордилар, ҳамма жам бўлгач: «Агар ҳозир сизларга тоғнинг орқасида Маккага ҳужум қилиш учун отлиқ қўшин пойлаб турибди, десам ишонасизларми?» деб сўрадилар. Одамлар: «Ишонамиз, шу пайтгача сенинг ёлғон гапирганингни ҳеч ким эшитмаган», дейишди. Расулуллоҳ: «Мен сизларни Аллоҳнинг қаттиқ азобидан огоҳлантирадиган Пайғамбарман», дедилар. Одамларнинг орасида турган Абу Лаҳаб ибн Абдулмутталиб: «Ҳе, ўл-е, бизни шу гапга чақирдингми?» деди ғазабланиб. Парвардигор бу одам тўғрисида Таббат сурасида: «Абу Лаҳабнинг икки қўли шол бўлиб қолсин! Шол бўлиши муқаррар! Мол-мулки ва йиғиб-терган нарсалари асқотмайди, у ловуллаб турган дўзахга тушади. Унинг ўтин ташигувчи хотини ҳам ланғиллаган дўзахга тушади, унинг бўйнига қаттиқ ўрилган арқон солинади», дейди. Ўтин ташиш дейилишида бу аёлнинг сўзамол, иғвогарлиги кўзда тутилган, чунки у аёллар йиғилган жойларда Пайғамбар алайҳиссалом ҳақида ҳар хил уйдирмаларни тўқиб-чатиб, тарқатиб юрарди. Шундан сўнг Аллоҳ Шуаро сурасида: «Ҳеш-ақраболарингни огоҳлантир» деган оятни нозил қилди. Бу оят Расулуллоҳнинг қариндош-уруғлари Абдуманоф авлоди бўлмиш Ҳошим, Навфал, Абдушамс жамоасига тааллуқли эди. Шу суранинг 215 − 216-оятларида Парвардигор: «Сенга эргашган мўминларни қанотинг остига ол. Ҳеш-ақраболаринг даъватингдан бош тортишса, мен сизларнинг қилмишинглардан безорман дегин», дея таъкидлайди. Расулуллоҳ дарров қариндош-уруғларини йиғиб: «Элчи ҳеч қачон ўз одамларига ёлғон гапирмайди. Худо ҳаққи, мабодо мен бошқаларга ёлғон сўзлаганимда ҳам, сизларга ёлгон айтмайман, бошқаларни алдаганимда ҳам, сизларни ҳаргиз алдамайман. Яккаю ягона Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтаманки, мен бутун инсониятга, хусусан, сизларга Худо юборган элчиман. Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтаманки, худди уйқуга кетгандек ўласизлар, уйғонгандек тириласизлар, қилмишинглар учун ҳисоб берасизлар, яхшиликлар учун мукофотланасизлар, ёмонликлар учун жазоланасизлар. Қароргоҳинглар абадий жаннат ёки дўзах бўлади», дедилар. Бу гаплардан йиғилганлар қаттиқ таъсирландилар. Фақат биргина амакилари Абу Лаҳабнинг тош дийдаси юмшамади. Муҳаммадга бутун араб халқи қарши қўзғалмасидан олдин уни бу йўлдан қайтариш керак. Агар уни одамларга тутиб берсанглар, камситилган бўласизлар, тутиб бермасанглар, араблар бирлашиб, бизга уруш очади», деди у жазаваси тутиб. «Худо ҳаққи, токи тирик эканмиз, Муҳаммадни ҳимоя қиламиз», деди Абу Толиб. Йиғилганлар шу қарорга келиб тарқалишди.

Расулуллоҳ ошкора даъватга ўтганларидан кейин Қурайш қабиласида тўрт одам йиғилса, у кишининг устидан куладиган, ҳақоратлайдиган бўлишди. Мабодо кўча-куйда кўриб қолишса: «Абу Кабшанинг ўғли нуқул осмондан келади-я. Нимасига ишонаркин», дея масхара қилишарди. Сарвари олам эса бунга жавобан: «Худо ҳаққи, сизлар бобокалонимиз Иброҳимнинг динига хилоф иш тутяпсизлар», дея инсон ўз қўли билан ясаган жонсиз бутларга сиғинишни нодонлик, жаҳолат деб атардилар. Ғазабланган оломон ота-боболари сиғинган бутларнинг қаҳрига учрашдан қўрқиб, Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан кин-адоват билан қарашарди. У кишини золимлардан асраш ўрнига Ҳошим жамоасининг оқсоқоли амакилари Абу Толибнинг ҳузурига бориб, жиянини йўлидан қайтаришни, қаноти остига олиб ҳимоя қилмасликни талаб этдилар. Абу Толиб уларни отанг яхши, онанг яхши, дея яхши гапириб, ҳовридан туширди. Расулуллоҳ ўз фаолиятларини бемалол олиб боравердилар. Унга сари қабиладошларининг жаҳолати жунбушга миниб, бир-бирларини Расулуллоҳга қарши туришга ундашарди. Улар яна Абу Толибнинг ҳузурига келиб: «Сен бизнинг энг обрўли, мўътабар оқсоқолимиз бўла туриб, гапимизга қулоқ солмаяпсан, жиянингни қайтариш ўрнига ҳимоя қиляпсан, ота-боболаримизнинг динини ҳақоратлашига, бизларни нодон деб аташига, илоҳларимизни беҳурмат қилишига йўл қўйяпсан. Бу ишинг яхшиликка олиб бормайди», дейишди. Мушриклар Ислом динига, унинг тарғиботчисига қанчалик тиш қайрашса, Пайғамбар алайҳиссалом уларни Худо берган ақлни ишлатиб, яхши билан ёмонни бир-биридан фарқламасликда айблардилар.

Қуръони Каримнинг «Бақара» сурасидаги 170-оятда: «Қачонки уларга, «Аллоҳ нозил қилган китобга эргашинглар», дейилса, улар: «Йўқ, биз ота-боболаримизнинг динига эътиқод қиламиз», дейишади. Агар ота-боболари ҳеч нарсани тушуниб етмаган ва адашган бўлса ҳам-а?» дейилади. «Моида» сурасининг 104-оятида ҳам: «Мушрикларга Қуръон ва Пайғамбар томонга юзланинглар», дейилса, улар: «Бизга ота-боболаримизнинг дини кифоя», дейишади. Агар ота-боболари адашган ва ҳеч нарсадан бехабар бўлишса ҳам, «уларнииг дини кифоя қилаверадими?» дейилади». «Луқмон»сурасининг 21-оятида эса: «Уларга: «Аллоҳ нозил қилган китобларга эргашинглар», дейилса, улар: «Биз ота-боболаримизнинг динига эргашамиз», дейишади. «Агар ота-боболарини шайтон дўзахга чақириб турган бўлса ҳам, эргашаверишадими?» дейилади». Аллоҳ Зухруф сурасининг 22-оятида мушрикларнинг баҳоналарини баён этиб, бундай дейди: «Йўқ, ундай эмас, биз ота-боболаримизнинг бир хил динга, яъни будпарастликка эътиқод қилганини биламиз, биз уларнинг изидан юрамиз».

Аллоҳ таоло мутаассибликда ва тарсоликда мушрикларнинг бу гаплари ота-боболарининг айнан такрори эканини Зухруф сурасининг 24-оятида таъкидлаб ўтади: «У, ота-бобомиз эътиқод қилган диндан кўра тўғри бир динни олиб келсам, нима дейсизлар?», деса, улар: «Сен олиб келган динга ишонмаймиз», дейишади. Уларнинг ота-боболарига собитлик билан астойдил тақлид қилишликлари аждодларининг беақллик, гумроҳликда айбланишига сабаб бўлиши турган гап. Лекин мушриклар эс-ҳушини йиғиб олиш ўрнига баттар жазавага тушиб, Абу Толибга: «Муҳаммадга айт, янги динга даъватини йиғиштирсин. Гапимизга кўнмасанг, Муҳаммад билан сен бир томон, биз бир томон бўлиб, то бир-биримизни ўлдиргунча курашамиз», дея таҳдид солишди. Абу Толиб учун ўз халқидан ажралиб қолиш оғир эди, бироқ Худонинг Пайғамбари бўлмиш жиянидан воз кечиши ҳам мумкин эмасди. Шу боис Пайғамбар алайҳиссаломни ҳузурига чорлаб: «Эй жиян, одамлар келиб, ҳар хил талаб ва шартларни қўйиб кетишди. Энди ўзингни эҳтиёт қил, бундан буён сени асраш қўлимдан келмайди», деди. Пайғамбар алайҳиссалом у кишининг ночор аҳволини ҳис этиб: «Эй амаки, Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтаманки, агар ўнг қўлимга қуёшни, чап қўлимга ойни тутқазишса ҳам, Худонинг ўзи бошлаган ишимга равнақ бермагунча ёки шу йўлда ҳалок бўлмагунимча танлаган йўлимдан воз кечмайман», дедилар ва ўпкалари тўлиб тескари қараб олдилар. «Менга қара, эй жиян, — деди Абу  Толибнинг ҳам кўнгли бузилиб. Расулуллоҳ ўгирилиб қараган эдилар: — Бор, нимани хоҳласанг, гапиравер, Худога қасамки, сени уларга топшириб қўймайман», деди.

Бу гап Пайғамбар алайҳиссаломга қанот бахш этди.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ