Расулуллоҳнинг Оишага уйланишлари

1 ўн йил аввал 2500 siyrat.uz

 

Ҳадижа вафот этиб, орадан бир ой ўтгач, Расулуллоҳ дўсти Абу Бакрнинг ҳали еттидан ўтмаган қизи Оишани никоҳларига олдилар. Расулуллоҳ Оишадан бошқа қиз олган эмаслар. Мадинага ҳижрат қилишганидан кейингина иккалови бир ёстиққа бош қўйишди, унгача Пайғамбар алайҳиссалом Савда билан Маккада ҳаёт кечирдилар.

Хадижанинг вафотидан бир ой ўтар-ўтмас Расулуллоҳнинг амакилари Абу Толиб оламдан ўтди. Гарчанд у киши Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбарлигига шубҳа билдирмаган, сарвари оламни дин душманларининг хуружларидан ҳамиша ҳимоя қилган бўлса-да, ўзи иймон келтириб мусулмончиликка кирмади. Бу ҳақда Қасос сурасининг 57-оятида бундай дейилади: «Сен яхши кўрган одамингни ҳидоят қилолмайсан, лекин Аллоҳ истаган одамини ҳидоят қилади, ҳидоят топгувчилар унга яхши аён». Абу Толиб Расулуллоҳга пушти-паноҳ бўлгани учун Аллоҳ у кишининг гуноҳларини енгиллатади, дея умид қиламиз.

Расулуллоҳнинг қариндош-уруғлари Ислом динига биринчилардан бўлиб кирмаганида ҳам ҳикмат бор, агар улар Пайғамбар алайҳиссаломга эргашиб, дарров Ислом динига киришса, мушриклар Муҳаммаднинг қавми устунликка эришиб, подшоликни қўлга киритмоқчи, шунинг учун янги дин ўйлаб топишди, дейишарди. Расулуллоҳга эргашганлар бутунлай бегона, ҳатто Пайғамбар алайҳиссаломга душман бани Умайя қавмидан Усмон ибн Аффондек кишилар эканини кўргач, қандай важ-корсон кўрсатишни билмай Муҳаммад қариндош-уруғни бир-биридан жудо қиладиган сеҳргар, ғойибни биламан, дейдиган коҳин, дея иғво тарқатишга ўтишди. Энг яқин кишиларидан айрилганлари етмагандек мушрикларнинг хуружлари авж олгани Расулуллоҳ учун ғоят оғир мусибат бўлди.

Абу Толибнинг вафотидан кейин илгари сал ҳайиқиб турган мушриклар энди очиқдан-очиқ душманлик қила бошладилар. Расулуллоҳ кўчада кетаётганларида устларидан тупроқ сочишар, намоз ўқиётганларида бошларига қўйнинг елинини епиштириб қўйишар, сен нега шунча илоҳни бир илоҳга айлантирмоқчисан, дея ўжарлик билан ҳадеб битта саволни такрорлайверишарди. Мусулмонлар оз, жисмоний ва ҳарбий қудратга эга бўлмаганликлари учун у кишини ҳимоя қилишга ботинишолмасди. Фақат бир сафар Абу Бакр: «Роббим ёлғиз Аллоҳ деган кишига шунча зулм қиласизларми?» дея ўртага тушди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг аҳволлари кундан-кунга оғирлашаверди.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ