Исро ва Меърож

3 йил аввал 16845 siyrat.uz

 

Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилишларидан олдин Аллоҳ у кишини Исро ва Меърож мартабасига эриштирди. Расулуллоҳнинг Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Байтулмақдисга бир кечада бориб келишлари Исро деб, шу куни кечаси осмонга чиқиб, руҳий олам билан танишиб қайтганлари эса Меърож деб аталади. Аҳли сунналар — эътиқод ва амалларида Пайғамбарнинг суннатига ва саҳобаларнинг йўлига эргашувчилар ва тўрт чоҳарёр: Абу Бакр, Умар, Усмон, Алини қонуний халифа деб эътироф этганлар — сарвари олам Меърожга жисман чиқиб тушганлар деб ҳисоблашади. Оиша розияллоху анҳо Расулуллоҳнинг Аллоҳни кўрганликларини инкор этади. У: «Кимки Пайғамбар Худо билан кўришган деса, гуноҳкор, бўҳтончи бўлади», дейди.

Исро воқеаси Қуръондаги Исро сурасинииг 1-оятида бундай баён этилган: «Бандасига ўз қудратининг нишоналарини намоён этиш учун уни бир кечада Масжидул ҳаромдан теварак-атрофи барокатли Масжидул Ақсога олиб борган Аллоҳ покдир. У ҳамма нарсани кўриб, билиб тургувчи Зотдир». Меърож воқеаси «Саҳиҳул Бухорий» ва «Саҳиҳул Муслим» китобларида ҳаққоний баён этилган. Қози Иёз ҳам ўзининг «Шифо» асарида бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтган. Анас ибн Моликдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ Меърож воқеасини шундай баён этганлар: «Менга эшакдан каттароқ, хачирдан кичикроқ қадами илдам бир дулдул келтирилди. Уни миниб Байтуллоҳга бордим. Дулдулни пайғамбарларнинг уловлари турадиган жойга боғлаб, масжидда икки ракаат намоз ўқиб чиқдим. Жаброил менга бир идишда май билан иккинчи идишда сут келтирди. Мен сутни танладим. «Табиий нарсани топдинг», деди Жаброил. Шундан кейин осмонга кўтарилдик. Жаброил осмоннинг очилишини талаб қилди. Шу пайт: «Кимсан?» деган овоз эшитилди. Жаброил ўзини танитди. «Ёнингдаги ким ?» деб сўради бояги овоз. «Муҳаммад », деди Жаброил. «Унинг пайғамбарлик вақти келдими?» деди овоз. «Ҳа», деди Жаброил. Шундан кейингина осмоннинг қопқалари очилди. У ерда мен Одам алайҳиссаломни кўрдим. У зоти муборак менга пешвоз чиқиб, яхшилик тиладилар. Ундан кейин иккинчи осмонга кўтарилдик. Бу ерда ҳам аввалги савол-жавоблар такрорланиб, кўкнинг дарвозалари очилди. Бу ерда Яҳё билан Ийсони учратдим. Улар ҳам менга пешвоз чиқиб, яхшиликлар тилашди. Учинчи осмонга ҳам шу тахлит чиқдик ва бу маъвода жами гўзалликнинг ярми ато этилган Юсуфни кўрдим. У ҳам менга пешвоз чиқиб, яхшилик тилади. Тўртинчи осмонда Аллоҳ таоло Марям сурасининг 58-оятида: «Идрисни юқори даражага кўтардик», дея эътироф этган Идрис билан юз кўришдик. Бешинчи осмонда Ҳорун билан, олтинчи осмонда Мусо билан учрашдим. Улар ҳам менга пешвоз чиқиб, яхшилик тилаб қолишди. Еттинчи осмонда Байтулмаъмурга суяниб ўтирган Иброҳимни кўрдим. Байтулмаъмурга ҳар куни етмиш минг фаришта кириб чиқар, бир марта ташриф буюрганларига қайтиб келиш навбати тегмас экан. Кейин Сидратулмунтаҳо дарахтини кўргани бордик. Унинг япроқлари филнинг қулоғидек, мевалари қовоқдек келар экан. Роббимнинг амрига биноан бу дарахт ўзгариб, товланиб турарди. Унинг таъриф-тавсифига барча махлуқлар қатори одам ҳам ожиз. Аллоҳ таоло менга баъзи ишларни ваҳий қилиб, бир кеча-кундузда эллик марта намоз ўқишни буюрди. Мен Мусонинг ёнига келганимда у: «Роббинг умматингга нималарни фарз қилди?» деб сўради. Мен эллик марта намоз ўқишни буюрганини айтдим. «Изингга қайтиб, Роббингдан ибодатни енгиллатишини ўтин, умматингнинг бунга тоқати етмайди. Сендан аввал мен бани Исроилни синаб кўрганман», деди. Мен дарров изимга қайтиб: «Эй Роббим, умматимга енгиллик бер», деб ёлбордим. У намознинг беш маҳалини қисқартирди. Мусонинг ёнига келиб воқеани баён этдим. У юқорига чиқиб, яна енгиллик сўрашни маслаҳат берди. Шу зайл Роббим билан Мусонинг ўртасида зир қатнадим. Токи Парвардигорим: «Эй Муҳаммад, бир кеча-кундузда беш маҳал намозни фарз қилдим. Ҳар бир намозга ўн маҳалнинг, беш маҳалга эллик маҳалнинг савобини бераман. Кимки бирон эзгуликни ўйлаб, уни қилолмаса, бир яхшиликнинг савоби, мабодо кўнглига туккан эзгуликни рўёбга чиқарса, ўн яхшиликнинг савоби берилади. Кимки бирон шумликни кўзласа-ю, амалга оширмаса, ёмонлик ёзилмайди, мабодо ўйлаган ёмонлигини қилса, битта ёмонликнинг гуноҳи ёзилади», деди. Мусонинг ёнига келиб бўлган гап-сўзларни айтдим. У яна Роббингдан енгиллик сўра, деб маслаҳат берди. Мен: «Ҳадеб Роббимнинг ҳузурига бораверишдан уяламан», дедим.

Пайғамбар алайҳиссалом шу куни кечаси Маккага қайтдилар. Эрталаб масжидга чиққанларида Абу Жаҳл ибн Ҳошимга тунда юз берган воқеаларни гапириб бердилар, Эси оғиб қолган Абу Жаҳл: «Ҳой Каъб ибн Луай жамоати, буёққа келинглар!» деб одамларни чақирди. Томошаталаб Қурайш мушриклари югургилаб келишди. Расулуллоҳ уларга ҳам Меърож воқеасини баён этдилар. Кофирлар ҳайратдан ёқа ушлаб, бўлмаган гап, дея чуввос солишди, баъзилари чапак чалиб юборишди, баъзилари пешонасини тутамлаб ўйга чўмишди, иймони заифроқлари шу заҳоти диндан чиқди. Эринмаган хабарчилар бу гапни Абу Бакрга етказишганда: «Пайғамбар алайҳиссалом шундай деган бўлсалар, демак, рост гап экан», деди. «Унинг шу бўлмағур гапига ҳам ишонасанми?» дейишди мушриклар. «У кишининг бундан ғайритабиий гапларига ҳам сўзсиз ишонаман», деди Абу Бакр. Шу кундан эътиборан Абу Бакр Сиддиқ ростгўй, самимий, ҳақгўй одам деб аталди. Ночор қолган мушриклар Расулуллоҳни синаб кўрмоқчи бўлишди: Байтулмақдисни кўрганлари бу масжиднинг шакли-шамойили қандайлигини сўрашди. Расулуллоҳ Байтулмақдисни илгари кўрмаган эдилар, лекин Аллоҳнинг ёрдами билан унинг қандай қурилганини, нечта эшиги борлигини, ҳатто қандай безаклар билан зеб берилганини аниқ айтиб бердилар. «Буни-ку топдинг, энди бизнинг ўша ёққа кетган карвонимиз ҳақида гапириб бер», дейишди мушриклар. Расулуллоҳ мушрикларнинг Шомга кетган карвонида нечта туя борлиги, одамларининг аҳвол-руҳияси ҳақида хабар бериб, карвон фалон куни кун ёришганда шаҳарга кириб келади, тарғил туя йўл бошловчи бўлади, дедилар. Мушриклар айтилган куни йўлга чиқиб туришди. Чиндан ҳам қуёш уфқдан бош кўтарганда узоқдан тарғил туя етовидаги карвон кўринди, лекин бу ҳол уларни иймонга келтириш ўрнига кофирлиги ва тарсолигини баттар кучайтирди. Бу ҳодисани кўз бойлоғичлик, фолбинликка йўйишди.

Меърожга чиқилган туннинг эртаси Жаброил алайҳиссалом келиб, Расулуллоҳга беш вақт намозни ўқиш тартиблари ҳамда намоз вақтларидан таълим берди: икки ракаат бомдод намози тонг ёришганда, тўрт ракаат пешин намози кун оға бошлаганда, тўрт ракаат намозидигар нарсаларнинг сояси икки баробар узайганда, уч ракаат шом намози кун ботганда, хуфтон намози қизил шафақ йўқолгандан кейин ўқилади. Беш вақт намоз фарз бўлишидан аввал Расулуллоҳ Иброҳим алайҳиссаломга ўхшаб эрталаб ва кечқурун икки ракаатдан ибодат қилардилар.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ