Товон олинишига Aллоҳнинг норозилиги

1 ўн йил аввал 2060 siyrat.uz

 

Асирлар товон эвазига озод қилингач, Парвардигор Анфол сурасининг 67 − 88-оятларини нозил қилди. «Пайғамбарга ер юзида душманни кўпроқ ўлдирмай (яъни мушрикларнинг таҳдидини йўқотиб, Исломни қувватлантирмай) туриб асирлардан товон олиш дуруст эмасди. (Эй, мўминлар! Сизлар товон олиб) дунёвий манфаатии кўзлайсиз, Аллоҳ эса сизларга охиратнинг (савобини) тилайди. Аллоҳ қудратлидир, ҳикмат билан иш қилгувчидир. Агар Аллоҳ илгарироқ ҳукм чақирмаганида эди, товон олганингиз учун қаттиқ азобга гирифтор бўлардингиз». Парвардигор Худо йўлидан қайтарган, Ислом динининг тарқалишига ҳалал берадиган асирларни ўлдирмай товон эвазига қўйиб юборишни ман этиб, жон ўрнига мол-дунёни танлаган баъзи мусулмонларни айблади.

Ижтиҳод қилгувчининг мақсади тўғри бўла туриб хатога йўл қўйса, жазоланмаслиги ҳақида яратганнинг ҳукми нозил этилгани учун азобдан холи. Шу боис яхши ниятда олинган товонни Аллоҳ таоло мусулмонларга ҳалол қилди. Бу нарса Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақиқий Пайғамбар эканликларига далил бўла олади. Агар пайғамбарлик Худо томонидан юбориладиган улуғ мартаба бўлмаганида Муҳаммад алайҳиссалом саҳобалар билан келишиб асирларни товон эвазига қўйиб юборганлари учун бунчалик афсусланмас эдилар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳни хотиржам қилиш учун Анфол сурасининг 70-оятида аслида нияти яхши асирларнинг гуноҳларини кечишини баён этади: «Эй Пайғамбар, қўл остингдаги асирларга, агар Аллоҳ дилингизда тариқча яхшилик борлигини билса, товонга берилганидан кўра яхшироқ нарсаларни ато этади, сизларни мағфират қилади. Аллоҳ бениҳоя меҳр-шафқатли ва мағфират қилгувчи Зотдир, дегин».

Бадр ғазоти туфайли Ислом музаффар динга айланди, мусулмонларда ўз кучига ишонч пайдо бўлди, мушриклар биринчи марта қаттиқ зарбага учраб, сафларида парокандалик бошланди. Душман сон жиҳатдан бир неча баробар устун, мусулмонлар бир ҳовучгина эди, мушрикларнинг от-улови, қурол-яроғи бадастир, жанговар тайёргарлиги пухта, мусулмонларда эса минишга улов ҳам етишмас эди. Фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатган илтифоти туфайли Ислом вакилларининг қўли баланд келди. Парвардигори олам Оли Имрон сурасининг 123-оятида Бадрдаги ғалаба неъматини миннат қилиб шундай дейди: «Бадрда Аллоҳ сизларга мадад берди. Ваҳоланки, сизларнинг сонингиз оз эди», Бадр жанги мусулмонлар ҳаётидаги энг катта ғазот эди, шу боис у Ислом тарихида ҳал этувчи бурилиш нуқтаси бўлди. Шундан кейин Ислом динига муносабат ўзгарди. Бу жангда Ислом динининг ашаддий душманлари ўлдирилди. Мусулмонларнинг қўли баланд келганини кўрган арабларнинг юрагига ғулғула тушди. Аллоҳ таолонинг бу илтифотига шукрона айтмоқ, Бадр ғазотида ғалаба қозонилган кун — рамазоннинг ўн еттисини нишонлаб, Пайғамбар алайҳиссалом ва мусулмонларга ато этилган неъматлардан миннатдор бўлмоқ лозим.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ