Урушдаги найранг

1 ўн йил аввал 2326 siyrat.uz

 

Нуайм ибн Маъсуд аҳдига бевафолик қилган Қурайза яҳудийларининг ёнига борди. Улар билан азалдан яқин бўлгани учун яҳудийлар Нуаймни иззат-икром билан кутиб олишди. «Эй бани Қурайза халқи! Менинг сизларга дўстлигимни ва садоқатимни яхши биласизлар, — деди Нуайм. — Мен сизларга муҳим бир гапни айтиб қўйиш учун келдим. Фақат уни ҳеч кимга оғзингиздан гуллаб қўймаслигингиз керак. — Яҳудийларнинг оқсоқоллари сир сақлашга ваъда беришгач, гапида давом этди. — Бани Қайнуқоъ билан бани Назир қабилалари юртидан ҳайдалиб, мол-мулки, уй-жойи мусодара қилинганидан хабарингиз бор. Қурайш билан Ғатафон қабилаларининг шарт-шароити бошқа: улар қулай фурсат келса, урушади, мағлуб бўлишса, ўз юртига қайтиб кетишаверади, ютқизадиган ҳеч нарсалари йўқ. Сизлар анави одам (Пайғамбар алайҳиссалом демоқчи) билан бир жойда яшайсизлар, яхши кунингизга ҳам, ёмон кунингизга ҳам улар шерик. Мабодо урушсангиз, мусулмонларни енгамиз, деб ўйлайсизларми? Менга қолса, сизлар Қурайш билан Ғатафон қабиласининг энг мўътабар одамларидан етмиш нафарини гаровга олиб, иттифоқдошларингиз қалтис вазиятда ташлаб қочмаслигига ишонч ҳосил қилганингиздан кейингина бу урушда қатнашишингиз керак. Яҳудийлар унинг фикрини маъқуллаб, дўстона маслаҳати учун қайта-қайта миннатдорчилик билдиришди.

Нуайм эса бу ердан чиқиб тўппа-тўғри Қурайш катталарининг ҳузурига кириб борди. «Менинг сизларга дўст эканимни, ҳурматим чексизлигини исботлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Дўст эканимни исботлаш учун сизларга бир маслаҳат билан келдим, фақат бу гап ўртамизда қолсин, ташқарига чиқмасин, деди. Қурайш катталари сир сақлашга онт ичишгач, Нуайм гапида давом этди. — Бани Қурайза яҳудийлари сизларга ишонмайди, агар урушда енгилсак, барибир, қурайшлар бизга ёрдам бермай ташлаб қочишади, деб Муҳаммад билан тузган шартномасини бузганига афсусланиб ўтиришибди. Улар сизлардан бир гуруҳ одамни гаровга олиб Муҳаммадга топширишмоқчи, бунинг эвазига мусулмонлардан бани Назир қабиласининг ўз юртига қайтишига изн олишмоқчи. Эрта-индин бани Қурайза одам юбориб сизларга шарт қўяди. Эҳтиёт бўлинглар, уларнинг найрангига учманглар».

Қурайш катталари бу гапга ишонишини ҳам, ишонмаслигини ҳам билмай боши қотди. Бу орада Нуайм бани Ғатафон қабиласига ўтиб қурайшларга айтган гапларини такрорлади. Уларнинг сафида саросима пайдо бўлди. Абу Суфён Нуаймнинг гапи рост-ёлғонлигини синаб кўриш учун бани Қурайзага одам юбориб, эртага урушга отланишни буюрди. Бани Қурайза оқсоқоллари: «Биз шанба куни урушмаймиз, бошимизга тушган ҳамма шўр ишлар шанба куни қон тўкканимизнинг касофатидан. Қолаверса, бизни аросатда ташлаб кетмаслигингизнинг кафолотига бир гуруҳ одамингизни гаровга бериб қўймагунингизча, урушга чиқмаймиз», дейишди.

Қурайш билан Ғатафон қабилалари Нуайм рост гапирганига ишонч ҳосил қилишди, ўртага нифоқ тушиб, бир-бирларидан шубҳалана бошлашди. Пайғамбар алайҳиссалом Худога ёлбориб илтижо қилдилар: «Қуръонни нозил этгувчи, бандаларидан зудлик билан ҳисоб олувчи Яратган эгам, мушрикларни мағлуб қилгин! Эй Аллоҳ, уларни мағлуб қилгин! Бизни уларнинг устидан ғолибу музаффар айлагин!»

Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг дуосини ижобат қилиб, ярим кечаси душманлар устига совуқ бўрон юборди. Мусулмонлар билан яҳудийлар бирлашиб ҳужумга ўтишидан қўрққан мушриклар чекиниш ҳаракатига тушишди. Пайғамбар алайҳиссалом душман сафидаги саросимани кўргач, саҳобаларга: «У ёқда нималар бўляпти? Қайси бирингиз бориб аҳволни билиб келасиз?» дедилар. Ҳеч кимдан чурқ этган садо чиқмади. Расулуллоҳ саволни уч қайта такрорлаб жавоб ололмагач, Ҳузайфа ибн Яъмонга: «Нега гапимни эшитиб туриб жавоб бермаяпсан?» дедилар. Ҳузайфа: «Эй Расулуллоҳ, совуқ жонимдан ўтиб, гапиришга чоғим келмаяпти», дея жавоб қайтарди. «Пайғамбарнинг эҳтиёжи учун аҳволни билиб келгин», дедилар сарвари олам. Ҳузайфа Расулуллоҳнинг эҳтиёжи учун жонини таҳликага қўйиб, душман шошилинч қайтмоқчи бўлаётганини аниқлаб келди.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ