Ҳудайбия ғазоти

1 ўн йил аввал 2122 siyrat.uz

 

Пайғамбар алайҳиссалом тушларида Масжидул Ҳаромга кириб, ҳаж ибодатларини бажо келтирганларини кўргач, мусулмонларга умра* қилажакларини айтдилар. Қурайшлар қаршилик кўрсатишдан хавфсираб, Мадина атрофидаги кўчманчи арабларни ҳамсафар бўлишга ундадилар, лекин улар Пайғамбар бошчилигидаги мусулмонларнинг уйларига соғ-саломат қайтиб келишларига кўзи етмай, бола-чақаси билан мол-ҳоли қаровсиз қолишини баҳона қилишди ва кечирим сўрашиб, сафарга чиқишдан бош тортишди. Расулуллоҳ муҳожир ва ансорлардан бир ярим минг одамни олиб йўлга тушдилар. Рафиқалари Умму Салама у кишига ҳамроҳ бўлди. Мадинада Расулуллоҳнинг ўринларига ибн Умму Мактум қолди.

Мусулмонлар биров билан урушгани кетмаётганликларини билдириб қўйиш учун қурбонликка сўйиладиган молларни олдинда ҳайдаб боришди. Саҳобаларда қинига солинган қиличдан бошқа қурол йўқ эди. Пайғамбар алайҳиссалом умрага қиличларини яланғочлаб боришни истамадилар. Мусулмонлар Усфонга етиб келишганда Маккага юборилган хабарчи қайтиб келди. У мушриклар мусулмонларни Маккага яқин йўлатмасликка қарор қилиб, урушга тайёрланишаётганини, Холид ибн Валид бошчилигидаги икки юз суворий зиёратчиларнинг йўлини тўсиш учун отланганини айтди.

Вазият кескинлашиб, беҳуда қон тўкилиши мумкинлигини сезган Пайғамбар алайҳиссалом: «Бизни ким бошқа йўлдан олиб боради?» деб сўрадилар. Мусулмонлар орасидан бир одам талабгор бўлиб чиқди-да, уларни нотекис, эгри-бугри йўллардан бошлаб, Макканинг этак томонидаги ялангликка олиб чиқди. Бундан хабар топган Холид ибн Валид дарҳол шаҳарга қайтиб, маккаликларга хабарни стказди. Мусулмонлар Мурор* тепалигига келганда Пайғамбар алайҳиссаломнинг туялари юрмай чўккалаб олди. «Туянинг бундай одати йўқ эди. Уни филни тўхтатган Парвардигор чўктирди. Худо ҳақи, маккаликлар Байтуллоҳни улуғлаш учун қандай шарт қўйишса, сўзсиз, қабул қиламан», дедилар.

Шу вазиятда жангга кирилса, мусулмонлар зафар қучиши аниқ эди. Лекин Аллоҳ таоло келажакда Байтуллоҳни бутун дунё мусулмонларини бирлаштириб, дўстлик, қариндошлик ришталарини мустаҳкамлайдиган зиёратгоҳга айлантиришни ирода қилиб қон тўкилишининг олдини олди ва муқаддас масканнинг ҳурматини ўрнига қўйди. Пайғамбар алайҳиссалом мусулмонларга Ҳудайбиянинг* олис бир четига жойлашишни буюрдилар. Улар ҳали нафас ростлаб улгурмай Маккадан вакил бўлиб келган Будайл ибн Варқо мусулмонлар нима мақсадда ташриф буюришгани билан қизиқди. Пайғамбар алайҳиссалом мақсадларини баён этдилар. Будайл изига қайтиб, бўлган гапни айтганида, у мусулмонлар билан иттифоқдош Хузоа қабиласидан бўлгани учун қурайшлар унинг сўзларига ишонишмади.

«Муҳаммад лашкарлари билан келиб умра қилармишми? Улар билан уруш ҳолатидамиз, араблар эшитишса, мусулмонлар Маккага бостириб киришибди, дейишмайдими? Токи кўзимиз очиқ экан, уларни бу даргоҳга яқин йўлатмаймиз», дейишди. Маккаликлар шунча мусулмоннинг ясов тортиб келишидан муддаоси нималигини уқиб келиш учун Қурайшнинг иттифоқдоши Аҳобиш қабиласининг оқсоқоли Хулайс ибн Алқамани жўнатишди. Пайғамбар алайҳиссалом Хулайсни кўриб: «Бу одам қурбонликка аталган молларни бўлакча эҳсон, деб биладиган қавмдан, туяларни унинг олдига ҳайдаб боринглар, кўрсин», дедилар. Туялар вакил турган жойга олиб борилди, одамлар Хулайсни Талбия* айтиб кутиб олишди. Мусулмонларнинг нияти беғаразлигини кўрган Хулайс: «Аллоҳ покдир, бу одамларнинг умра қилишига халал бериш инсофдан эмас, улар фақат умра ибодатини бажо келтиргани келишгани кўриниб турибди-ку. Лахам, Жузом, Ҳимир қабилалари Байтуллоҳни зиёрат қилганда нега энди Абдулмутталиб авлодининг йўлини тўсамиз? Илоё, Қурайш завол топсин!» деди.

Макка мушриклари Хулайснинг гапларини эшитиб, ғазабга келишди: «Овозингни ўчир, сен ҳийла-найрангни билмайдиган қишлоқисан», дея койишди ва Расулуллоҳнинг ҳузурига Тоиф қабиласининг оқсоқоли Урва ибн Масъудни жўнатишди. У Пайғамбар алайҳиссаломга учрашиб: «Эй Муҳаммад, сен тентираб юрган саёқ одамларни тўплаб қурайшлик ўз қариндош-уруғларингга ҳужум қилмоқчимисан? Қурайш халқи зўрвонлик билан Маккага бостириб киришингга йўл қўймасликка қасам ичди. Азбаройи Худо, атрофингга йиғиб юрган бу бетайин одамларинг пайти келганда сени, албатта, ташлаб кетишади», деди. «Ҳа, тилинг танглайингга ёпишгур, биз Пайғамбар алайҳиссаломни ташлаб кетамизми?» деди Абу Бакр ғазабланиб.

Урва Расулуллоҳнинг соқолидан тутамлайдиган важоҳатда қўлини пахса қилиб гап бошлаган эди, Муғира ибн Шуъба унинг қўлини силтаб ташлади. Урва ҳар қанча жоҳил бўлмасин, мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссалом таҳорат олган сувни талашишларини, у кишининг ҳузурида баланд овозда гаплашишмасликларини, ҳатто у кишининг юзига тикилиб қарамасликларини кўриб таъсирланди. У Маккага қайтгач, қурайшларга кўрган-билганларини рўй-рост айтди: «Мен Эрон подшоси Кисро, рум подшоси Қайсар, Ҳабашистон подшоси Нажоший ҳузурида бўлганман, лекин уларнинг биронтаси Муҳаммад эришган иззат-икромга, саҳобалари кўрсатган садоқатга эришолмаган. Муҳаммадга эргашганлар уни ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймаслигига амин бўлдим. Муҳаммаднинг талабига розилик бериш керак, тағин ўзингиз биласиз. Муҳаммад ҳақ, таклифини қабул қилинглар. Мен бутунлай сизлар томондаман, лекин Муҳаммаднинг устидан ғалаба қозонишингизга кўзим етмайди», деди.

Қурайш катталари: «Бемаъни гапларни гапирма. Муҳаммадни бу йил шаҳарга киритмаймиз, янаги йил келсин», дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом эса ўз навбатида қурайшларга муддаоларини англатиш учун Усмон ибн Аффонни элчи қилиб юбордилар. Қариндош-уруғини кўриб келишга рухсат олган ўн киши унга ҳамроҳ бўлди. Расулуллоҳ Маккада қолган мусулмонларга ғалаба яқинлиги, Аллоҳ таоло Ислом динини ғолибу музаффар этажаги ҳақидаги хушхабарни етказишни тайинладилар. Усмон Маккага Иббон ибн Сайид Умавийнинг ҳимояси остида кириб, мушрикларга Пайғамбар алайҳиссаломнинг гапларини етказди. Мушриклар: «Муҳаммаднинг Маккага зўрлик билан бостириб киришига йўл қўймаймиз», дейишди ва Усмонга Байтуллоҳни тавоф қилишга рухсат беришди. Усмон: «Пайғамбар алайҳиссаломга тақиқланган иш менга ҳам раво эмас», деб унамади. Гапи ерда қолганидан аччиғланган мушриклар уни қамаб қўйишди. Бу хабар мусулмонларга бошқача тус олиб, Усмон ўлдирилибди, деган тарзда етиб келди. Расулуллоҳ қаттиқ қайғуриб, Усмоннинг ўчини олмагунча қайтмасликка аҳд қилдилар.

__________________

*Умра — Каиъбани Қурбон ҳайитидан бошқа вақтда тавоф қилиш.

*Сониятулмурор — Макка яқинидаги жой ва қудуқнинг номи.

*Ҳудайбия — Макка яқинидаги қудуқ ва шу ном билан аталадиган жой.

*Талбия — Ҳаж қилганда ўқиладиган дуо.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ