Ҳудайбия сулҳи

3 йил аввал 2042 siyrat.uz

 

Бундай усул билан мусулмонларга бас келолмаслигига кўзи етган мушриклар Суҳайл ибн Амрни сулҳ тузиш учун юборишди. У мусулмонлар қароргоҳига келиб, Расулуллоҳга учрагач: «Эй Муҳаммад, юз берган воқеалар бизнинг доно кишиларимиз кўрсатмаси бўйича эмас, нодонларнинг ҳовлиқмалиги туфайли содир бўлди. Қўлга тушган асирларни қўйиб юборинглар», деди. «Олдин сизлар бизнинг одамларимизни озод қилинглар, кейин биз ҳам асирларни қўйиб юборамиз», дедилар Пайғамбар алайҳиссалом. Мушриклар Усмон ибн Аффон бошчилигидаги ўн кишини мусулмонлар ҳам жангу жадалда қўлга тушганларни озод қилишди, Шундан кейингина Суҳайл Қурайш халқи мусулмонлар билан тузмоқчи бўлган сулҳнинг қуйидаги шартларини маълум қилди:

1. Икки томон ўн йилгача бир-бири билан уруш қилмаслик.

2. Қурайшлардан қочиб борганларни мусулмонлар қайтариб бериши, мусулмонлардан мушриклар томонга ўтганларни эса қайтармаслик.

3. Пайғамбар алайҳиссалом бу йил Байтуллоҳни тавоф қилмай қайтиб кетиши, келгуси йили Қурайш халқи Маккадан чиқиб кетганда саҳобалар билан қинга солинган қилич ва камондан бошқа қурол-яроқ олмай муқаддас масканни уч кун зиёрат қилиши.

4. Араб қабилаларига мусулмонлар ёки қурайшлардан паноҳ тилаш ихтиёрини бериш.

Пайғамбар алайҳиссалом сулҳнинг барча талабларига рози бўлдилар. Расулуллоҳнинг келишувчанлик қилганларидан ажабланган саҳобалар: «Нега энди мусулмон бўлиб биз томонга ўтганларни қайтариб берамиз-у, диндан қайтган муртадларни улардан қайтиб олмаймиз?» дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Муртад бўлиб улар томонга қочиб ўтганларни Аллоҳ биздан йироқлаштирсин. Улардан биз томонга ўтганларни қайтариб берсак, Парвардигор уларнинг мушкулини осонлаштириб, нажот йўлини кўрсатади», дедилар. Сулҳнинг 3-банди мусулмонларга жуда оғир ботди, чунки Расулуллоҳнинг тушларида Байтуллоҳни эмин-эркин зиёрат қилиб қайтганлари аён бўлган эди. Расулуллоҳнинг айтганлари амалга ошмаслиги мумкинлигидан ҳайратга тушган Умар Абу Бакрдан бунинг сабабини сўради. «Расулуллоҳ Каъбани, албатта, бу йил тавоф қиламиз, деганмидилар?» деди.

Шундан кейин сулҳнома расмийлаштирилди. Уни Али ибн Абу Толиб ёзди. Расулуллоҳ айтиб турдилар. Расулуллоҳ сулҳномани Бисмиллаҳир роҳманир роҳим, деб бошлаган эди, Суҳайл: «Бисмикаллоҳҳумма (Эй Аллоҳ, сенинг номинг билан бошлайман), деб ёз», дея талаб қилди. Пайғамбар алайҳиссалом ўшандай ёз деб буюрдилар. Кейин: «Аллоҳнинг элчиси шунга сулҳ қиладики», деган эдилар, Суҳайл: «Сенинг Аллоҳнинг элчиси эканлигингни билганимизда сенга қарши чиқмас эдик, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, деб ёз, деди. Пайғамбар алайҳиссалом яна Суҳайлнинг айтганидек ёзишни буюрдилар, бироқ Али ёзганларини ўчиришга унамади. Шунда Расулуллоҳнинг ўзлари хатни ўчириб тузатиш киритдилар.

Сулҳнома икки нусха ёзилиб, бири мушрикларга топширилди, иккинчиси мусулмонларнинг ўзларида қолди. Кутилмаганда сулҳнома ёзилаётган жойга оёғига кишан солинган Абу Жандал ибн Суҳайл чигирткадек ирғишлаб кириб келди. У мусулмон бўлиб Мадинага ҳижрат қилишни ихтиёр этгани учун отаси қамаб қўйган экан. Расулуллоҳ мусулмонлардан паноҳ истаб келган Абу Жандални юпатиб: «Мендан хафа бўлмай қисматингга сабр қил. Аллоҳ таоло сени, сенга ўхшаш мусулмонларни ўз паноҳида асраб, нажот йўлини кўрсатади. Биз қурайшлар билан сулҳ тузиб, аҳду паймон қилишдик, уни бузишимиз мумкин эмас», дедилар. Сулҳ тузилгач, Пайғамбар алайҳиссалом Хузоа қабиласини, қурайшлар эса бани Бакр қабиласини ўз ҳимояларига олишди.

Сулҳ тузилиб бўлингач, Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларга сочларини олдириб, қурбонлик қилиб, эҳромдан чиқишни буюрдилар. Мотамсаро кайфиятдаги мусулмонлар Расулуллоҳнинг амрини бажо келтиришга унчалик ошиқмадилар. Бундан ранжиган Пайғамбар алайҳиссалом рафиқалари Умму Саламанинг ҳузурига кириб, саҳобалар гапларини ерда қолдиришаётганини айтдилар. Умму Салама: «Шартлари жуда ҳам оғир сулҳга розилик бердингиз, Маккага кирмай, Байтуллоҳни тавоф қилмай қайтиш мусулмонлар учун катта мусибат, уларни тўғри тушуниб, афв этинг. Яхшиси, олдин ўзингиз эҳромдан чиқинг», деди.

Пайғамбар алайҳиссалом қурбонлик қилиб, сочларини олдирдилар. Саҳобалар ҳам у кишининг амрига итоат этдилар. Шундан кейингина мусулмонлар Мадинага қайтишди. Икки рақиб томон бир-биридан амин бўлдилар. Орадан кўп ўтмай Уқба ибн Абу Муайтнинг қизи, Усмоннинг она бир ҳамшираси Умму Кулсум Мадинага қочиб келди. Мушриклар уни қайтариб беришни талаб қилишганда Умму Кулсум: «Эй Расулуллоҳ, мен аёл кишиман, агар уларга қайтариб берсангиз, мени диндан чиқаришади», деди.

Шу аснода бу масалани ойдинлаштирадиган Мумтаҳина сурасининг 10-ояти нозил бўлди: «Эй мўминлар, агар мўмина аёллар ҳижрат қилиб келишса, уларни синаб кўринглар. Уларнинг иймони Аллоҳга яхши аёндур. Агар уларнинг мўминалигини билсангиз, кофирларга қайтариб бермангиз. Улар кофирларга ҳалол эмас, кофирлар ҳам уларга ҳалол эмас. Кофир эрлари уларга берган маҳрларини қайтариб беринглар. Эрларига маҳрларини қайтариб бергач, уларни никоҳингизга олсангиз, гуноҳкор бўлмайсиз. Кофир аёлларни амрингизда сақламанг, уларга берган маҳрларингизни талаб қилинг, кофирлар ҳам (ҳижрат қилиб келган аҳлларидан) маҳрларини талаб қилсин. Аллоҳнинг ҳукми ана шундай. Аллоҳ одиллик билан ҳукм чиқаради. Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчи, ҳикмат билан иш қилгувчидир. Муслима аёллар бошқа юртларни кўришга иштиёқмандлигидан ёки мусулмон эрга турмушга чиқиш истаги борлиги учун эмас, балки Аллоҳнинг розилигини истаб, Пайғамбарни дўст тутгани учун ҳижрат қилган бўлса, мушрикларга қайтарилмай, унинг эрига маҳригина бериларди ,холос. Шундан кейин бирон мусулмон уни бемалол никоҳига олиши мумкин. Мазкур оятдан мусулмон бўлмаган аёлга уйланиш ҳаромлиги ва унга берилган маҳрни қайтиб олиб, ўзини оиласига жўнатиб юбориш кераклиги ойдинлашади.

Абу Басир Утба ибн Усайд Сақафий мусулмон бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёнларига қочиб келди. Қурайшлар орқасидан икки кишини жўнатиб, уни талаб қилишди, Расулуллоҳ Абу Басирга қайтиб кетишни буюрдилар. «Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ мени кофирлардан қутқарса-ю, сен диндан чиқарадиганларга қайтариб бермоқчимисан? деди Абу Басир ранжиб. «Аллоҳ сен билан уруғ-аймоғингга нажот йўлини кўрсатади», дедилар Расулуллоҳ. Абу Басир ноилож қурайшларнинг олдига тушиб Маккага йўл олди. Зулҳулайфа деган жойга етганда Абу Басир соқчилардан бирини ўлдирди, иккинчиси эса қочиб кетди. Абу Басир яна Мадинага қайтди-да: «Эй Расуллуллоҳ, айтганингиз бўлди, мен душман таъқибидан қутулдим», деди. «Энди истаган жойга кетаверишинг мумкин, Мадинада турма», дедилар Расулуллоҳ. Абу Басир Қурайшнинг карвони Шомга ўтадиган йўл устида макон тутиб ётди.

Маккадан қочиб келган мусулмонлар унинг ёнига жам бўлаверди, саҳройи араблардан ҳам бир гуруҳи уларга қўшилди. Абу Жандал ибн Суҳайл ҳам келиб қўшилди. Кейин Қурайшнинг савдо карвони ўтадиган йўлни тўсиб олишди. Бундан қаттиқ ташвишга тушган мушриклар сулҳноманинг иккинчи бандини бекор қилиб, қочиб борган мусулмонларга ўз ёнидан жой беришни Расулуллоҳдан ўтинишди. Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг бу таклифига розилик бердилар, шу билан Ҳудайбияда Абу Жандал мушрикларга қайтарилганда мусулмонлар бошига тушган ташвиш ариди. Бу воқеа саҳобаларга сабоқ бўлди, улар Пайғамбар алайҳиссалом бошқаларга нисбатан узоқни кўриб, кўпчиликнинг фақатгина ҳозирги эмас, балки келгусидаги ғамини еб иш тутажакларига ишонч ҳосил қилишди.

Мусулмонлар билан кофирларнинг бир-бирларига аралашиб юриши натижасида Ислом динининг таъсир доираси кенгайди. Ҳатто ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ: «Ислом тарихида Ҳудайбия ғалабасидан кўра каттароқ ғалаба бўлган эмас», деган эдилар. Муҳаммад алайҳиссалом билан Парвардигори олам ўртасидаги алоқалардан бехабар одамлар шошма-шошарлик қилишади, Аллоҳ таоло эса шошилмай, ҳар бир ишни тадбир билан ўз хоҳиш-иродасига биноан амалга оширади. Пайғамбар алайҳиссалом Ҳудайбиядан қайтаётганларида Фатҳ сураси нозил бўлди. Бу сура: «Биз сенга равшан бир ғалабани ато этдик», деган бир оят билан бошланади. Ҳудайбия ғазоти равшан ғалаба деб аталиши Абу Бакр Сиддиқнинг фикрини тасдиқлайди.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ