Умранинг қазоси

3 йил аввал 1980 siyrat.uz

 

Худайбия шартномасига  бир йил тўлгач Пайғамбар алайҳиссалом ўз ўрниларига Абу Зарр Ғифорийни тайинлаб, ўтган йилги умранинг қазосини адо этиш учун саҳобаларни олиб Маккага отландилар. Қурбонлик учун олтмиш туя олдилар ҳамда қурайшларнинг хиёнат қилиши мумкинлигини ўйлаб, эҳтиёт шарт қуролланиб йўлга чиқишни буюрдилар. Башир ибн Саъд бошчилигидаги юз сипоҳий Мадина масжидидан эҳром боғлаб улар билан сафарга отланди. Зул Ҳулайфа деган ерга етганда силоҳийлар олдинга ўтказиб юборилди. Баъзи саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, сулҳда қурол тақмаслик шарт қилинган эди, биз қуролланиб кетяпмиз-ку», дейишди. «Масжидул ҳаромга қурол билан кирмаймиз, — дедилар Расулуллоҳ. — Қуролларимизни яқин жойда қолдирамиз, мабодо маккаликлар ҳужум қилиб қолишса, ишлатамиз».

Мусулмонлар Марру Заҳрон деган ерга борганларида Қурайш қабиласининг бир неча вакили уларнинг жанговор ҳолатда келаётганидан ўтакаси ёрилгудек бўлиб, дарров Маккага хабар етказишди. Қурайшларнинг бир гуруҳ ёшлари келиб: «Эй Муҳаммад, Худо ҳақи, сен болалигингданоқ хиёнат нималигини билмасдинг. Биз ҳеч нарса қилмай туриб нега бундай алфозда келдинг?» дейишди. «Биз Масжидул ҳаромга қурол билан кирмаймиз», дедилар Расулуллоҳ. Мусулмонлар етиб келишгач, маккаликлар уларнинг Байтуллоҳни қандай тавоф қилишларини кўрмаслик учун шаҳардан чиқиб кетишди. Пайғамбар алайҳиссалом бошчилигидаги мусулмонлар қурол-яроғини таққан ҳолда Кадаъ тепалиги орқали Маккага кириб боришди. Абдуллоҳ ибн Равоҳа Расулуллоҳнинг олдига тушиб: «Ёлғиз Аллоҳдан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқдир. Аллоҳ ваъдасида туриб ўз Пайғамбарига ёрдам берди, аҳли Исломни ғолиб ва музаффар қилди, мушрикларни мағлуб этди», деб борарди.

Пайғамбар алайҳиссалом Каъбани туядан тушмай тавоф қилдилар, қўлларидаги учи эгри таёқ билан Ҳажарул-асвадни истилом этдилар (ушладилар). Мушрикларга ўзларини бардам-бақувват кўрсатиш учун саҳобаларга Каъбани зудлик билан уч марта тавоф қилишни буюрдилар. Мушриклар Мадинанинг оғир ҳавоси адойи тамом қилган мусулмонларнинг Каъбани қандай зиёрат қилишларини бир кўрайлик, дейишган эди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Мушрикларга ўзини кучли кўрсатган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», дедилар. У Зоти муборак ҳам ўзларини ўктам кўрсатиш учун ридоларининг бир енгини киймаган эдилар. Саҳобалар ҳам у кишига тақлидан иш тутишди. Расулуллоҳнинг тушларида аён бўлгандек мусулмонлар Байтуллоҳни бемалол тавоф қилишди.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ