Қўшин юбориш

1 ўн йил аввал 2001 siyrat.uz

 

Шу йилнинг жумодул охир ойида Ҳузоа қабиласининг одамлари Мадинага ҳужум қилиш учун Водил Қуронинг орқа томонига тўпланаётгани ҳақидаги хабар Пайғамбар алайҳиссаломга етиб келди. Расулуллоҳ уларга қарши Амр ибн Осс бошчилигида уч юз муҳожирни юбордилар. Бу қўшинга мадад бериш учун кетма-кет Убайда ибн Жарроҳ бошчилигида икки юз кишилик қўшин жўнатдилар. Уларнинг орасида Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб ҳам бор эди. Олдин кетган қўшин душман тупроғига қадам қўйиб улгурмай орқадагилар етиб келишди.

Жангчилардан баъзи бирлари гулхан ёқмоқчи бўлганида Амр ибн Осс рухсат бермади. Умар ибн Хаттоб шу заҳоти лашкарбошига эътироз билдирди. Абу Бакр ўртага тушиб: «Сен билан мендан кўра Амр ибн Осс жанг қоидасини яхшироқ билгани учун Расулуллоҳ уни бизга бош қилиб юборди. Ўчакишиб, унинг ишига халал берма», деди. Умар ибн Хаттоб унинг гапига кўниб, лашкарбошининг амрига итоат этди. Мусулмонлар қўшини сездирмай бориб, душманга тўсатдан ҳужум қилди; қисқа муддатли жангдан кейиноқ ғаним сафи тўзиб кетди. Мусулмонлар бетартиб қочаётган душманнинг орқасидан қувламоқчи бўлган эди. Амр ибн Осс рухсат бермади. Ғаниматларни йиғиб, Мадинага қайтишни буюрди. Йўлда келаётганларида лашкарбоши жунуб бўлиб қолди. Кечаси қаттиқ совуқ турган, ювинишнинг иложи йўқ эди. У Аллоҳнинг Бақара сурасидаги 195-оятда: «Ўзингларни ўзинглар ҳалок этманглар», деган насиҳатига амал қилиб, заҳрли кунда ювиниб, шамоллаб қолишдан ўзини асраш учун таяммум билан кифояланди. Шу ҳолича қўшинга имом бўлиб намоз ўқийверди.

Улар Мадинага етиб келганларида Расулуллоҳ одатларича сафарда нималар бўлганини сўраб-суриштирдилар. Саҳобалар Амр ибн Оссдан норози бўлиб, изғиринли кечаларда гулхан ёқтирмаганидан, қочаётган душманнинг орқасидан қувишга йўл қўймаганидан, жунуб ҳолатида намоз ўқиганидан шикоят қилишди. Пайғамбар алайҳиссалом Амр ибн Оссдан нега бундай қилганини сўрадилар. «Душман сонимиз озлигини билиб қолмасин деб ўт ёқишга рухсат бермадим, йўлда ғанимнинг пистирмаси бўлиши мумкинлигидан хавфсираб қочаётганларнинг орқасидан қувишни тақиқладим, Аллоҳнинг Қуръондаги: «Ўзингларни ўзинглар ҳалок этманглар», деган оятига биноан ғуслдан ўзимни тийдим, ювинсам, совуқда шамоллаб ўлишим мумкин эди. Шу сабабли таяммум қилиб намоз ўқийвердим», деди лашкарбоши. Пайғамбар мийиғида кулимсираб, Амр ибн Оссни ақл билан иш тутгани учун мақтадилар.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ