ҲИРО FОРИДА

4 йил аввал 1529 siyrat.uz

Ўша пайтда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак умрларидан қирқинчи йилини ўтказар эдилар. Дунё жар ёқасига келиб қолган эди. Турли разолатлар ботқоғига ботган инсоният ўзини ўзи ўлдиришга уринмоқда эди. Бутун атрофни жоҳилият зулмати қоплаган эди. Қаёққа қарасанг, ҳаром-хариш, зулм-истибдод, ёлғон-туҳмат, душманлик ва жаҳолат ҳукм сурар эди. Ўша пайтда бутун дунё жоҳилий ҳаёт кечирар эди. Инсоният бошдан-оёқ жаҳолат ботқоғига ботган эди. Кишиларнинг барчаси ҳозиргига ўхшаб бўлган-бўлмаган, бузуқ ва аслсиз ақийдаларга эътиқод қилар эди. Уларнинг оилавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаётларида жабр-ситам, зулму ноҳақлик ҳукм сурар эди. Қўйингки, инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида разолат, ҳақсизлик, жаҳолат ҳукмрон эди. Инсоният жоҳилиятнинг қуюқ зулматида, қаттиқ ғафлат уйқусида ётар эди. Ана шундоқ қуюқ зулмат, моғор босган қалблар ухлаган бир пайтда фақатгина бир инсоннинг моғор босмаган пок қалби уйғоқ эди. Ўша ягона уйғоқ қалб мавжуд вазиятдан норози бўлиб, мазкур қоронғуликдан нурга чиқиш йўлини ахтарар эди. Мазкур муборак қалб, Макка номли шаҳарда Абдуллоҳ исмли отадан, Омина исмли онадан туғилган, Аллоҳнинг инояти билан жоҳилиятнинг барча чиркинликларидан сақланиб қолган Муҳаммад исмли муборак инсоннинг қалби эди. Мазкур ягона пок қалб эгаси жоҳилият зулматидаги ноҳақлик, фисқу фужур ва бошқа номаъ¬қулчиликлардан четланиб, Макка шаҳри четидаги тоғдаги «Ҳиро» номли ғорга кириб ўтирар ва инсоният қандоқ қилиб жоҳилият зулматидан нурга чиқиши мумкин, деб фикр юритар эдилар. У Зот шу тариқа бўлажак улкан ҳодисаларга ўзлари билмаган ҳолда тайёрланар эдилар. Айни ўша пайтда инсониятни Ўз қўли билан яратиб, уни гўдаклигидан турли саркашликларига, инжиқликларига ва хатою адашишларига қарамай пайғамбарлар юбориб, китоблар нозил қилиб тарбиялаб олиб келаётган Аллоҳ таоло, инсониятнинг навбатдаги ва энг катта адашувидан кейин унга энг охирги Пайғамбарни юборишни, энг сўнгги китобини нозил қилишни ва энг сўнгги, мукаммал ва доимий шариатини жорий қилишни ирода қилган пайт келган эди. Ҳа, пайғамбарлик келишидан уч йил аввал Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда Маккаи Мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида бир йилда бир ой (Рамазон ойида) «таҳаннус» ибодати, яъни ғорда ўтириб руҳий покланиш одати пайдо бўлган эди. У Зот ўша ерга келган мискинларга таом берардилар. Вақтни кўпроқ ибодатда ўтказиб, борлиқ ва ундаги ажойиботлар ҳақида тафаккур қилардилар. Қавмлари эътиқод қилаётган диёнатдан кўнгиллари тўлмасди. У киши очиқ-ойдин ҳаётий йўлни излардилар. Бундоқ танҳоликни хоҳлаб қолишлари ҳам келажак ишларни ўйлаб қилинган Аллоҳнинг тадбири бўлиб, бу Зотни келажакда улкан ишлар кутарди. Ва, ниҳоят, кутилган ўшал улуғ иш содир бўлди. Кунлардан бирида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ғори Ҳиронинг оғзига чиқишлари билан: «Иқроъ!» (Ўқи!) деган гулдурос овозни эшитдилар. Ана ўша овоз жоҳилият зулматини парчалаш учун Аллоҳ таоло томонидан туширилган сўнмас ёғдунинг биринчи шуъласи — Қуръони каримнинг биринчи ояти эди. Бу шуъла дунёдаги ягона пок қалбни ёритди. Ўшанда Рамазон ойининг охири бўлиб қолган эди. Баъзи уламоларнинг таъкидлашларича, Қадр кечаси эди. Ана шу тариқа Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўла бошлади . Аввал ўтган барча пайғамбарларга Аллоҳ таолодан ваҳий келтирган, ваҳийнинг амини, Парвардигори оламнинг пайғамбарлар билан воситачиси бўлган фаришта Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳнинг охирги нозил этаётган ваҳийлар туркумини олиб келишни бошлаган эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ