Тамим элчилари

7 йил аввал 1003 siyrat.uz

 

Орадан бир неча кун ўтгач, асирларни озод этиш учун бани Тамим қабиласининг оқсоқолларидан иборат элчилар ҳайъати Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига юкиниб келди. Уларнинг орасида Уторид ибн Ҳожид, Забирқон ибн Бадр ва Амр ибн Аҳтамлар бор эди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадеганда чиқавермаганларидан кейин элчилар у кишининг уйларига бориб баланд овозда: «Эй Муҳаммад, бу ёққа чиқ! Биз сен билан басма-бас мақтанишгани келдик. Биз мақтаган кишимизни осмонга олиб чиқиб қўямиз, ҳажв қилган одамни ерга киргизиб юборамиз», дея бақиришди. Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг бақириқ-чақириқларидан оғриниб истар-истамас чиқдилар. Қуръони Каримдаги Ҳужурот сурасининг 4 − 5- оятлари мана шу бефаросат, бақироқ одамлар ҳақида нозил бўлгандир: «Уйингнинг орқасидан сени чақирганларнинг кўпчилиги ақлсиз одамлардир. Агар улар сен чиққунча сабр қилишса, ўзлари учун яхши бўларди, албатта. Аллоҳ мағфират қилгувчи, ниҳоятда меҳрибондир».

Айни шу пайтда пешин намозининг вақти етиб, ҳазрати Билол азон айтди. Пайғамбар алайҳиссалом масжидга йўл олдилар, бироқ элчилар у кишининг йўлларини тўсиб: «Биз бани Тамим қабиласиданмиз. Шоиру нотиқларимизни олиб келдик. Сен билан шеър айтишмоқчимиз, басма-басига мақтанишмоқчимиз», дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Мен Аллоҳ томонидан шеър айтишга юборилмаганман, мақтанишга буюрилмаганман», дея намозларини ўқийвердилар. Элчилар у кишининг атрофини ўраб олиб, ўзларининг ҳамда ота-боболарининг шон-шавкати билан мақтана бошлашди. Амр ибн Аҳтам Забирқон ибн Бадрни мақтаб: «Давраларда унинг гапи ўтади, у ўз қабиласининг хўжаси», деди. Ўз навбатида Забирқон ўрнидан туриб: «Эй Расулуллоҳ, Амр менинг шон-шавкатимни кўролмай, юқорида айтилганлардан устун турадиган бошқа фазилатларимни била туриб, тилга олмади», деди. Амр шу заҳоти: «Забирқон одамгарчилиги йўқ, тошдан ҳам қаттиқ, зоти паст одам», деди. Амрнинг бирпаснинг ўзида икки хил гапирганидан Пайғабар алайҳиссалом ғазабландилар. Расулуллоҳнинг ғазабланганларини кўрган Амр: «Эй Расулуллоҳ, аввалги гапларим рост, лекин кейинги айтганларим ҳам ёлғон эмас. Мен олдинига ундан рози бўлиб билганларимнинг энг яхшисини айтдим, кейин ундан ранжиб, билганларимнинг энг ёмонини айтдим», деди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Баён қилишда бир сеҳр бор», дедилар. Шундан кейин элчилар иймон келтиришди. Пайғамбар алайҳиссалом уларга асирларни қайтариб бердилар ҳамда талай совға-салом улашдилар. Тамимликлар Мадинада анча вақт туриб Қуръон ва диний аҳкомларни ўрганишди.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ