НАБИЙ ВА РАСУЛ ОРАСИДАГИ НОЗИК ФАРҚ

3 йил аввал 4407 siyrat.uz

Ҳозирда араб тилидан бошқа тилларда арабий «нубувват» ва «рисолат» сўзларининг ўрнига бир сўз «пайғамбарлик» сўзи ишлатиладиган бўлиб қолган. «Набий»ни ҳам «Пайғамбар» дейилаверади, «Расул»ни ҳам «Пайғамбар» дейилаверади. Эҳтимол, бу икки маъно бир-бирига ўта яқин бўлганидан шундоқ бўлгандир. Аслида Аллоҳ таоло Қуръони Каримга ихтиёр қилган араб тилидаги бу икки сўзнинг ўзига хос дақиқ маънолари бор. «Нубувват» луғатда «наба» — «муҳим хабар бериш» ва «нубу» — «юқорилаш» маъноларини билдиради. Нубувват Аллоҳ таолодан бўлган хабарнинг ваҳий йўли ила У Зот Ўзи бандалари ичидан танлаб олган шахсга етишидир. Бинобарин, Набий Аллоҳдан муҳим хабар олган ва мартабаси юқори шахс бўлади. «Рисолат» эса луғатда бир нарсани лутф ила юборишга ишлатилади. Арабларда бировга юборилган мактубни ҳам «рисола» дейилади. Биров томонидан юборилган элчига ҳам «расул» дейилади. Шундан келиб чиқиб, Аллоҳ таоло юборган муайян диний таълимотлар тўплами «рисолат» дейилади. Уни одамларга ўргатиш амр қилинган элчисини «Расул» дейилади. Юқорида зикр этилган маънолардан «Набий» ва «Расул» орасида фарқ борлиги келиб чиқади. Бу фарқни уламоларимиз ўта дақиқ жойларигача ажратиб берганлар. Жумладан, «Шарҳи талхийси ақоиди таҳовия» номли китобда қуйидагиларни ўқиймиз.   Набий ва Расул орасидаги фарқ : Набий ва Расул орасидаги фарқ ҳақида бир неча фикрлар зикр қилинган:
  1. Аллоҳ кимга осмондан хабар берса-ю, ўша хабарни бошқаларга етказишни амр қилса, ўша одам Набий ва Расулдир. Аммо бошқаларга етказишни амр қилмаса, у Набийдир, Расул эмас.
Хулоса шуки, Расул ўзига келган пайғамбарликни ўзгаларга етказишга амр қилинган. Набий эса бунга амр қилинмаган.
  1. Расул умумий бўлиб, фаришталардан ҳам, башардан ҳам бўлаверади. Аллоҳ таоло Қуръонда:
«Албатта, у ҳурматли Расулнинг гапидир»  (Таквир сураси, 19-оят) деганда, Жаброил алайҳиссаломни ирода қилган. «Расулларимиз уларни вафот эттирди», (Аъроф сураси, 37-оят) деганда ҳам, фаришталарни ирода қилган.
  1. Расул янги шариат билан келади. Набий янги шариат билан келмайди. Балки олдинги шариатга амал қилади ва ўзгаларни ҳам унга амал қилишга чақиради.
Ушбу мавзуда яна бир қўшимча маълумот ва мулоҳазани зикр қилиб ўтишга тўғри келади. Қуръони Каримда «Расул» ва «Набий» сўзлари кўп келади. Жумладан, бу икки сўз пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ҳам ишлатилади. Аммо бу сўзларнинг ишлатилишида нозик маънолар борлиги мулоҳаза қилинади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан «Набий» сўзи ўттиз мартача ишлатилган бўлса, асосан, ўзаро инсоний алоқалар, никоҳ, мерос ва ўлжа бўлиш каби масалаларда ишлатилган. Бинобарин, бу икки сўзни таржима қилишда ҳам шунга эътибор бермоғимиз лозим бўлади. Иложи бўлса, «Расул»ни Пайғамбар деб таржима қилсак ҳам «Набий»ни таржима қилмай ўз ўрнида қолдирганимиз маъқул бўлади. Икки маънони қўшиб баён қилишда эса «Пайғамбар» лафзи ишлатилса бўлаверади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида

Абдулазиз Мансурхўжа тайёрлади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ