Масжидул Зирор

3 йил аввал 4397 siyrat.uz

Масжидул Зирор қиссаси Табук ғазотига боғлиқ ҳодисалар ичида энг машҳурларидан биридир. Имодуддин ибн Касийр роҳимаҳуллоҳ тафсирларида мазкур масжид ва унга боғлиқ бўлган келаси оятларнинг нозил бўлиши ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келишларидан олдин у жойда Хазраж қабиласидан Абу Омир Роҳиб исмли бир одам бор эди. У жоҳилият пайтида насронийликни қабул қилган, аҳли китобларнинг илмини ҳам ўрганган эди. Жоҳилият вақтида ўзича ибодат қилиб ҳам юрарди. У Хазраж қабиласида катта обрўга эга эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келиб, мусулмонлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида тўпланиб, Исломнинг шаъни кўтарилиб, Аллоҳ уларни Бадр уруши куни зафар қучдирганида лаънати Абу Омир Роҳиб очиқдан-очиқ душманлик қила бошлади. Қочиб чиқиб, Макка кофирлари олдига борди. Қурайш мушрикларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши урушга чорлади. Улар ўзларига қўшилган араб қабилалари билан Уҳуд урушига келдилар. Мусулмонларга нима бўлса бўлди. Аллоҳ уларни имтиҳон қилди. Оқибат тақводорларники бўлиб чиқди. Мазкур фосиқ ўша урушда икки томон орасига чуқурлар қазиб қўйган эди. Ўша чуқурларнинг бирига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиқилиб тушдилар. У кишига мусибат етди. Юзлари жароҳатланди, тишлари синди, бошлари ёрилди. Уруш бошланишидан олдин Абу Омир ансорийлар орасидаги қавмига хитоб қилиб, уларни ёрдам беришга, унинг гапига киришга чақирди. Улар эса унинг гапини эшитиб: «Аллоҳ сени кўзимизга кўрсатмасин! Эй фосиқ, эй Аллоҳнинг душмани», деб уни сўкдилар. У: «Мендан кейин қавмимга ёмонлик етибди», деб орқасига қайтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Омирни қочиб кетишидан олдин Аллоҳнинг йўлига даъват қилиб, унга Қуръон ўқиб берган эдилар. У эса бош эгмай, Исломни қабул қилмай, кетган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни узоқ жойларда қувғинда бўлишини сўраб, дуо қилган эдилар. Дуо қуйидагича ижобат бўлди. Одамлар Уҳуд урушини тамом қилганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишлари ривож топиб кетаётганини кўрган Абу Омир Рум подшоси Ҳерақлнинг олдига қочиб бориб, ундан мусулмонларга қарши ёрдам сўради. Ҳерақл унга жой берди, ёрдам қилишга ваъда берди. Шунда Абу Омир ансорийлар ичидаги ўз қавмидан бўлган мунофиқларга хат ёзиб, аскар билан келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни енгишини айтди. Уларга турли ваъдалар берди. Ҳамда уларга марказ бўладиган бирорта жой қуришни буюрди, токи ундан хат олиб борадиганлар ўша жойда учрашсинлар. Кейинроқ ўзи келганда ҳам ўша маскан кузатиш жойи бўлсин. Бу хатдан кейин ҳалиги мунофиқлар Қубо масжиди яқинида бир масжид қура бошладилар. Уни яхшилаб битирдилар. Қурилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига чиқишларидан аввал битди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, ўзларининг масжидларида намоз ўқишларини сўрашди. Бу билан мунофиқлар у зотнинг қўллашларига ва иқрорларига эришмоқчи эдилар. Улар масжидни қиш кунларида заифҳол ва бемор кишилар намоз ўқиб турсинлар, деб қурганликларини айтдилар. Аммо Аллоҳнинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни унда намоз ўқишдан асради. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сафарга жўнаб турибман, агар қайтиб келсак, иншааллоҳ», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукдан қайтиб келаётганларида Мадинага бир кунлик ёки ундан озроқ масофа қолганда Жибрийл алайҳиссалом Масжидул Зирорнинг хабарини олиб тушди. Уни бино қилувчилар масжидларида мўминлар жамоаси орасига таҳлика солиш ниятида эканликларини билдирди. Қубо масжиди биринчи кундан бошлаб тақво асосида қурилганлигини хабар қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Мадинага киришларидан олдин у масжидни бузиб ташлашни топшириб, одамлар юбордилар». Мазкур мунофиқлар қурган масжиддан ҳеч қандай фойда йўқ эди. Чунки улар ўз масжидларини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи бўлиб тиклаган Қубо масжидининг ёнига қурган эдилар. Шунинг учун бу масжид Масжидул Зирор – Зиён масжиди деб номланди. Имом Ибн Касийр Масжидул Зирорнинг ҳоли воқеъликда нима бўлганлиги ҳақида ҳам бир неча ривоятлар келтирган: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ даврларида Зирор (зиён етказиш) учун қурилган масжиддан тутун чиқиб турганини кўрдим», дейдилар. Ибн Журайж эса: «Бизга зикр қилинишича, баъзи одамлар ўша жойдан чуқур қазишганда ҳам тутун чиққан экан», дейди. Халаф ибн Ясир ал-Куфий: «Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилган мунофиқларнинг масжидини кўрдим. Унинг тошидан ҳам тутун чиқиб турибди. У бугунги кунда ахлатхона экан», дейди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ