Мусулмон бўлишига сабаб бўлган набавий хулқ

3 йил аввал 2610 siyrat.uz

Ҳайсамий раҳматуллоҳи алайҳ «Мажмаъуз-заваид» ушбу ривоятни зикр қилганлар: Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Яҳудий руҳонийларидан бири Зайд ибн Саъна айтади: «Мен Расулуллоҳнинг юзига қараганимда пайғамбарлик белгиларининг иккитасидан бошқа ҳаммасини кўрдим. Бу иккисини синаб кўрмаган эдим: ҳалимлиги жаҳлига ғолиб келадими ва жаҳлнинг ошиши ҳалимлигини зиёда қиладими? Бир куни борсам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига туя минган бир киши келиб турган экан. У: «Ё Расулуллоҳ, менинг қавмим фалон қишлоқ аҳлидир. Улар Исломни қабул қилганлар. Мен уларга агар Исломни қабул қилсалар, ризқлари мўл-кўл бўлишини ваъда қилган эдим. Бугун уларга қийинчилик етиб қолди. Мен уларнинг Исломга тамаъ ортидан кирганлари туфайли бугун ундан юз ўгириб кетишларидан қўрқаяпман. Агар уларнинг муҳтожлигини кеткизадиган бирон пул-мол юбора олсангиз, шундай қилинг, Аллоҳ сизни чиройли мукофотласин», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам берадиган бирон нарсамиз борми, дегандек савол назари билан Али ибн Абу Толибга қарадилар. «Ҳеч нарсамиз қолмаган», деди Али. Зайд ибн Саъна айтади: «Шунда мен  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қараб: «Эй Муҳаммад, менга фалон боғнинг маълум миқдордаги хурмосини маълум муддатдан кейин бериш шарти билан сотасанми?», дедим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, эй яҳудий, маълум миқдордаги хурмони сотаман, лекин фалон боғники деб атамайсан», дедилар. Мен буни қабул қилдим. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саксон мисқол тилла бердим. Тилланинг ҳаммасини ҳалиги кишига бердилар ва: «Шу пул билан қавмингга ёрдам қил», дедилар. Тўлаш вақти келишидан икки-уч кун олдин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдимки, бир неча асҳоблари билан бирга ансорлардан бир кишининг жанозасини ўқиб, бир девор остига бориб ўтирдилар. Шунда мен у кишининг ёнларига бориб, чопонлари ёқасини тутиб, ғазабнок ҳолатда: «Ҳой Муҳаммад, ҳаққимни бермайсанми?! Қасамки, эй Бану Абдилмутталиб, сизлар қарзни ўта чўзиб юборадиган одам экансизлар», деб, қўпол сўзлар айтдим. Умар ибн Хаттобнинг бундан қаттиқ ғазаби келди. Ғазабдан кўзлари чаноқларидан чиққудек бўлиб: «Ҳой Аллоҳнинг душмани, сен Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай беодобона сўзлар айтасанми?! Аллоҳга қасамки, агар у Зотнинг ғазабларидан чўчимаганимда эди, қиличим билан бошингни танингдан жудо қилган бўлар эдим!», деди. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳуга ўгирилдилар, Зайд ибн Саъна у Зотнинг юзларига разм солиб, сўзларини кузатиб турар, мана шундай асабийлик ҳолатида нима деб жавоб беришларини эшитишни истарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умарга қараб, вазминлик билан: «Эй Умар, мен ҳам, у ҳам сиз томонингиздан бундан бошқа нарсага муҳтож эдик. Сиз мени (қарзни) яхши ўташга, уни эса (қарзини) чиройли сўрашга чақиришингиз керак эди. Эй Умар, уни олиб бориб, ҳаққини беринг ва унга (пўписа қилиб,) қўрқитганингиз учун йигирма соъ хурмо қўшиб беринг!», дедилар. Умар розияллоҳу анҳу йигирма соъ хурмо қўшиб берганида Зайд: «Эй Умар, бу ортиқчаси нима учун?», деб сўради. Умар розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга қилган ғазабим эвазига буни қўшиб беришимга буюрдилар», деди. Зайд: «Эй Умар, мени танийсанми?», деди. «Йўқ, сен кимсан?», дедилар Умар. «Зайд ибн Саънаман», деди. «Ҳабр (руҳоний)ми?». «Ҳабр (руҳоний)». «Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламга нега ундай муомала қилиб, у сўзларни айтдинг?». «Эй Умар, мен Расулуллоҳнинг юзига қараганимда пайғамбарлик белгиларининг иккитасидан бошқа ҳаммасини кўрдим. Бу иккисини синаб кўрмаган эдим: ҳалимлиги жаҳлига ғолиб келадими ва жаҳлнинг ошиши ҳалимлигини зиёда қиладими? Мен энди у иккисини синаб кўрдим. Эй Умар, сени гувоҳ қилиб айтаманки, Аллоҳни  Парвардигор, Исломни дин ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни  Пайғамбар, деб рози бўлдим. Яна сени гувоҳ қилиб айтаманки, бойлигимнинг ярми – мен қавмимнинг энг бой кишисиман –  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматига садақа бўлсин. Умар  розияллоҳу анҳу айтдилар: «Уларнинг баъзилари учун бўлақолсин. Чунки сен уларнинг ҳаммасига етказа олмайсан». Зайд: «Баъзиларига бўлақолсин», деди. Кейин Зайд Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келди ва: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу» (Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман), деди ва у Зотга иймон келтирди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга барча ғазотларда иштирок этди ва Табук ғазотида ортга чекинмаган ҳолда вафот этди.

Абдулазиз Мансурхўжа тайёрлади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ