Набий алайҳиссаломнинг саховатлари

1 ўн йил аввал 4816 siyrat.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли Зот эдилар. У кишининг саховати олдида бошқа саховатлар ип эша олмас эди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси, одамларнинг энг сахийси ва одамларнинг энг шижоатлиси эдилар». Муслим ривоят қилган. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса сўралганда, ҳеч қачон «йўқ» демаганлар». Икки Шайх ривоят қилишган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир ва дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир ва дўзахга яқиндир. Албатта, сахий жоҳил бахил обиддан кўра Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир»,  дедилар». Термизий, Байҳақий ва Тобароний ривоят қилишган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У Зотнинг энг сахий бўлганлари эса Рамазонда, Жаброил мулоқотларига келганда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон тамом бўлгунча ҳар кеча у Зотнинг мулоқотларига келар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни арз қилар (ўқиб берар) эдилар». Бошқа бир ривоятда: «Бас, у билан Қуръон ўқишар эди. Бас, қачон у Зотга Жаброил алайҳиссалом мулоқот қилса, эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар», дейилган. Икки Шайх ривоят қилишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ Хушҳолдир, хушҳолликни суядир, Озодадир, озодаликни суядир, Карамлидир, карамни суядир, Сахийдир, сахийликни суядир. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!» – дедилар». Термизий ривоят қилган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга сахийлар сахийсининг хабарини берайми? Сахийларнинг сахийси Аллоҳдир. Мен одам боласининг энг сахийсиман. Мендан кейин сиздан энг сахийингиз илм ўрганиб, илмини тарқатган одамдир. У қиёмат куни ёлғиз ўзи бир уммат бўлган ҳолида тирилтирилади. Ва жонини Аллоҳнинг йўлида сахийлик билан тутган кишидир»,  дедилар». Байҳақий ва Абу Яъло ривоят қилишган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ