БОР ҲАҚИҚАТ

8 йил аввал 2898 siyrat.uz

Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятларидаги улуғликнинг яна бир жиҳати шундаки, у Зотнинг сийратлари ва ҳаётлари ҳар бир китобхон ва тўғри йўлдан юришни истовчи киши учун очиқ китоб ҳисобланади. Пайғамбарлар ичида фақат у Зот ҳақида барча нарсаларни биламиз. Ҳатто ётоқхоналари ва эр-хотинлик турмушларида қандай ишлар бўлганидан хабардормиз. У Зот шахсий ва шахсий бўлмаган ишларидан бирор нарсани яширишга ҳаракат қилмаганлар. Айтингчи, нима учун шундай? Чунки у Зот пайғамбар ва расулларнинг охиргиси ҳисобланадилар. Мана шундай сифатга эга бўлган кишининг бирор иши махфий бўлмаслиги лозим. Ана шунда инсонлар у Зотга ҳар тарафлама мукаммал тарзда эргашишларига имкон туғилади. Бир яҳудий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотлари ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олганидан ҳайратга тушган эди. У бир мусулмонга: «Пайғамбарингиз сизларга ҳамма нарсани, ҳатто ҳожатхонада қандай ўтиришни ҳам ўргатган экан», деган пайтда ўша мусулмон киши: «Ҳа, у Зот ҳожатхонада қиблага юзланмай ва унга орқа қилмасдан ўтиришга буюрганлар», деб жавоб берган. Аллоҳ таоло пайғамбарликни ниҳоясига етказишни хоҳлади. Шунинг учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятларида барча пайғамбарларнинг мукаммал қирраларини жамлаб қўйди. У Зот ер юзидаги барча инсонларга энг олий намуна бўлишлари учун Аллоҳ таоло мана шундай қилди. Аллоҳ таоло бундай гўзал ва фазилатли ахлоқлар мукаммал тарзда тарқалиши учун у Зотнинг атрофларида омонатли саҳобаларни жамлаб қўйди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар ва муқим пайтлари, хавфсиз ва хавфли ҳолатлари, осон ва қийин вазиятлари, тинчлик ва уруш палласи, ибодат ва юриш туришлари, олди-сотти каби ишларни қилаётганларида у Зотдан эшитган гапларини қандай эшитган бўлсалар, шундай ривоят қилдилар. У Зот ухлашдан олдин қандай дуо ўқийдилар? Уйқудан турганларида қандай дуо қиладилар? Безовта бўлганларида, уйқусиз бўлганларида, қўрқув ҳолатида, ҳаммомга кириш ва чиқиш олдидан, уйга кириш ва чиқиш пайтида қайси дуони ўқийдилар? Бозорга киришда, ҳилолни кўрганда, ёмғир ёққанда, янги либос кийганда, мусибатга учраган кишиларни кўрганда, таҳорат олаётганда, таҳорат олиб бўлгандан сўнг, намозни бошлашдан олдин, намоз асносида, намоздан кейин, ҳатто киши турмуш ўртоғи билан бирга бўлишдан олдин қандай дуони ўқиши кераклигини ҳам ривоят қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: У Зот: «Сизлардан бир киши аҳли аёли билан бирга бўлса ва: «Ё Аллоҳ, шайтонни биздан узоқ қил! Бизга ризқ қилиб берган нарсангдан шайтонни узоқ қил!», деса ва улардан фарзанд туғилса, шайтон у болага ҳеч қачон тега олмайди», деб марҳамат қилдилар. Шу эътибордан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ва Масиҳ алайҳиссаломнинг асҳоблари ўртасидаги фарқ кўзга ташланади. Масиҳ алайҳиссаломнинг асҳоблари у Зотнинг таълимотлари йўқ бўлиб кетишига сабабчи бўлганлар. Ҳиггинс бу фикрга «Муҳаммад ва Қуръондан узр сўраш» деб номланган китобида шундай ишора қилиб ўтган: «Исо алайҳиссаломнинг асҳоблари шуни ёдда тутишлари лозимки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари туфайли саҳобалар қалбида ҳамият пайдо бўлган. Бундай ҳамият олдинги пайғамбарлар, масалан, Исо алайҳиссаломнинг асҳобларида бўлмаган. Бу мавзу атрофида баҳс олиб борган киши фикримизнинг тасдиғини топади. Душманлар Исо алайҳиссаломни хочга осиш учун олиб кетаётганларида ҳаворийлар тарқалиб, қочиб кетган. Шу сабабли улар душман тилка пора қилиши учун ўз пайғамбарларини топшириб, у Зотни ёрдамсиз қолдирдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари эса у Зотни ўраб олиб, ўз жонларини қалқон қилиб, то душман устидан ғалаба қозонгунгача ҳимоя қилдилар». Мана шундай аянчли дақиқаларда мусулмонлар ларзага келиб, ғазаб отига миндилар. Минг афсуски, ғарбликлар бу ғазабнинг сирини англамайдилар. Чунки улар пайғамбарлари Исо алайҳиссалом ҳақида айтарли кўп нарсани билмайдилар. Инжилнинг энг ишончли тўрт нусхаси ва бошқа ишончли бўлмаган нусхаларда ҳам Масиҳ алайҳиссаломнинг фақат уч йиллик ҳаётлари ҳақида сўз кетади. Лекин Исо алайҳиссаломнинг қолган умрлари ҳақида кўп нарсани билмаймиз. Қолаверса, ўша инжилларда айтилган Исо алайҳиссаломнинг озгина йиллик умрлари ҳақидаги маълумотлар ҳам бир-бирига зид келади. Шу сабабдан бўлса керак, баъзи ғарблик насроний тадқиқотчилар Масиҳ алайҳиссалом тарихий шахс эмас, балки афсонавий қаҳрамон, деган фикрга бориб қолган. Бу хато фикр. Лекин шунинг ўзи ҳам Масиҳ алайҳиссаломнинг ҳаётлари қай даражада ноаниқ эканига далолат қилади. Масиҳ алайҳиссаломнинг сийратларида ноаниқ бўлган даврлар, асосан, ўттиз ёшга тўлишларидан олдинги даврлар ҳисобланади. Биз у Зотнинг туғилишлари, болаликлари ва ўспиринликлари қандай ўтгани ҳақида маълумотга эга эмасмиз. Бунга Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга нозил қилган аслий Инжилнинг йўқ бўлиб кетгани сабаб бўлса, ажаб эмас. Тўртта ва қолган Инжилларнинг муаллифлари Исо алайҳиссаломга нозил бўлган Инжилдан фойдаланганлар. Шунинг учун уларнинг китобларида фақат ваҳий орқали билиш мумкин бўлган баъзи воқеалар айтиб ўтилган. Шу билан бир қаторда, нозил қилинган ваҳий ёки Исо алайҳиссаломнинг сўзларига ҳеч алоқаси бўлмаган ақидалар, фикрлар ва кўрсатмаларни ҳам қўшганлар. Машҳур француз рассоми Етин Динет барча динларни кенгқамровли тарзда тадқиқ қилганидан сўнг Исломни қабул қилган. У шундай дейди: «Аллоҳ таоло Инжилни Исо алайҳиссаломга ўз тили ва қавмининг тилида нозил қилган. Лекин ҳеч шубҳасиз, айта оламизки, бу Инжил йўқ бўлиб кетган. Унинг бирор изи ҳам, асорати ҳам қолмаган». Майкил Ҳарт айтади: «Бир қанча тадқиқотчилар насронийлик динининг асосчиси Масиҳ эмас, Паул деган фикрга боради. Чунки Паул ва унинг атрофидагилар жорий этган нарсалар ҳақида Масиҳ сўралиши мантиққа тўғри келмайди. Улар қўшган нарсаларнинг кўпи Масиҳнинг таълимотига зид келади». Инжил китобининг бундай ўзгартирилиши ғарбликларни бирорта муқаддас нарсага ишонмайдиган қилиб қўйган бўлса керак. Улар: «Бу ерда биз учун муқаддас бўлган нарсанинг ўзи йўқ», дейдилар. Улар ҳаддан ошиб ҳатто Масиҳнинг ўзига ҳам туҳмат қилиб, ҳар хил фильмлар, суратлар, расмлар ва бошқа нарсалар орқали у Зотнинг шаънига тўғри келмайдиган одобсизликлардан ҳам тап тортмайдилар. Балки, улар мусулмонлар каби пайғамбарларининг ҳаётларидаги барча нарсани тафсилотлари билан билганларида эди, бу ишларни қилмаган, Ислом Пайғамбари у ёқда турсин, ўзларининг пайғамбарларига ҳам бундай одобсизлик қилишга журъат қилмаган бўлармидилар?! Инглиз олими Басворт Смит шундай дейди: «Қуёш ўз шуъласи ила барча нарсани ёритади ва унинг нури ҳамма нарсага етиб боради. Ҳеч шак шубҳа йўқки, борлиқдаги баъзи шахслар ҳақида айтарли маълумотларга эга эмасмиз. Улар ҳақидаги маълумотлар ҳеч қачон аён бўлмайди ёки уларнинг қайсидир қирраси номаълумлигича қолиб кетаверади. Лекин инсоният тарихи давомида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида барча нарсани, болалигидан тортиб ўспирин пайтигача, инсонлар билан алоқаси қандай бўлгани, одатлари, илк бор фикрлаши қандай бўлгани, унинг ривожланиши, даражама-даража юксалиши, улуғ ваҳийнинг навбатма-навбат нозил бўлиши, шунингдек, Пайғамбар эканлигини эълон қилганидан кейинги шахсий ҳаёти қандай бўлганидан хабардормиз. Қўлимизда унга нозил бўлган Қуръон бор. Бу китоб баён этган ҳақиқатлар, унинг ўзгаришдан сақлаб қўйилгани борасида тенгсиз ва бу китоб сидқ асосига қойим бўлганига ҳеч ким айтарли даражада шак қилишга қодир эмас». Ҳурматли ўқувчи, мусулмонлар Пайғамбарлари ҳақида ноҳақ ва ёмон айблар айтилганда нима учун ғазаб отига минишини, балки, сиз энди тушунган бўлсангиз, ажаб эмас! Мусулмонлар Пайғамбарлари ҳақида ҳамма нарсани биладилар, ҳатто у Зотнинг ташқи кўринишларини ҳам. Данияликлар кўриниши хунук, ёвуз ва террорчига ўхшаган кишини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам деб таништирган. Бу эса мусулмонлар улуғлайдиган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга икки дунёда ҳам ўхшамайди. Шунинг учун бу ишлар улуғ Пайғамбар ҳақида тўқилган энг катта ва жирканч ёлғон ҳисобланади.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

улуғликларидаги сирлар» китоби асосида

Раҳматуллоҳ Аҳмаджон ўғли тайёрлади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ