Пайғамбармиз аёлларининг зиммасидаги масъулият

8 йил аввал 2898 siyrat.uz

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун ҳам, оилалари учун ҳам жуда содда ва камтарона ҳаёт тарзини ихтиёр қилганлар. У Зот дабдабали ҳаёт кечириш имкони йўқлигидан эмас, ноилож қолиб ҳам эмас, агар бутун дунё бор зийнатлари билан оёқлари остида турганида ҳам фақирона кун кўришни афзал билардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий кун кўрар, дунё ва унинг зийнатларидан ўзларини юқори тутар эдилар. Пайғамбаримиз билан бир ёстиққа бош қўйган оналаримиз эса ана шу бутун оғирликларни бўйнига олиб, ҳамма муслима аёлларга ўрнак бўлиб, ҳаёт кечирар эдилар. Улар ер юзидаги энг улуғ Зот билан бирга оила қуриб яшаётганларини жуда яхши билар эдилар. Уларнинг уйларида инсониятга қиёматгача икки дунё саодатини кўрсатиб берувчи илоҳий дастур–Қуръони Каримнинг оятлари нозил бўлиб турар эди. Оналаримиз бошқалардан молу дунё, айшу ишратдагина эмас, масъулиятни сезишда ва охиратни бу дунёдан устун қўйишда ҳам фарқ қилишлари лозим эди. Оятда Аллоҳ таоло оналаримизга ана шу маънода алоҳида хитоб этади: «Эй Набийнинг аёллари! Сизлар аёллардан бирортаси каби эмассиз». Яъни эй Набийнинг аёллари! Сизларнинг бошқа ҳамма аёллардан фарқланасиз, сизлар Пайғамбарнинг аёлларисиз, мўминларнинг оналарисиз, ҳамма мўминалар учун ўрнаксизлар, сизлар бу мақомга эришишларингиз учун Пайғамбарга жуфти ҳалол бўлганингизнинг ўзи етмайди, тақво ҳам қилишларингиз керак, деб амр этилди. Оятнинг давомида оналаримиз қуйидаги нарсаларга амр қилиндилар: «Виқор билан уйингизда ўтиринг. Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг. Намозни тўкис адо этинг, закот беринг, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Эй аҳли байт, албатта, Аллоҳ сиздан кирни кетказиб, бутунлай поклашни хоҳлайди». «Виқор билан уйингизда ўтиринг». Албатта, ўрнак бўладиган одам доимо виқорини сақламоғи лозим. Шунинг учун оналаримизга ҳам виқорларини сақлаб, уйларида ўтириш амр қилинмоқда. Бундан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари уйдан чиқишлари мумкин эмас экан, деган фикр тушунилмайди. Бу ояти карималар нозил бўлганидан кейин ҳам оналаримиз уйларидан чиққанлар. Нафақат уйдан чиққанлар, балки узоқ-узоқ сафарларга ҳам борганлар. Мисол учун Умму Салама онамиз Ҳудайбияга Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан борганлар. Оиша онамиз эса у Зот билан бирга ҳаж амалини адо этганлар. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳам уйдан чиққанлар, сафарларга борганлар. Бу ерда, араблар одати бўйича, аёл кишининг асосий жойи уй бўлиши кераклигига ишора қилинмоқа. Айниқса, мўминларнинг оналари бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари виқор билан уйларида ўтиришлари, сабабсиз остона ҳатлаб чиқмасликлари, бу нарса улар учун зийнат ва фазилат экани таъкидланмоқда. «Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг». Жоҳилият – Исломдан олдинги тузум. У вақт­да аёллар очилиб-сочилиб, ясан-тусан қилиб, эркакларнинг эътиборини ўзига тортишга интилиб яшар эдилар. Ўзларини бозорга солиб, таналарини ва зебу зийнатларини кўз-кўз қилар эдилар. Бундай очилиб-сочилиб юриш «табарруж» дейилади. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза аёлларини жоҳилият тузумининг хотинлари каби очиқ-сочиқ юрмасликка амр этмоқда. Бу амр ҳар бир муслима аёлга тегишли. «Намозни тўкис адо этинг...» Намозни тўкис адо этиш энг зарур амаллардан биридир. Айниқса, аёл кишилар учун яна ҳам аҳамиятли. Чунки фарзандлар доимо улар билан бўлади. Аёлнинг намозни тўкис адо этиши бола тарбиясига сўзсиз таъсир қилади. «...закот беринг...» Аёлларнинг молиявий ибодатга алоҳида эътибор билан қарашлари лозимлигини шу оятдан билиб оламиз. Одат бўйича, молиявий ибодатлар эркакларнинг ишига ўхшаб қолган. Лекин Аллоҳ таоло аёл кишига ҳам эркак киши билан тенг мол-дунё касб қилишига изн берганидан кейин, улардан молиявий ибодатни ўз ўрнида адо этишларини ҳам талаб этади. «...Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг». Бу ҳамма амру фармонларнинг жамловчисидир. Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоат қилиш доирасига юқорида зикр этилган ва зикр этилмай қолган бошқа ишлар ҳам киради. Ҳар бир мўмин ва мўмина Аллоҳга ва Унинг Расулига тўла итоат қилмагунича комиллик касб этмайди. Уларга айни комилликдан дарс берувчи зотлар эса мўминларнинг оналари–Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари бўлмоқлари лозим. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир ёстиққа бош қўйиб яшаётган аёллар, уйларида Қуръон оятлари тушиб турган бандалар Аллоҳга ва Унинг Расулига биринчи бўлиб итоат қилмасалар, ким қилар эди!

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди.

   



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ