Сизнинг хоҳишингиз − биз учун амр, эй Аллоҳнинг Расули

7 йил аввал 2943 siyrat.uz

Бу−Зайд ибн Собит, Қуръондан  (Ҳижратдан илгари нозил бўлган узун ва қисқа суралардан) ўн еттита сурани ёд олиб, уларни ўрганган етти яшар болакай. Ҳали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилмаган эдилар. У Зот Мадинага ҳижрат қилганларида ҳузурларига Зайдни келтиришади. Ўша пайтда ёши ўн бирда эди.

Улар: «Мана бу бола, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Сизга нозил бўлган суралардан ўн еттитасини ёд олган Зайд», дейдилар. Уни эшитиб кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ажабланадилар.  Қандай ҳам ажабланмасинлар. Ахир у шижоатли бўлиб, ўзининг қироатини, овозининг яхшилигини ҳамда Қуръонни фасоҳатли тил билан ўқишни Расулуллоҳга намойиш қилишдан ҳаяжонга тушмади. Қандоқ ҳам тортинсин ёки ҳаяжонлансин? Ахир у Аллоҳнинг ҳақ каломини ўқияпти ва бунинг учун у Аллоҳдан буюк мукофот олади ку?!.

Набий алайҳиссалом унинг ҳифзининг бенуқсонлиги ва  маҳоратига қойил қолдилар. Унда илм севгиси, ғайрат ва жиддийликни кўрдилар. Кунлар ўтди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдга: «Эй Зайд, мен учун яҳудийларнинг ёзувларини ўргангин. Улар тарафдан менга мактублар келяпти. Мен бу мактублар борасида уларга ишонолмайман», дедилар. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келган пайтларида у ерда яҳудийларнинг бир неча жамоалари  яшарди.

 У Зот мусулмонлардан бири яҳудий ёзувини ўрганишини истадилар. Лекин ким уни ўрганади? Бу шижоатли, зийрак йигит Зайд бўлақолсин.  Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унда илмга бўлган муҳаббат ва буюк қудратни кўрдилар. Бунинг устига у ўткир фаҳмли ва закий бола эди. Ва албатта, Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўради ва у Зотнинг истаклари унинг учун итоат қилиш керак бўлган амрдир.

Зайд иброний тилни ўрганишда жидду жаҳд қилди. Ярим ой ўтар-ўтмас у тилни ўрганиб олди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келадиган яҳудийлар мактубларини таржима қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яҳудийларга юборадиган номаларини ёзиб берадиган бўлди.

«Сурёний тилини ҳам биласанми?» деб сўрадилар  Набий алайҳиссалом (У ўша асрда бор бўлган тил эди). Зайд у Зотга жавобан: «Уни ўрганаман, эй Аллоҳнинг Расули, деди. Зайд кетиб Сурёний тилини бир ойдан оз муддатда ўрганиб олди.Зайднинг кўзга кўринган қобилияти, илмга бўлган муҳаббати ва заковати учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Қуръондан нозил бўлган оятларни ёзиш бориш учун танладилар. Шунинг учун Зайд Набий алайҳиссалом замонларида ваҳийни ёзарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг эса кўп сонли саҳобалар билан мусҳафни жам қилишда масъул бўлди.

Зайд ибн Собит айтади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга буюрган эдилар ҳамки, мен яҳуд ёзувини ўргандим. У киши менга: «Аллоҳга қасамки, мен нома ёзишда яҳудларга ишонмайман», дедилар. Мен уни ўрганишга киришдим. Ярим ой ўтар- ўтмас, мен у тилни тўла билиб олдим. Агар улар нома ёздирсалар, мен уларга ёзиб берардим ва агарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нома келса, мен уларга ўқиб берардим. (Абу Довуднинг сунанлари, илм китоби, ҳасан, саҳиҳ ҳадис).




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ