Сизни ҳеч кимга алмаштиришга рози бўлмайман

1 ўн йил аввал 2262 siyrat.uz

Бу эса бани Маъандаги қариндошларини зиёрат қилиш учун онаси билан борган ўша болакай Зайд ибн Хорисадир. Бир қабила келиб бани Маъанни босиб олади ва асир олинганлар билан бирга Зайдни ҳам асир оладилар. Сўнгра Макка бозорида унинг савдоси амалга ошади. Шу каби  ўғрилик, йўлтўсарлик, зўрлаб олиб кетишлар Исломдан олдин машҳур бўлган ишлар жумласидан эди. Бу Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар жумласидан ҳамдир. Зайдни Ҳаким ибн Ҳизом сотиб олади. Ўзи Хадижанинг акасининг ўғли бўлиб, Зайдни амакисининг қизи Хадижага ҳадя қилади. Ҳазрати Хадижа ҳам Зайдни Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадя қиладилар. Унда ҳали у Зот Рисолатга мушарраф бўлмагандилар. Зайднинг ота-онаси уни барча маконларда қидирар, у ҳақида тижоратчилардан ва карвонлардан: «Ўғлимиз Зайдни кўрдингизми?» деб сўрардилар.

Қайси шаҳарда экан? Зайдга бўлган муҳаббат ота-онасининг қалбида жуда кучли эди. У иккиси энг узоқ шаҳарларга уни излаб сафар қилишга, уни тирик, соғ-саломат кўриш йўлида туя ва молларини сарфлашга тайёрлар эдилар.

Бир оз вақт ўтгач ота-онасига Зайдни Маккада яшовчи шарафли, содиқ, амин, Макканинг задагон оилаларидан бўлган кишининг қаромоғида эканини хабари келади. Энди унинг отаси нима қилар экан?

Албатта, Зайдга бошпана берган киши, шубҳасиз, уни қайтариб олишим учун мендан кўп мол талаб қилади, деб ўйлаган ота қариндош-уруғларидан кўп мол тўплай бошлади. Анчагина мол- дунё ва бир туя олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Зайдни ўзига қайтаришлари ва мана бу молларни унинг учун бадал сифатида қабул қилиб олишларини сўраб хонадонларига келади. Лекин Зайд ота-онаси билан кетишни истамади,Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан яшади, у Зот билан бирга юрди, мажлисларида ҳамроҳ бўлди, ёнларида ухлади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бағриларида қалб ҳаловатини ҳис этди. У Зотни жуда қаттиқ яхши кўрди, ёнларида абадий қолишни  орзу қиларди.

Лекин ота-онаси келди. Энди нима қиларкин?

Зайднинг отаси Хориса деди: «Эй Абдумуттолибнинг ўғли, эй ўз қавми саййидининг ўғли. Сизлар − ҳарам эгалари асирларни бўшатиб юборасиз ва тутқундагиларни таомлантирасиз. Биз сизнинг олдингизга боламиз хусусида келдик, энди сиз бизга яхшилик қилинг ва унинг тавонини қамроқ қилиб сўранг».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам отага: «Зайдни чақиринглар ва ихтиёрни ўзига беринглар. Агар у сизларни танласа, ҳеч қандай тавонсиз у сизларникидир ва агар у мени танласа,Аллоҳга қасамки, мени ихтиёр қилган кишини товон эвазига  сотувчи эмасман», дедилар.

Зайднинг отаси ҳеч бир тавонсиз ва молсиз Зайд уники бўлиши мумкинлигини айтганлари учун қувонди. Ахир бу катта саховатдир. Зайд келиб отаси ва амакиси билан кўришди. Зайдга ота-онаси ва оиласининг олдига ҳеч бир тавонсиз қайтиб кетиш ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танлаш ихтиёри берилди.

Зайд: «Хоҳ у отам бўлсин, хоҳ амаким, сизнинг ўрнингизга бирон кишини ихтиёр этмасман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан жуда қувондилар. Унинг муҳаббати ва улар билан қолиш истаги учун қувондилар. Зайд ҳам севинди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан Каъбага чиқдилар ва :«Эй одамлар, эй аҳли Макка, гувоҳ бўлингларки, Зайд менинг ўғлимдир. Агар мен ўлсам, у ворисим бўлғусидир ва агарда у ўлса, мен унинг вориси бўламан», деб жар солдилар. Зайдни Зайд ибн Муҳаммад деб атай бошладилар. Ажабо, болакай Зайднинг отадан-да азиз бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган  муҳаббати қандай қилиб бундай буюк  мақомга юксалган экан?!

Лекин отаси энди нима қилади экан? Дарҳақиқат, Зайднинг отаси ўғлини солиҳ, яхши, содиқ. амин, мулойим, меҳрибон, ўғлини севувчи, унга на озор ва на тазйиқ ўтказмайдиган, балки аксинча унга отасидан кўра мулойим ва меҳрибонроқ киши билан бирга эканини кўрди. Бундай нарса ҳозирда ҳам кўп учрайди. Дарҳақиқат, сен бир болакайни амакисиникида яшашни отаси ва онаси билан яшашдан кўра кўпроқ исташини кўрасан ёки бобосини ота-онасидан кўра кўпроқ яхши кўришини кўрасан.

Нима бўлганда ҳам, Зайдга Аллоҳ яратган зотлар ичида  энг мулойими, раҳмлиси ва меҳрибони Набий алайҳиссалом билан ота-онаси ўртасида  танлаш имкони берилганидан бошқа қандай натижа кутиш мумкин? Жажжигинам, эътибор бер, Зайд Расулуллоҳнинг ҳузурида иззатли эди ва ота-онасига ҳам зиёрат қилиш учун рухсат берилганди.

Зайд улғойгач, уйланиб ўғил кўрди ва унга Усома деб исм қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қаттиқ яхши кўрар, ҳаттоки у ҳақида «Суюклининг ўғли суюкли» дердилар. (Холид Муҳаммад Ҳолиднинг «Рижалун хавла Расул», яъни «Расулнинг атрофидаги кишилар» китобида ворид бўлган).

Яна сен шуни билинки,  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зайдни яхши кўриш, ўзларининг ўғил фарзандлари вафот этиб  кетгани ёки Зайднинг кўриниши (чиройли) гўзал бўлгани учун эмасди. Балки маълум бўлишича Зайд қора танли, бурни япалоқ, паст бўйли бўлган. Лекин одамларнинг қадри қалбларимизда уларнинг шаклига қараб эмас, балки феъл-атворлари, ахлоқлари ва қилган ишларига қараб белгиланади.

Шулар туфайли қилиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зайдни яхши кўрдилар. Барча Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зайдга ва ўзининг ўғлига бўлган самимий муҳаббатларини биларди. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зайдни яхши кўришларидан сен нимани ўргандинг?




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ