РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ АҚЛЛАРИНИНГ МУКАММАЛЛИГИ

8 йил аввал 2511 siyrat.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ақллари соғлом, фикрлари мукаммал, қарашлари теран ва тўғри ўйлайдиган Зот эдилар. У Зотнинг ақллари мукаммал экани жоҳилият унсурлари тарқалиб кетган ва барчанинг ақлини адаштирган ўша дунёнинг барча жабҳаларига қаратган теран фикр ва мулоҳазаларида кузатишимиз мумкин. Бундай жоҳилият унсурлари таъсир қилган ақлни тўғри ва мустаҳкам ақлга ўзгартиришда тўғри ақл ва соғлом фикрга эҳтиёж сезилади. Айнан шундай ақл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламда мавжуд эди. Шубҳасиз, бу ишлар ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлиси бўлган Зотнинг таълимоти, оламлар Парвардигорининг ваҳийси орқали рўёбга чиқади. Лекин илоҳий таълимотлар ва раббоний илҳомлар фақат Аллоҳ таоло тайёрлаб қўйган улуғ, нурли ва теран ақл соҳибигагина насиб этади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ақллари мукаммал эканини бутпарастлар, яҳудийлар ва насронийларга ҳужжат ва далил келтириш услублари, уларни мот қилиб қўйишларида яна ҳам ёрқинроқ кўришимиз мумкин. У Зотнинг ақллари мукаммал экани зино қилишга изн сўраб келган йигитга берган таълимларида яна ҳам намоён бўлади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ақллари мукаммал экани қора тошни ўз ўрнига қўйиш масаласида Қурайш аҳли у Зотнинг ҳукм чиқаришига рози бўлган кунидаги ҳукмларида яна ҳам яхшироқ намоён бўлади. Қурайш аҳли Каъбани қайта қуриб бўлганидан сўнг қора тошни ўрнига ким қўйиши хусусида тортишиб қоладилар. Ҳар бир қабила ўзи қора тошни кўтариб, ўрнига қўйишни хоҳлар эди. Бу билан қора тошни ўз ўрнига биз қўйганмиз деган ғурур ва ифтихорга эга бўлган бўлардилар. Уларнинг ихтилофи кучайиб, орада уруш чиқиш хавфи ҳам пайдо бўлиб қолди. Шунда барчалари уларнинг олдига биринчи кириб келган киши нима деса шуни қилишга келишиб олдилар. Ўшанда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи бўлиб уларнинг олдига кириб бордилар. Бундан ҳаммалари ҳурсанд бўлиб, бир овоздан: «Бу Амин, бу Муҳаммад! Биз унинг ҳукмига розимиз!» дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига етиб келганларида, бўлган воқеа айтиб берилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир мато келтирилишини сўрадилар. Муборак қўллари билан қора тошни олиб, матога қўйдилар ва ҳар бир қабиланинг раҳбари матонинг бир учидан ушлаб кўтаришни буюрдилар. Улар қора тошни ўз ўрнига олиб боришди. Шундан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна тошни ўз қўллари билан олиб, уни ўз ўрнига қўйдилар. Шу билан ҳамманинг кўнгли хотиржам бўлди ва фитна олови ҳам ўчди. Бу воқеа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммадан ажраб қолган, узлатда юрадиган киши эмасликлари, балки қавмларининг ғам андуҳлари, турли масалалари ва мушкил вазиятларида улар билан бирга бўлганларига далолат қилади. Юқоридаги фикримизни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмлари билан «мурувват битими»да бирга бўлганлари қувватлайди. Ушбу битимда улар мазлумга ёрдам беришга ва золим кишини жазолашга келишиб оладилар. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмлари билан Каъбани қайта қуришда ҳам бирга бўлганлар. Ўз қўллари билан тошларни олиб келиб бериб турганлар. Буларнинг барчаси Пайғамбар бўлишларидан олдин эди. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, у Зот қавмларининг жоҳилият ишлари, гуноҳлари ва бутпарастликларига қўшилмаганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ақллари мукаммал ва зийрак бўлганларига Бадр ғазотида содир бўлган воқеа ҳам далолат қилади. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларнинг қўшини неча кишидан иборат эканини билмоқчи бўладилар. Мусулмонлар Қурайшни сув билан таъминлаб берадиган икки хизматкорни асирга олдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан: «Душманлар қанча?» деб сўрадилар. Улар: «Кўп», деб жавоб берди. У Зот: «Уларнинг саноғи нечта?» дедилар. Улар: «Билмаймиз», дейишди. У Зот: «Ҳар куни нечта туя сўйяптилар?»дедилар. Улар: «Бир кун тўққизта, бир кун ўнта», деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар тўққиз юз ва минг кишининг атрофида экан», дедилар. Уларнинг адади тўққиз юз эллик киши эди. Бу ҳам у Зотнинг заковатлари ва ҳаёт тажрибалари нақадар катта эканига далолат қилади.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

улуғликларидаги сирлар» китоби асосида

Раҳматуллоҳ Аҳмаджон ўғли тайёрлади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ