Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мукаммал раҳмат соҳиби эканлари [18]

2 йил аввал 1096 siyrat.uz

Оламларга раҳмат Пайғамбар Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «(Эй Муҳаммад,) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз». (Анбиё сураси, 107-оят) У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам раҳмат элчисидирлар. Аллоҳ  таоло у Зотни  барча оламларга, мўъминларга, кофирларга, мунофиқларга, барча бани одамга: эркаклар, аёллар, болалар, қушлар ва ҳайвонларга раҳмат қилиб жўнатгандир. У Зот алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг барча махлуқотига раҳмат эдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча махлуқотларга шафқатлари, раҳмдилликлари ва меҳрибонликлари ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), сизларнинг қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан қизиқувчи ва мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келгандир».(Тавба сураси, 128-оят) Қуйида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига қай даражада шафқатли бўлганлари борасида мисоллар келтириб ўтамиз:  

  1. Ривоят қилинишича, бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бирор нарса беришларини сўрабди. У Зот бериб: «Сенга яхшилик қилдим», дебдилар. Аъробий эса: «Йўқ, менга яхшилик қилмадингиз», дебди. Мусулмонлар бу гапдан ғазабланиб таъзирини бермоқчи бўлиб ўрниларидан туришибди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ўзларини босишликларига ишора қилдилар. Сўнг ўзлари уйларига кириб, унга бир нарса чиқартириб бердилар ва: «Сенга яхшилик қилдим», дедилар. Аъробий: «Ҳа, Аллоҳ таоло бундан зиёдасини аҳлингиз ва оилангиздан кўрсатсин», дебди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен бироз олдин айтган гапларингни деб саҳобаларимнинг кўнгилларида сенга нисбатан ёмон ҳис пайдо бўлди. Агар маъқул кўрсанг, ҳозир менга айтган гапларингни уларнинг олдида ҳам айт, токи қалбларида сенга нисбатан бўлган ғилла-ғашлик кетсин», дедилар. Аъробий: «Хўп», деди. Эртасига – ёки ўша куни кечқурун – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб:«Мана бу аъробий айтадиган гапини айтди. Биз зиёда қилган эдик, «розиман», деб тасдиқ қилди, шундайми?» дедилар. У: «Ҳа, Аллоҳ таоло бундан зиёдасини аҳлингиз ва оилангиздан кўрсатсин», деб жавоб берди. Сўнг Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мен билан бу инсоннинг мисоли худди мана бу инсоннинг мисолига ўхшайди: Унинг туяси қочиб кетади, инсонлар у туяни ортидан қувиб, бадтар қочириб юборади. Эгаси: «Мен билан туямни орасини бўшатиб қўйинглар. Чунки мен туямга сизлардан кўра, шафқатлиман ва уни яхши билувчиман», деб туясининг олдига келиб, ердан бир ҳас-чўп олиб олдига чорлади. Натижада, туяси келиб, чўкка тушади ва соҳиби уни яхшилаб боғлаб устига чиқиб олади. Ана энди бордию мен мана бу киши аввалги гапини айтганидан кейин сизларни ўз ҳолингизга қўйиб қўйганимда, сизлар уни ўлдирардингиз ва у жаҳаннамга тушарди». (Аҳмад ривояти).
  2. Яна ривоят қилинадики, у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:«Сизларнинг бирортангиз ўз биродари ҳақидаги бирор гап-сўзни менга етказмасин. Чунки мен сизларнинг олдиларингизга қалбим саломат ҳолда чиқишни истайман». (Абу Довуд ривояти)
  3. Пайғамбар алайҳиссалом умматларига фарз бўлиб қолмасин, деб енгиллик, осончилик қилганлар ҳатто баъзи нарсаларни қилишни хуш кўрмаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Агар умматимга машаққат қилиб қўймаганимда эди, уларни ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрган бўлардим».
  4. Шунингдек, у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси билан намоз ўқиб чиқиш, оғиз очмасдан рўзани улаб тутишдан қайтарганлар. Каъбага киришни ҳам хуш кўрмаганлар. Сабаби умматларига машаққат қилиб қўйишдан қўрққанлар.
  5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор кишини урушиб, койиб берган бўлсалар, Аллоҳ таолодан бу урушишларини умматларига нисбатан раҳмат қилиб беришини сўрардилар.
  6. У Зот алайҳиссалом намозда бола йиғисини эшитсалар, намозларини тезлатардилар.
  7. У Зот шундай дуо қилардилар: «Қайси кишини ёмонлаган ёки лаънатлаган бўлсам, у учун ўшани покланиш, раҳмат, дуо, поклик ва қиёмат куни сенга яқинлаштирадиган қурбат қилгин».
  8. Қавмлари у Зот алайҳиссаломни ёлғончига чиқаришганида Жаброил алайҳиссалом келиб, шундай дегандилар: «Аллоҳ таоло қавмингизни сизга айтган сўзларини ва сизни инкор қилишганини эшитиб турибди. У тоғлар фариштасига сиз хоҳлаган нарсангизни буюрсангиз, ўшани қилишга буюрди. Шунда тоғлар фариштаси нидо қилиб, салом берди ва: «Истаганингизни буюринг. Агар истасангиз, уларнинг устига Маккадаги икки тоғни  ағдараман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, Аллоҳ таоло уларнинг авлодларидан Аллоҳга ибодат қиладиган ва унга бирор нарсани шерик қилмайдиганларни чиқариб қўйишини умид қиламан», деб жавоб берганлар.
  9. Ибн Мункадир ривоят қилишича, Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Аллоҳ таоло самога, ерга ва тоғларга сизга итоат қилишларига буюрди», дедилар. (Изоҳ: Бундан мақсад ерга буюрсалар, ўзларига итоат қилмаётган осий умматларини ютиб юборарди, самога буюрсалар, устиларидан тош ёғдирарди. Ва ҳоказо... Шу мақсадда итоат этилишлари айтилган эди). Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Мен умматим борасида (бу ишларни) орқага суриб тураман. Шояд, Аллоҳ таоло уларнинг тавбаларини қабул қилар», деб жавоб бердилар.
  10. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки иш ўртасида ихтиёр қилмоқчи бўлсалар, енгилини танлардилар».
  11. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга зерикарли бўлиб қолишидан қўрқиб маърузаларини ора-орада қилардилар».
  12. Оиша розияллоҳу анҳо устида оғир юки бор туяга миндилар. Шунда туя ўзини бошқара олмай қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳм қил», дедилар.
  13. Мунофиқларга раҳматларига келсак, Пайғамбар алайҳиссалом дунёда мунофиқларнинг сиртлари мусулмон бўлганини инобатга олиб, уларни ўлдириш ва асир қилиб олишдан омонда қолдирганларидир.
  14. Кофирларга нисбатан раҳматларига келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туфайли дунёда кофирларни таг-туги билан йўқотиш азоби кўтарилган эди. Зеро олдинги умматларга Аллоҳ таоло пайғамбар юборса ва улар пайғамбарни ёлғончига чиқариб куфр келтиришса, уларга азоб умумий келарди. Буни Нуҳ, Од, Самуд, Лут ва бошқа қавмлар хабарларида Аллоҳ таоло уларга қандай азоб етказганини ва бу азоб уларнинг қилган қилмишларига яраша бўлгани ҳақида бир қанча қиссаларни зикр қилгандир.

Бироқ Муҳаммад алайҳиссалом умматидаги кофирлардан эса ўтган умматлар каби кофирларни таг-туги билан йўқ қилиб юборишдек бундай  умумий азоб кўтарилгандир. Бунинг боиси Аллоҳ бутун оламлар учун Пайғамбар қилиб юборган элчисига бўлган ҳурмат юзасидандир.  




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 6-куни

Ҳижрий 322-йил 6-жумодал-аввал куни (милодий 934-йил 24-апрел) «Розий» лақаби билан танилган Абул Аббос Аҳмад Муқтадир ибн Муваффиқ Толҳа ибн Мутаваккил Аббосийлар давлати халифаси бўлди. У Аббосийлар давлатининг йигирманчи халифаси бўлиб, давлатни 7 йил бошқарган.

Ҳижрий 982-йил 6-жумодал-аввал куни (милодий 1574-йил 24-август) Усмонлилар давлати испанлар қўл остида бўлган Тунис давлатини «Ҳалқул-вод» қалъасини фатҳ қилгандан сўнг қўлга киритди. Бу жангда 6 мингга яқин испан ва италиялик жангчилар қатл қилинди, 3 минг аскар асир олинди ва 225 та қирол ўлжа қилиб олинди. 



Китоблар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт

Китобдаги сўз бошидан...     Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм     Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Аллоҳнинг Расулига салавот ва саломлар бўлсин!      Аммо баъд:    давоми...

Мавлуди шариф

Юртимизда, бошқа исломий ўлкаларда бўлганидек, мавлуди шариф маросимлари ўтказиб келинган ва уларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишланган турли наътлар, қасидалар, Навоий, Фузулий каби мумтоз давоми...

Мавлид

Ушбу китоб халқимиз ўртасида «Мавлид» номи билан машҳур бўлган, улуғ олим, буюк адиб Саййид Жаъфар ибн Ҳасан Барзанжийнинг «Иқдул-жавҳар фи мавлидун-Набиййил-Азҳар» («Порлоқ юзли Набийнинг мавлидлари давоми...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни йиғлатган ҳодисалар

Insoniyat komiligining timsoli qilib yaratilgan Payg’ambarimiz ham nahotki ko’z yoshi to’kkan bo’lsalar? Qur'on va hadisda ko’z yoshi haqida nimalar dеyilgan? Payg’ambarimiz va sahobalar ko’zyoshlarining sabablari nimada? Ushbu kitobni o’qib shu kabi savollarga to’la javob olasiz. давоми...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга насиҳатлари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду сано бўлсин. У ҳамма нарсани Китобида баён қилди, каломи шарифининг барча асрорларини Расулига билдирди ва бизга йўл давоми...

ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ