«Ўзингизни оловдан асранг!»

1 ўн йил аввал 2453 siyrat.uz

«Ўзингизни оловдан асранг!»

Илоҳий муждалар уч йил давомида ишонганларнинг кўнглидан кўнглига кўчиб юрди. Муждани эшитишга мушарраф бўлганлар биродарларини ҳам шарафлантириш учун қизғин, аммо ўта махфий фаолият юритишарди. Шундай оғир, яширин шароитда Исломни қабул қилганлар сони қирқтага яқинлашиб қолди. «Бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни Ҳақ динга даъват қилишни) юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг!» (Ҳижр сураси, 94-оят) ояти билан Ислом тарихида янги давр бошланди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг буйруғини айнан бажарувчи солиҳ банда эдилар. Буюк Аллоҳ нимани қандай буюрган бўлса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом худди шундай қилиб бажо келтирардилар. Бу ояти каримада очиқ даъват қилиш буюрилган эди. Яна бошларини ёрар даражада!.. Уйда иш қизғин эди. Ҳазрат Хадижа қизлари билан таом ҳозирлаётган эди. Одатдаги овқатланиш эмасди бу. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яқинларини овқатга таклиф этган, уларни даъват қилмоқчи эдилар. Меҳмонлар келишгач, овқат тортилди. Улар таомдан татиб кўришаркан, бу зиёфат сабабини тушунолмай ҳайрон эдилар. Айниқса, Абу Лаҳаб. Зиёфат сўнггида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, биринчи марта очиқ даъват қилдилар: «Мен сизларга дунё ва охиратнинг энг хайрли динини келтирдим. Аллоҳ менга сизларни Исломга даъват этишимни буюрди. Бу ишда ким менга ёрдам беради?» Бирдан гап-сўз кесилиб, орага жимлик чўкди. Нима деб тахмин қилишган бўлса-да, бундай даъватни сира кутмаганлари аниқ эди. Савол назари-ла қарашди – йўқ, Муҳаммадул-Амин ҳазиллашмаётган эди. Нима дейишни билмай жим қолишди. Ишонмасликка асос йўқ, аммо ишониш, яъни «Сенга ёрдам бераман», дейиш ҳам қийин. Амакиси Абу Лаҳабнинг қўпол сўзлари, дағдағаларидан сўнг, айниқса, вазият таранглашди. Шу пайт кутилмаганда 12-13 яшар Али ўртага отилди: – Эй Аллоҳнинг расули! Мен сизга ишонаман ва ёрдам бераман! Кичкина Алининг бу гапларига кулганлар ҳам бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса унинг бошини силаб дедилар: – Тингланг ва шоҳид бўлингки, менинг ёрдамчим – шу! Алининг гапига кулганлари етмагандек, йиғилганлар илоҳий муждадан ҳам бенасиб  қолишди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом яна бир бор уриниб кўрдилар – уларни йиғиб, яна меҳмон қилдилар. «Ҳамма ёлғиз Аллоҳгагина хосдир. Мен ҳам Унга ҳамд айтаман. Ёрдамни фақат Ундан кутаман. Унгагина ишонаман ва Унгагина сиғинаман. Ҳеч шак-шубҳасиз билиш билан бирга сизларга ҳам маълум қиламанки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир, У ягонадир, шериги йўқдир… Сизни ёлғиз Аллоҳга иймон келтиришга чақираман. Мен эса Унинг қисман сизларга, умуман, инсониятга юборган Пайғамбариман…» Аммо насибасизлар бу гал ҳам улуғ шарафга ноил бўлмадилар. Уларнинг қалб гавҳари вужуд қутисининг шунчалар тубида жойлашган эдики, ҳис деган улвий туйғу ҳам йўқ эди. Мужда етказилган, тақдир ва ҳидоят Аллоҳдан эди.

* * * Энг яқинларини даъват этиб ўзларига эргаштира олган Пайғамбаримиз алайҳиссалом Сафо тепалигига чиқиб, бор овозда Макка аҳлини даъват эта бошладилар. Одамларнинг ҳаммаси кўчага чиқди. Ёш-қари, эркак-аёл, бола-чақа Сафо тепалигига сел каби оқди. Боролмаганлар нима гаплигини сўраб-суриштирарди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом даъватдан сўнг тўпланганларга қабиласининг номи билан мурожаат этдилар: – Эй аҳли Қурайш! Ўзингизни жаҳаннам оловидан қутқаринг! – Эй бани Абдулмутталиб, ўзингизни жаҳаннам оловидан қутқаринг! – Эй бани Ҳошим, ўзингизни жаҳаннам оловидан қутқаринг! – Эй Абдулмутталибнинг қизи София! Ўзингни жаҳаннам оловидан қутқар! – Эй Муҳаммаднинг қизи Фотима! Ўзингни жаҳаннам оловидан қутқар! Сизлар иймон келтириб, амал қилмагунларингизча Аллоҳ ҳузурида сизлар учун ҳеч нарса қилолмайман!.. Бу даҳшатли эълон, даҳшатли бир буйруқ эди… Барча маккаликлар қатори Фотима ҳам ўша ерда эди. Онаси ва опалари кела олишмаган эди. Отасининг бундай даҳшатли эълонидан дир-дир титради, тирноғининг учигача музлаб кетди. Иймон келтириб, амал қилмоқ! Ҳақиқат шунда эди. Инсонни дўзахдан қутқарадиган воситалар: иймон ва амал… Ишонгани ҳолда амал қилмаган одам кимнинг фарзанди, невараси эканлигидан қатъий назар жаҳаннамга мустаҳиқ эди. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз яқинларини дўзахдан қутқара олмагандан кейин бизни ким қутқара оларди? Шундай бўлгач, қутулиш йўлларини танлаш керак. Бу йўл – ишониш ва ишонганига амал қилиш. Фотима отаси айтганларини идрок этаркан, ваҳимали ҳайқириқ хаёлини бузиб юборди: – Балога йўлиққур, бизни шунинг учун чақирганмидинг?! Қўлга илинган нарсани отганича Абу Лаҳаб қичқирарди… Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўз амакилари!.. Бир ёндан Муҳаммадул-Аминнинг қўрқинчли эълони, иккинчи томондан амакиси Абу Лаҳабнинг бундай тутуми нима қилишни билмай турганларни ҳуркитиб, тарқатиб юборди. Фотиманинг ақли бовар қилмасди. Энди етти ёшга кираётган бўлса-да, амакисининг бундай қилаётганига ишонгиси келмасди. Отаси мол-дунё, пул истагани йўқ-ку улардан. Фақат ишонишлари ва амал қилишларини, шу йўл билан жаҳаннамдан қутулишларини истаганди, холос. Шундай ўйлар гирдобида уйга қайтган Фотима онаси ва опаси Зайнабнинг суҳбатлари устидан чиқди. Қизчасининг маъюс юзи, савол тўла нигоҳларидан нимадир юз берганлигини сезган онаси ўрнидан илкис туриб сўради: – Нима бўлди, қизим?! Фотима Сафо тепалигида бўлган воқеаларни сўзлаб, охирида деди: – Жаҳаннам олови, Аллоҳ ғазабидан бандани банда қутқара олмайди. У ҳатто Пайғамбарнинг қизи Фотима ёки аммаси София бўлса ҳам! Ҳеч ким ҳеч кимни қутқара олмайди! – Бизни қўрқитма, Фотима! – Албатта, қўрқиш керак, опажон. Аммо биз учун қўрқинчли ҳеч нарса йўқдир. – Топишмоқ қилиб гапирма. – Биз иймон келтирганимиз учун қўрқинчли нарса йўқдир. Аммо Абу Лаҳабнинг бундай қилмишига нима дейиш мумкин? – Ҳа, Абу Лаҳаб… Ич-ичларидан зил кетган ҳазрат Хадижа қизлари Руқайя ва Умму Кулсумга қаради. Улар ҳам аччиқ ўйлар оғушида эдилар. Бу икки ғунча Абу Лаҳабнинг ўғиллари Утба ва Утайбаларга унаштирилган, тўйлари кутилаётган эди… Абу Лаҳаб ва унинг аёли Умму Жамил Ислом дини ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломга тўсқинлик қилиш, қарши курашишда шу даражага етдиларки, улар ҳақида махсус Масад сураси нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўйсунмаслик оқибати эди бу. Ҳатто туғишган амакиси ҳам Аллоҳ ва Унинг Расули амрига итоат этмагани учун жаҳаннам аҳлига айланди. «Ўзингизни оловдан асранг!» буйруғи жуда тез ёйилаётган, фақат қулф кўнгилларгина бундан бебаҳра эди. Кўнгил дарвозаларини илоҳий муждага ёпган касларни нима дейиш мумкин?..



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ