РОСТГЎЙЛИК ВА ОМОНАТ

8 йил аввал 2720 siyrat.uz

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмлари орасида «амин (омонатдор)» деб танилган эдилар. Бундай номга тўғрилик, омонатдорлик ва гўзал ахлоқларда юксак даражага эга бўлган кишигина сазовор бўлиши мумкин. Ундай бўлса нима учун улар у Зотни ёлғончига чиқардилар, азият бердилар ва душманчилик қилдилар? Бу саволга Қуръон жавоб беради: «Сени, албатта, уларнинг айтаётганлари хафа қилишини яхши биламиз. Улар сени ёлғончига чиқараётганлари йўқ, балки золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қилмоқдалар»(Анъом сураси, 33-оят). Яъни улар сени ростгўй эканингни биладилар. Лекин иймон келтиришни хоҳламайдилар. Чунки иймон уларнинг зулму жафо ва инсонларни қул қилишга асосланган раҳбарлиги ва мартабасидан жудо қилади. Ислом дини барча инсонлар орасини тенглаштиради. Бу борада Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти асос бўлади: «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир» (Ҳужурот сураси, 13-оят). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг амали суст бўлса, унинг олийнасаб бўлиши ёрдам бера олмайди», деб марҳамат қилганлар. Ислом динида барча инсонлар тароқнинг тишлари каби баробар. Арабнинг ажамдан, оқ танлининг қора танлидан афзал жойи йўқ. Афзаллиги бўлса ҳам, тақво ва солиҳ амал қилишда бўлади. Инсонлар орасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қаттиқ душманчилик қилган Абу Жаҳлга эътибор берайлик. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга душман бўлса ҳам у Зотнинг рост гапираётганларини билар эди. Бир киши ундан: «Муҳаммад рост гапиряптими ёки ёлғон?» деб сўраганида, шундай жавоб берган эди: «Эй шўринг қуригур! Қасамки, Муҳаммад рост гапиряпти, Муҳаммад ҳеч қачон ёлғон гапирмаган! Лекин Қусайнинг авлодлари байроқни ҳам, ҳожиларни суғоришни ҳам, каъбапўшни ҳам, пайғамбарликни ҳам илиб кетса, Қурайшнинг бошқа уруғларига нима қолади?!» Демак, ёлғонга чиқариш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ростгўйликларидаги шубҳанинг сабабидан эмас, балки қабилалар ўртасидаги мувозанат ва раҳбарликдан айрилиб қолиш қўрқуви сабабидан экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг омонатдорликларига келсак, Қурайш ичидаги бадавлат хоним Хадижа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо у Зот омонатдор ва гўзал хулқлар соҳиби бўлганлари туфайли турмушга чиққанлар. Хадижа розияллоҳу анҳо Шомга юборажак тижорат карвонига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни раҳбар қилиб тайинлайдилар. Қурайш аҳли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга куфр келтирган бўлишларига қарамай, у Зотга мол-мулкларини сақлаш учун омонатга беришлари ҳам у Зотнинг қанчалар омонатдор эканларига далил бўлади. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Мадинага ҳижрат қилишга изн бергач, амакиваччалари Али розияллоҳу анҳуни омонатларни ўз эгаларига топшириш учун Маккада қолдирдилар. Бу пайтда кофирлар муҳожирларнинг мол-мулкларини талон-тарож қилаётган эди. Лекин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам талон-тарож қилинган мулклар эвазига омонатга қўйилган пулларни олмадилар. Балки уларни ўз эгаларига топширишга буюрдилар. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида ростгўйлик ва ростгўй кишиларни мақтаганлар, ёлғон ва ёлғончиларни қоралаганлар: «Ростгўйлик яхшиликка етаклайди. Яхшилик эса жаннатга олиб боради. Киши доим ростгўй бўлар экан, (унинг исми) Аллоҳ таолонинг ҳузурида ростгўй киши деб ёзиб қўйилади. Ёлғон гуноҳга ундайди. Гуноҳ эса дўзахга олиб боради. Киши доим ёлғон гапирар экан, (унинг исми) Аллоҳ таолонинг ҳузурида каззоб киши деб ёзиб қўйилади».  



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ