Исро ва Меърож

1 ўн йил аввал 3419 siyrat.uz

Исро ва Меърож

Ҳазрат Фотима ва ҳазрат Умму Кулсум овқат пишириш ҳаракатида эдилар. Оталари келгунича улгуришлари керак. Қизлар оналари йўқлигини билдирмаслик учун қўлларидан келган ҳамма ишни қилишарди. Эшик тақиллади. Чопиб бориб эшикни очган ҳазрат Фотима отасини чангга беланган ҳолда кўриб, ҳайрон бўлганича ортга чекинди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кулимсираб ҳол сўрашлари ҳам таъсир этмай, йиғлаб юборди. Буни эшитиб ошхонадан чиққан ҳазрат Умму Кулсум ҳам суратдай қотди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкарига кирдилар, қизлар ҳам кириб кийим-кечакларини чангдан тозалай бошлашди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бўлган воқеани сўзлаб бердилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мушриклар ёнидан ўтиб кетаётганларида бу иймонсизлар ҳақорату лаънатлар ёғдиришади. Сўнг бу билан ҳам кифояланмай, инсонлар гултожига қараб тупроқ сочиб, ахлат ва тошлар ота бошлашади. Буларни ички титроқ, чуқур дард билан эшитган қизлар мушрикларга қарши оталаридан ўтиб ҳеч нарса дея олишмади. Фақат ҳазрат Фотима ўксиб-ўксиб йиғлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни юпатдилар: «Йиғлама, қизим, отангни буюк Аллоҳ асрайди!» Бўлган воқеадан хабар топган ҳазрат Зайнаб ва ҳазрат Руқайя хўжайинлари билан етиб келишди ва оталарига далда бўлишди.

* * * Қизларнинг ҳар қанча ҳаракатларига қарамай, Ҳадиж онамизнинг вафотлари оқибатида пайдо бўлган бўшлиқ тўлмас, уй ҳувиллаб қолган эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам қизларининг қийналаётганларини кўриб, бу вазиятдан чиқиш йўлларини ахтарардилар. Жондан азиз қизларига она керак эди. Аҳволни кўриб турган саҳобалар чора топгандай бўлишди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига саҳоба аёл ҳазрат Ҳавлани жўнатишди. Унинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломга қариндошлиги ҳам бор эди. Аёл ётиғи билан ота  қизларга ҳар қанча меҳр билан муносабатда бўлса-да, она ўрнини боса олмаслиги, уйга, оилага аёл меҳри, аёл қўли кераклигини айтди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Ҳавлага лозим топган ишини қилиши мумкинлигини айтганларида аёл гапни чўзиб ўтирмай, ҳазрат Савдога совчи бўлиш ниятини билдирди. Ҳазрат Савдо бинти Замъа биринчи муслималардан эди. Бунинг учун яқинлари томонидан таъқибу тазйиқларга учрагач, эри билан Ҳабашистон ҳижратига кетган эди. Ҳижратдан Маккага қайтишгач, орадан кўп ўтмай, тул қолганди. Бу айрилиқ етмагандай, яқинлари яна тазйиқ ўтказа бошлашганди. Диндан қайтмаса, бутунлай ёлғиз қолиши, аросатда ўлиб кетишини айтиб пўписа қилганларга аёл «Ўлсам ҳам, динимдан қайтмайман», дерди. Тазйиқ ва таҳдид кун сайин кучайиб борар, аёл ҳимояга муҳтож эди. Ҳазрат Ҳавла Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларидан чиқиб ҳазрат Савдоникига йўл олди. Бошига қўнган бахт қуши ҳақида сўзлади. Ҳазрат Савдо аввал мамнун бўлди, сўнг бирдан маъюс тортди. – Нима бўлди, Савдо? Аввал шодланиб, сўнг… – Севинчим боиси Пайғамбаримиз алайҳиссаломга рафиқа бўлиш бахти… – Хафаланганинг сабаби-чи? – Икки нарса хаёлимга келди. – Нималар? – Биринчиси – ҳазрат Ҳадижадай аёлнинг ўрнини мен қандай боса оламан, дея қўрқув… – Иккинчиси-чи? – Мен ёш жувон эмасман. Чаққонлигим, кучим мени тарк этаётир. Мендай катта аёл Пайғамбаримиз алайҳиссаломни сиқиб қўймасмикин? Шуларни у Зотга айтиб кўр. Нимани маъқул кўрсалар, шу бўлади. – Сенга совчиликка келганим Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шу ишни маъқул кўрганларини билдиради. – Шундай бўлса ҳам, бориб андишаларимни айтгин, илтимос! – Майли, мен кетдим. Ҳазрат Ҳавла Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб, аҳволни англатди. Ҳазрат Савдонинг андишаларини баён қилди ва олган жавобидан мамнун қайтди. – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сен қандай бўлсанг, шу ҳолингча қабул қилмоқчилар. Барча иккиланишу андишаларингни билиб-англаган тарзда сенга оғиз солаётирлар. – Ҳазрат Ҳадижа ўрнини боса олмаслигимни айтдингми? – Ҳа, айтдим. «Савдонинг вазифаси Ҳадижа ўрнини босиш эмас, балки завжа, оила бўлиш», дедилар. – Барибир чўчияпман. – Қўйсанг-чи, мен сени «она», дейман. – Нега энди? – Пайғамбаримиз алайҳиссалом аёллари муслимларнинг ўз оналаридан ҳам устунроқ-ку. – Ҳа, тўғри. – Қутлуғ бўлсин, онажоним! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларининг розилиги билан ҳазрат Савдога уйландилар. Ўшанда Пайғамбаримиз алайҳиссалом 50, ҳазрат Савдо онамиз эса 55 ёшда эдилар. Илк кунларданоқ оналари ўрнини боса олмаслиги, пайдо бўлган бўшлиқни тўлдиролмаслиги, аммо яхши уй бекаси бўлишга интилишини айтиб, амалда кўрсатган ҳазрат Савдога қизлар ёрдамчи бўлишди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга рафиқа бўлиш масъулияти, қизларга бўлган самимий меҳр «уммуҳатул мўминин» – мўминлар онаси даражасига кўтарди, дунё тургунчалик шуҳрат келтирди. * * * Ҳақорату тазйиқлари чегара билмаган мушриклар бу даврда тинч ўтиришмади. Зулмнинг янги, ваҳшийроқ усулларини ўйлаб топишди. Аммо шунга қарамай, ҳеч ким диндан қайтмас, аксинча, мусулмонлар сафи тобора кенгаярди. Баттар қутурган мушриклар жоҳилликнинг шу даражасига бориб етишдики, мусулмонларга Маккада туриш имконсиз бўлиб қолди. Бундан сиқилган, бутун таҳдидларга қарамай, даъватни бир зумга ҳам тўхтатмаган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам чора излай бошладилар. Оилалари ва яқинларини ҳимоялаш зарур эди. Ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифга кетишга қарор қилдилар. Коинот сарвари сафарга ҳазрат Зайд билан чиқдилар. Орадан анча вақт ўтди, аммо Тоифдан хабар келмади. Бутун оила қаттиқ хавотирда бўлишса-да, ишлари яхши бўлса керак, дея ўзларини овутишарди. Аммо Тоифдан қайтган Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг маъюс, чарчоқ рафторларини кўриб, у ерда юз берган воқеаларни эшитиб, юраклари ортга тортиб кетди. Тоифликлар қилмиши кўкни ҳам ғазаблантириб, чақмоқ билан Тоиф кулини кўкка совуриш, йўқ қилиб юбориш истагида эди. Аммо марҳаматли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буни истамадилар. Ҳатто дуоибад ҳам қилмадилар. Тоиф унутилмас мудҳиш кун сифатида тарихга кирди. * * * Кундан-кунга зўрайиб бораётган тазйиқлар, таҳдидлар, устидан ахлат, мағзава тўкиб юборишларига қарамай, Пайғамбаримиз алайҳиссалом сабрлари ниҳоясиз, бирор оғиз ёмон сўз айтмаган эдилар. Ҳатто ўғил фарзандлари вафот этганда мушриклар айтган гапларга ҳам жавоблари сукут бўлган эди. Аввал Қосим, сўнг Абдуллоҳ вафот этганда оддий одамгарчилик юзасидан таъзия билдириш, ҳеч қурса, жим туриш ўрнига мушриклар «Муҳаммаднинг насли кесилди, у бефарзанд энди», дея ҳайвонлар ҳам жирканадиган ишни қилиб, пасткашликларини кўрсатишди. Мушриклар қиз болани одам санашмас, одам муомаласини ҳам қилишмасди. Ўғли йўқларни эса «бепушт» дея ҳақоратлашарди. Буюк Аллоҳ эса Пайғамбаримиз алайҳиссаломга тўрт нозанин гул ато этиб, насл давомийлигини таъминлаган эди. Аммо кўнгли басир мушриклар буни англай олишмасди. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтдилар дегунча «Қаранглар, бепушт ўтяпти! Насли узилган одамни кўриб қўйинглар!» деб қичқиришарди. Бу етмагандек, Пайғамбаримиз алайҳиссалом устларига тупроқ, ахлат тўкишар, намоз ўқиётиб, саждага кетганларида ҳожат чиқаришарди. Буларнинг барчасига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғайриинсоний сабр-матонат билан жавоб берар, Ислом дини тарғибини ҳеч канда қилмасдилар. Шундай кунларда Исро ва Меърож ҳодисалари юз берди… Ҳижратдан бир ярим йил аввал эди… Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кеча Масжидул Ҳаром (Каъба)дан Масжидул Ақсо (Қуддус)га келтирилдилар. У ердан қаватма-қават самога кўтарилиб, мўъжизавий нарсалар кўрсатилди. Жаннат ва жаҳаннамни, у ердаги бандаларни кўрдилар. Сидратул мунтаҳо, Кабъи кавсайн мақомларига эришиб қайтган Пайғамбаримиз алайҳиссалом хом сут эмган банда ақли бовар қилмайдиган яна қатор мўъжизаларга шоҳид бўлган эдилар. Шу кеча 5 вақт намоз фарз қилинди. Унгача намоз 2 маҳал – эрта тонгда ва оқшомда ўқиларди. Бу кеча мусулмонларга хушхабар ва ҳадялар ато этдилар, жаннат аҳлидан бўлиш муждаси бутун изтиробларини унуттириб юборди. Бир неча ойларга ҳам сиғмайдиган бу илоҳий сафар бир кечанинг бир қисмида юз берган эди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг таъбирлари билан айтганда, «ётоқлари ҳали совимаган эди». Мусулмон дунёсини шарафлантирган Исро ва Меърож ҳодисаси мушриклар учун ҳақорат – мазахларга янги мавзу бўлди, холос. Тўрт гул эса бу ҳодисалардан яшнаб очилган, оталари англатганлар билан юксалган эдилар. Улар ўқиётган намозлари билан кунига беш бора меърожга чиққандай бўлишарди…



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ