УЛУҒЛАР УЛУҒИ

8 йил аввал 3228 siyrat.uz

Майкл Ҳарт «Тарихда ўтган юз улуғ киши» деган китоб ёзиб, улуғ кишилар силсиласини Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бошлаганлигини биласизми? Ваҳоланки, ўзининг илоҳи ва халоскори Масиҳ алайҳиссаломни учинчи ўринда зикр қилиб ўтади. Нима учун Масиҳ алайҳиссаломни кейин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни бириинчи зикр қилганини биласизми? Бу саволга муаллифнинг ўзи жавоб бериб, шундай дейди: «Тарихда бутун дунёга катта таъсир кўрсатган шахслар рўйхатида биринчи ўринга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни танлаганим баъзи китобхонларни ҳайрон қолдириши мумкин. Шуни унитмаслигимиз керакки, инсоният тарихида ҳам диний, ҳам дунёвий жиҳатдан батамом муваффақиятга эришган ягона киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдаги энг катта динлардан бирининг тамал тошини қўйди ва уни тарқатди. Шунингдек, катта таъсирга эга сиёсий қўмондон бўлган эди. Унинг вафот этганига ўн уч асрдан кўп муддат бўлган бўлса-да, таъсири ҳамон кучли бўлиб, кенг равишда тарқалиб бормоқда». Шундан кейин Майкл Ҳарт Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг араб қабилаларини бирлаштиришга сарфлаган кучлари ва ақл бовар қилмас Ислом фатҳлари ҳақида гапириб ўтган. Бу фатҳлар натижасида мусулмонлар қисқа фурсатда ҳудуди Ҳиндистондан то Атлантика океанигача чўзилган империя туза олган эдилар. Тарих ҳозиргача бундай улкан империяни кўргани йўқ. Муаллиф ушбу китобда фатҳ асосида Ислом кириб борган ҳудудлардан анча йироқ бўлган Ҳиндистон, Африка мамлакатлари, Индонезия ва бошқа давлатларга Ислом кириб бориши ҳақида ҳам гапириб ўтган. Ислом бу ерларга бирор жанг ёки урушсиз кириб борган. Бунинг ўзи ҳам баъзиларнинг тасаввуридаги Ислом дини қилич билан тарқалган деган фикрни нотўғри эканини исботлайди. Майкл Ҳарт Ислом Пайғамбарини Масиҳ алайҳиссаломдан олдин зикр қилганига икки сабабни келтириб ўтган. Биринчи сабаб: Ислом динида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таъсири Масиҳ алайҳиссаломнинг насронийлик динидаги таъсиридан кўра кучлироқ. Чунки руҳоний Павел насронийлик дини таълимотларининг ривожланишига катта таъсир кўрсатган. Насронийлик динига даъват қилиш қоидаларига Павел асос солган. Қолаверса, Янги аҳддаги аксар матнларнинг муаллифи ҳам Павелдир. Иккинчи сабаб: Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам диний раҳнамолигидан ташқари дунёвий қўмондон ҳам эди. Масиҳ алайҳиссалом ундай бўлмаган. Майкл Ҳарт Масиҳ алайҳиссалом ҳақида гапиргандан сўнг у зотнинг сўзларини иқтибос қилиб келтиради: «Душманларингизни яхши кўринг, сизларни лаънатлаганларга барака тиланг ва сизларга ёмонлик қилганларга яхшилик қилинг». «Ёмонликка жавоб қайтарма! Балки ўнг юзингга урган кишига чап юзингни ҳам тут!» Майлк Ҳарт бу сўзлар ҳаётий эмас, шунинг учун бирор киши унга эргашмаган дейди. Бу сўзларни ҳеч ким қабул қилмаган. Насронийлар бу сўзларга ер юзи аҳолисини бошқаришга ярамайдиган идеал фикрлар деб қарайди. У шундай дейди: «Биз бу сўзларни бажармаймиз ва бирор киши бажаришини кутмаймиз ҳам». Биз бу сўзлар билан Масиҳ алайҳиссаломнинг обрўларини тўкмоқчи эмасмиз. Чунки мусулмон киши Масиҳ алайҳиссалом Аллоҳ таоло инсонларга юборган энг улуғ пайғамбарлардан бири деб эътиқод қилади. Лекин Майкл Ҳарт бутун дунёга пайғамбар бўлиб келиш ва маълум ҳудудга пайғамбар бўлиб келиш нима эканини тушуна олмайди. Чунки Масиҳ алайҳиссаломнинг пайғамбарлиги Бани Исроилга хосдир. Масиҳ алайҳиссалом ҳам бу сўзларни айтиб ўтганлар. Матто Инжили (15/24): «Масиҳ: Мен фақат Бани Исроилнинг адашган қўзичоқлари учун юборилдим», деди». Бу Масиҳ алайҳиссаломнинг рисолати фақат яҳудийларнинг ўзигагина қаратилган ва уларнинг адашганларини тўғрилаш учун юборилган экан. У зот Матто Инжилида шундай дейди (5/17): «Мени Номус ёки бошқа пайғамбарлар (олиб келган дин)ни бекор қилиш учун келди, деб ўйламанглар! Мен (уларнинг рисолатини) тўлдириш учун келдим!». У зотнинг бу сўзларидан у зот олиб келган дин Мусо алайҳиссаломнинг рисолатларини тўлдириш учун ва фақат Бани Исроилга қаратилганини тушиниш мумкин. Лекин насронийлик таълимотларини Масиҳ алайҳиссалом эмас, балки Павел айтганига ҳеч қандай шак ва шубҳа йўқ. Бу сўзлар қаёқда-ю, Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида айтган сўзлари қаёқда: «Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик» (Анбиё сураси, 107-оят), «Биз сени барча одамларга фақат хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юбордик» (Сабаъ сураси, 28-оят). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Менга ўзимдан олдинги бирор пайғамбарга берилмаган беш нарса ато этилди: менга бир ойлик масофадан туриб (душманлар қалбига) қўрқув тушиши билан ёрдам берилди. Менга ер юзи масжид ва покловчи қилиб берилди, умматимдан ҳар бир киши намоз вақти кириб қолса (ерда бўлса ҳам), ўқийверади. Менга ўлжалар ҳалол қилинди, мендан олдинги бирор кишига ҳалол қилинмаган эди. Менга шафоат ато қилинди. Ҳар бир пайғамбар фақат ўзининг қабиласига юборилар эди, мен бутун инсониятга юборилдим». Имом Муслимнинг ривоятларида: «Мен билан пайғамбарлик ўз ниҳоясига етди», дейилган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлар ва расуллар хотамидир. У Зотдан кейин пайғамбар ҳам, рисолат ҳам йўқ. Шунинг учун у Зотнинг шариатларида соғлом ақл инкор қиладиган нарсанинг ўзи йўқ. Масиҳ алайҳиссаломнинг шариатлари эса маълум замонга ва фақат яҳудийларгагина қаратилган эди. Шу сабабдан ҳам ҳозирги кунда аксар насронийлар ўзларининг муқаддас китобларида баён этилган таълимотлардан юз ўгирмоқда. Чунки улар Майкл Ҳарт айтиб ўтганидек, бу таълимотлар ҳаётий (реал) эмас ва дунёни бошқаришга ярамайди, деб ўйлайдилар.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

улуғликларидаги сирлар» китоби асосида

Раҳматуллоҳ Аҳмаджон ўғли тайёрлади.

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ