НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМГА САЛАВОТ

8 йил аввал 5674 siyrat.uz

Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй иймон ‎‎келтирганлар! (Сиз ҳам) унга салавот айтинг ва салом йўлланг», деган («Аҳзоб» сураси, 56-оят). Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бошқа биров эмас, ҳатто Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиши таъкидланмоқда. Араб тилида «салавот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, «дуо» маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиши у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади. Фаришталарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишлари у Зоти бобаракотнинг ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади. Мўмин-мусулмонларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишлари эса улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир. Демак, Аллоҳ таоло доимо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориб, у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан рози эканини билдириб, Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мақтовлар айтиб турар экан. Фаришталар ҳам у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан раҳмат, саломатлик, розилик сўраб дуо қилиб туришар экан. Ояти каримада таъкидли хабардан кейин мўминларга: «Эй иймон келтирганлар! (Сиз ҳам) унга салавот айтинг ва салом юборинг», деб амр қилинмоқда. Бу амрга биноан, ҳар бир мўмин учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ва салом юбориш фарз бўлиб қолади. Бу хусусдаги баҳсларда уламоларимиз «Умр давомида бир марта ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари ҳар зикр қилинганида бир марта саловот айтиш керак», деганлар. Амалда эса охиргиси – ҳар доим номлари зикр қилинганида саловот айтиш урф бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишни амр қилган экан, бу салавот қандай қилиб айтилади, деган савол пайдо бўлиши табиий. Жумладан, ушбу оят нозил бўлганидан кейиноқ саҳобаи киромларда худди шу савол пайдо бўлган. Баъзи кишиларда «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи салавот айтиб турса, Унинг фаришталари салавот айтиб турса, мўминларнинг салавотига нима ҳожат бор?» деган савол пайдо бўлиши ҳам мумкин. Бу муҳтамал саволга жавоб шу: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминларнинг салавотларига эҳтиёжлари йўқ. Балки мўминлар у Зотга салавот айтишга муҳтождирлар. Улар ушбу салавотлари ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаб, савоб оладилар. Дуолари қабул бўлади. Муродларига етадилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менга саловот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган салавотининг баробарида салавот айтиб турадилар. Банда салавотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа, кўп», деганларини эшитдим». Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амри. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилади. Имом Шофеъий: «Ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди», деганлар. Имом Насаий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбаллар ривоят қилган ҳадисда Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз: «Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз?!» дедик. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чунки ҳузуримга фаришта келиб, «Эй Муҳаммад, албатта, Роббинг айтур: «Ким сенга салавот айтса, албатта, Мен унга ўн марта салавот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?» деди», деб хабар бердилар. Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўпдир. Асрлар давомида мусулмонлар ушбу оятга ва ҳадисларга чин ихлос билан амал қилиб келмоқдалар. Намозларида ўз Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтмоқдалар. У Зоти бобаракотнинг номи шарифлари зикр этилиши билан салавот айтишга шошиладилар. Аҳли солиҳ кишиларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишдан иборат кундалик вазифалари ҳам бор. Аксинча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари зикр қилинганда у Зотга салавот айтмаслик мусулмонларнинг надоматга йўлиқишларига сабаб бўлади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Имом Термизий ва Имом Насаийлар ривоят қилган ҳадисда: «Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга салавот айтмаса, ўша одам бахилдир», деганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак номлари зикр этилганида у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтмаслик ниҳоятда ёмон ишдир.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ