ПАЙҒАМБАРИМИЗ ВА АЁЛ КИШИ

8 йил аввал 6018 siyrat.uz

Агар: «Аёлларни ҳақиқий озод қилувчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир!», десак, бу сўзда муболаға қилмаган бўламиз. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлиб келганларида аёл кишининг бирор ҳақ ва ҳуқуқи йўқ эди. Бу мавзуда гаплашсак, суҳбатимиз жуда чўзилиб кетади. Бир маълумотга қулоқ солайлик: Насронийлик кенгаши олтинчи асрда: «Аёл киши руҳсиз жисмми ёки руҳга эга жисмми?!”, деган масалани аниқлаш учун тақиқот олиб борилди. Тадқиқот охирида аёл киши жаҳаннам азобидан қутқарадиган руҳдан холи, Масиҳ алайҳиссаломнинг онаси бундан мустасно деган хулосага келади! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса аёл киши инсонийликда эркак киши билан баробар эканини айтганлар ва: «Аёллар эркакларнинг туғишганларидир!», деб марҳамат қилганлар. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида аёл киши солиҳ амал қилса, эркак кишилар каби охиратда азобдан нажот топишини баён қилган. Булар насронийлик кенгашининг хулосасига зид келади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, давомли итоаткор эркаклар ва давомли итоаткор аёллар, садоқатли эркаклар ва садоқатли аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозеъли эркаклар ва тавозеъли аёллар, садақа қилгувчи эркаклар ва садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, фаржларини сақловчи эркаклар ва (фаржларини) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар – ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб сураси, 35 оят). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл кишини ҳурмат қилишлари, уни ҳимоя қилишлари ва ундан зулмни бартараф қилишлари ҳақида хабар бериб, шундай деганлар: «Менга дунёингиздан аёллар ва хушбўйлик суюкли қилинди. Кўз қувончим эса намоздадир». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни уришдан қайтариб: «Аллоҳнинг чўриларини урманглар!» деб марҳамат қилганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон қўллари билан аёл кишини урмаганлар. У зот: «Сизларнинг яхшиларингиз аёлига яхшилик қиладиганингиздир», деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар хато қилса ҳам, уларни ёмон кўрмаслик ва унга сабр қилишга буюрганлар. У Зот: «Мўмин киши мўмина аёлини ёмон кўрмасин! Унинг бир хулқи ёқмаса, бошқа хулқи ёқади», деганлар. Мана шу тўғри йўл бўлиб, у фақат яхши тарафларни қидириш ва салбий томонларини билмасликка олишга чақиради. Чунки салбий тарафларни қидириш нафратланиш ва ёмон кўришга олиб боради. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса» (Нисо сураси, 19-оят). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёли билан ёмон муомалада бўладиган киши мўминларнинг яхшиси эмаслигини хабар бериб: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласига жуда кўп аёллар эрларидан нолиб келди. Ана ўша эрлар сизларнинг яхшингиз эмас», деганлар. Яъни ана ўша аёлига ёмон муомалада бўладиган кишилар сизларнинг яхшингиз эмас. Муслима аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонида ҳақорат қилинмаган, азият берилмаган, урилмаган, унга ёмон муносабатда бўлинмаган, тоқатидан ортиқ иш буюрилмаган, фикрини баён этиши ва хаёлида ўтаётган нарсаларни ошкор қилишдан маҳрум қилинмаган ҳолда ҳурмат ва иззатда ҳаёт кечирди. Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хушмуомала, доим чеҳралари очиқ, аҳли аёллари билан ҳазил қилиб, уларга лутф билан муомала қилувчи эдилар, нафақаларини кенг қилиб берар ва аёлларини кулдирар эдилар. У Зот мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо билан мусобақа ҳам ўйнаб турганлар. Бу билан Оиша розияллоҳу анҳога муҳаббатлари қанчалик эканини кўрсатганлар. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан югуришда мусобақа ўйнадилар. Мен у Зотдан ўтиб кетдим. Ўша вақтда ҳали семирмаган эдим. Семирганимдан кейин ҳам мусобақа ўйнадик. Бу сафар у Зот мендан ўтиб кетдилар ва: «Бир-у бир бўлди», дедилар». Баъзи вақтларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча аёллари у Зот тунайдиган уйда тўпланишиб бирга кечки овқатни тановул қилишарди. Сўнг ҳар бирлари ўз уйларига тарқалиб кетарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари билан тунаганларида бир эски кўйлакда ухлар, елкаларига ридоларини ташлаб олар ва киндикларининг остида изор бўлар эди. Хуфтон намозини ўқиб бўлганларидан сўнг уйларига кириб, ухлашдан олдин аёллари билан озгина суҳбат қурар ва бу билан уларнинг кўнглини кўтарар эдилар. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Батаҳқиқ, сизлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди» (Аҳзоб сураси, 21-оят). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари билан қилган муомалалари қанчалар гўзал, уларга қанчалар лутф қилардилар, қанчалар ҳурмат қилардилар! Бири Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, иккинчиси Оиша розияллоҳу анҳо бўлган эр ва хотин ўртасида бўлган ропмантик лаҳза ва гўзал сўзларга бир қаранг. Сиз бунда аёл киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўрган муҳаббатининг чегарасини билиб оласиз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога: «Мен сени қачон мендан ғазабланган ва қачон рози бўлган ҳолатингни биламан», дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо: «Ё Аллоҳнинг Расули, буни қандай қилиб биласиз?», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар рози бўлсанг, «Муҳаммаднинг Парвардигорига қасам», деб гапирасан. Агар ғазабинг чиқса, «Иброҳимнинг Парвардигорига қасам», дейсан», дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: «Қасамки, тўғри! Мени сизни исмингизни тарк қилган бўламан, ўзингизни эмас», дедилар. Яъни сизнинг муҳаббатингиз қалбимда мустаҳкам, у ўзгармайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари Хадижа розияллоҳу анҳога бўлган вафодорликлари у Зотнинг вафотларидан кейин ҳам бардавом бўлди. Агар бирор ҳадя келтирилса: «Уни фалончи аёлга олиб боринглар, у Хадижанинг дугонаси эди!» дер эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар билан маслаҳатлашар ва катта-катта масалаларда уларнинг фикрларини олар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи бўлиб иймон келтирган, ҳам моддий, ҳам маънавий томондан кўмак берган аёл киши, яъни аёллари Хадижа розияллоҳу анҳо бўлганини ёдимиздан чиқармайлик. Ҳудайбия сулҳида сулҳ бандлари ёзиб бўлингач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: «Туринглар, қурбонлигингизни сўйинглар ва сочларингизни олдиринглар!» дедилар. Саҳобалардан бирор киши турмади. У Зот бу сўзни уч бора такрорладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сулҳнинг бандларида қон тўкмаслик ва тинчликка эришиш йўлида баъзи нарсаларга кўз юмганларига қаттиқ маҳзун бўлганидан бирор саҳоба буйруқни бажаришга турмади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари Умму Салама розияллоҳу анҳонинг олдиларига кириб, саҳобаларнинг қилган ишини гапириб бердилар. Умму Салама доно аёл эдилар. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Ё Аллоҳнинг Пайғамбари! Ўзингиз биринчи бўлиб чиқинг, ҳеч кимга ҳеч нарса демай туяларингизни сўйинг ва сартарошингизни чақириб, сочингизни олинг!» деб маслаҳат бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу солиҳа аёлнинг маслаҳатини олиб, ташқарига чиқдилар ва ҳеч кимга ҳеч нарса демай туяларини сўйдилар, сартарошни чақириб, сочларини олдирдилар. Буни кўрган саҳобалар барчалари туриб, туяларини сўйди ва баъзиси баъзисини сочини олишга киришиб кетди. Ғам-ғуссанинг кучлилигидан бир-бирларига жароҳат етказишларига озгина қолди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам енгил табиатли инсон эдилар. Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалим инсон эдилар. Оиша бир нарсани хоҳласа, унга қўшилар эдилар». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Ҳабашлар масжидда ҳар хил ўйинларни кўрсатар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уларнинг ўйинини кўришни хоҳлайсанми?» дедилар. Мен: «Ҳа», дедим. Кейин иягимни елкаларига, юзимни яноқларига қўйиб томоша қила бошладим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Бўлдингми?» дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, шошилманг!» дедим. Бир оздан сўнг яна:«Бўлдингми?» дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, шошилманг!» дедим. Мен уларнинг ўйинларини кўргим келаётгани йўқ, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менга бу даражада эътибор беришлари У Зотнинг бошқа аёлларига етиб боришини хоҳлар эдим». Аёл кишининг ўрни жоҳилят даврида қандай бўлгани,Ислом келгандан сўнг қандай бўлганига бир назар солайлик! Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳга қасамки, биз жоҳилият даврида аёлларни одам сафида кўрмас эдик. Аллоҳ таоло улар ҳақида Ўз оятларини нозил қилди ва уларга берилиши керак бўлган нарсаларни тақсимлаб берди. Кунларнинг бирида бир юмуш юзасидан фикр юритиб ўтирган эдим аёлим: «Бу ишда фалон, фалон йўлни тутсангиз, яхши бўларди», деб қолди. Мен унга: «Сени нима ишинг бор? Мен қилмоқчи бўлган ишга нимага аралашяпсан?» дедим. У: «Эй Хаттобнинг ўғли, қизиқсиз-а! Маслаҳат берилишини хоҳламайсиз. Қизингиз бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маслаҳат беради. Бунинг таъсирида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кун бўйи жаҳллари чиқиб юради!»деди.  



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ