Турмуш қуриш

7 йил аввал 1626 siyrat.uz

Турмуш қуриш

Ҳазрат Фотима жуда кўркам, ихлосли, чаққон қиз бўлиб етишганлиги сабабли унга харидорлар кўп эди. Қуръонни гўзал ўқир, чуқур англаб, яшаш тарзига тўла сингдирган эди. Уй ишлари-ю қўни-қўшничилик муносабатларида ҳам ибрат ,oларли эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлари – ҳадиси шарифларни ёддан билар, чиройли изоҳлар, хуллас, гўзал ишларни гўзал адо этар эди. Ўн тўрт ёшига қадар ҳазрат Хадижа тарбиясини олган ҳазрат Фотима бу дунё ва охират, ўз уйи ва келинликда лозим бўладиган барча билимларни онасидан ўрганган эди. Оналар султони ҳазрат Фотимагина эмас, барча қизларига шундай гўзал тарбия берган, нозик фаросат билан турмушга тайёрлаган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари ичида энг омадлиси ҳазрат Фотима эди. Зотан, у ҳам Пайғамбар отаси, ҳам оналар султони, ҳам уч опачаси тарбияси, ўрнагини олиб ўсган эди. Шу сабабли ҳазрат Фотима устунликка эга эди. Бу устунликни ҳеч ким тўла ифодалай олмасди. Пайғамбар ота, энг устун она ва энг сара опалар… Натижа – мукаммал ҳазрат Фотима… Фотимани ҳазрат Фотима қилган омиллар мана шулар эди. Шулар туфайли ҳазрат Фотима «жаннат ҳурларининг онабошиси» бўлди. Афандимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўз қорачиғи, гули, ҳазрат Хадижанинг ғунчаси, опачаларининг эрка чечаги, умматнинг саййидаси… Ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон ва бошқа саҳобалар, айниқса, қариндош-уруғлари ҳазрат Алини қисташарди: «Тезроқ оғиз сол!» – Бориб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан Фотиманинг қўлини сўра. – Мен қандай Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига бораман? Сизлардан бирортангиз мен учун боринг. – Биз бораверамиз, аммо ўзинг бўлганинг маъқул. – Мен у Зотдан қандай қизларини сўрайман? – Бегона жойга бормаяпсан-ку, амакисининг ўғли бўлсанг. Кўз олдида катта бўлгансан. Сени фарзандидай кўради, йўқ демайди. – Шундай деб ўйлайсизми? – Ҳа. – Бир ўзимнинг боришим ноқулай. Бирортангиз менга ҳамроҳлик қилинг. – Бунақа ишларга ёлғиз борилади, Али. – Лекин мен уяляпман. – Унда эшиккача бирга борамиз. Ичкарига ўзинг кирасан. – Майли. – Юр бўлмаса. – Ҳозирми? – Ҳа. – Мунча шошилинч? – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хайрли ишларга шошилинг», дея марҳамат этмаганларми?! – Ҳа, шундай. – Шундай экан, қани юр. – Бўпти, ё бисмилло… – «Бисмиллаҳ…» ҳар бир хайрли ишнинг боши эмасми, Али? – Ҳа, шундай. – Илоҳим, бошидан хайрли бўлсин. – Иншааллоҳ!.. Ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларигача бирга келишди. «Буюк Аллоҳ ниятингга етказсин, Али», дея ортга қайтишди. Ҳазрат Али эшик олдида ёлғиз қолди. Чуқур нафас олди. Бироз ўзини йиғди. Сочини силаб тузатган бўлди. Лекин ҳеч эшикни тақиллата олмади. Охири журъат тўплаб эшик қоқди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкаридан овоз бергач, «Ассалому алайкум, ё Расулуллоҳ. Мен жиянингиз Алиман, кирсам майлими?» деди. Рухсат теккач, аста ичкарига кирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундоқ ёнгиналарига ўтирди. Ҳаяжондан титрар, нафаси тиқилиб қоларди. Юз-кўзлари қизариб кетган, овоз чиқармай ўтирарди. – Нега келдинг, Али? – Кўргани. – Фақат кўрганими? – Ҳа, Аллоҳнинг Расули. Бошқа ҳеч нарса деёлмади. Аслида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам гап нимадалигини дарҳол пайқаган, аммо Алининг аҳволини кўриб ортиқча қистамадилар. Озроқ ўтиргач, ҳазрат Али рухсат сўраб ўрнидан турди. Нега, қандай киргани, қаерга қандай ўтиргани, қандай хайрлашиб чиққанини ўзи ҳам билмайди. Битта билгани – ҳузури Набийга кириб чиққани. Ҳамон титроғи босилмаган, қизаргани кетмаган эди. Унинг бу ҳолини кўрганларнинг кулгиси қисташи тайин… Жангларда арслондай олишган, ўлимнинг юзига тик қараган, ўзи юзларча ғаним ичига қўрқмай отилган Али у эмас эди гўё. Қиз қўлини сўрамоқ шунчалар қийинми? Энг оғир урушда ҳам бу қадар чарчамаган эди. Орадан яна бир неча кун ўтди. Саҳобалар ҳазрат Алини яна ўртага олиб қисташди. Уяламан, деганига қулоқ солишмади. Уни тўғри Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларига олиб кетишди. Эшикни тақиллатиб узоқлашдилар. Ҳазрат Али ичкарига киришга мажбур бўлди. Яна аввалгидай қимтиниш билан сўрашиб, бир четга ўтирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ишора билан ёнларига ўтқаздилар. Ҳазрат Али бошини кўтаролмас, юзлари қизариб кетган, тез-тез нафас олар эди. – Қандай эҳтиёжинг бор, Али? – … – Ё қизим Фотимани сўраб келдингми? – Ҳа, Аллоҳнинг Расули, – дея олди зўрға. – Хуш келибсан, қадамингга ҳасанот. – !.. Бошқа гапиролмади. Буюк жасорат билан рухсат сўраб ташқарига чиқди. Тиззаларидан дармон кетган эди. «Қиз сўраш мунча ҳам қийин бўлмаса, ё Роббим?!» Оёқлари чалишиб ўртоқлари ёнига аранг етиб борди. – Қандай хабар билан келдинг, Али? – Ўзим ҳам билмайман. – Айтмадингми? – Йўқ, аммо у англади. – Яъни? – «Қизим Фотимани сўраб келдингми?» деди. – Сен нима дединг? – Ҳа, дея олдим, холос. – Кейин-чи? – Кейин «Хуш келибсан, қадамингга ҳасанот», деди. – Аллоҳнинг Расули бу калималарнинг биттасини айтганида ҳам сенга рози бўлганини билдиради. Қувончдан Алининг боши кўкка етди. Қўлда бор-йўқ барча нарсасини фақирларга улашди. Бутун саҳобалар ҳам бу шодликка шерик бўлишар, тўй тадорикларига ёрдам беришарди. Шу асно ҳазрат Алини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чақирдилар. У барча ишини ташлаб югурди. Ҳазрат Фотиманинг маҳри ва бошқа эҳтиёжлар учун 480 дирҳам бериши лозимлигини сўзладилар. Яна ҳазрат Фотиманинг «Эй ота, менинг маҳрим қиёмат кунида умматингизнинг авф этилиши бўлсин», дегани ва ваҳий келиб бу тилак қабул бўлганини ҳам айтдилар. Ҳазрат Алининг қувончи чексиз эди. Аммо бирдан маҳзун тортди. Чунки унинг шунча пули йўқ эди. Буни пайқаган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам совутини сотишни маслаҳат бердилар. Ҳазрат Али совутини олиб бозорга йўл олди. Учраган кишига совутини таклиф қиларди. Аммо ҳамма уни ёқтиргани билан уни 150-200 дирҳамдан ортиққа олмаслигини айтарди. Шу тариқа бозорга етиб келди. У ерда ҳам 200 дан ошиқ берувчи бўлмади. Қанча уринса-да, унга керак 480 дирҳамни таклиф қилмади ҳеч ким. 250 дирҳамгагина кўтарилди. Бу етмаса ҳам, қолганини бошқа ердан топаман, деб энди сотмоқчи бўлаётган эди, ҳазрат Усмонга кўзи тушиб қолди. – Бозорда нима қилиб юрибсан, Али? – Совутимни сотмоқчиман. – Жангчи ҳам совутини сотадими? – Пул жуда зарур. – Мен 480 дирҳам бераман, розимисан? – 480?!. – Камми? – Аксинча, кўп эканлигини ўзинг биласан-ку, Усмон. – Агар сотсанг, 480 дирҳамга оламан. – Майли, яхшиликка ишлат. – Ма, пули. Ҳазрат Али бозордан қайтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига етаёзганди, ортдан ҳазрат Усмоннинг чақиргани эшитилди. – Али, тўхтаб тур. – Нима гап? – Сен уйланяпсан-а? – Худо хоҳласа. – Тўйга совға бериш одатимиз бор. – Биламан. – Агар рози бўлсанг, совғамни ҳозир бермоқчиман – мана шу совутни… – Лекин… – Бу совут фақат сенга ярашади… – Аммо… – Совғани рад этишмайди, Али, ол! – Хўп, Усмон, катта раҳмат. – Тўйлар муборак ва хайрли бўлсин! – Аллоҳ сендан рози бўлсин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Али қўлидаги совутни кўриб нега сотмаганини сўради. – Эй Аллоҳнинг Расули, совутга ҳеч ким 250 дан ортиқ дирҳам бермади. Шунда Усмон келиб 480 дирҳамга сотиб олишини айтди. Сотган эдим, тўй совғаси, деб ўзимга қайтиб берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Усмонни дуо қилдилар. Қанчалар гўзал ҳаракат, асл иш, бетакрор ибрат эди бу. Биродарининг эҳтиёжини қондириш билан бирга кўнглини ҳам олганди. Ваҳоланки, инсоннинг чорасизлигидан фойдаланиб молини арзон-гаровга оладиганлар ҳам бор. 400 дирҳамлик нарсани 50 дирҳамга баҳолайди бунақалар. Иложсиз бечора ҳам сотишга мажбур бўлади. Қанийди, ҳамма ҳазрат Усмондан ўрнак олса! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам 400 дирҳамни олиб саксонини Алига қайтиб берди. Ҳижратнинг иккинчи йили, сафар ойи, жума… Никоҳ маросимида Масжиди Набий бошдан-оёқ тўлди. Аёллар бўлими ҳам гавжум бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон ва ҳазрат Абдураҳмонлар билан бирга келдилар. Никоҳ хутбасини ирод этиб қизлари Фотимани 400 дирҳам маҳр билан Алига никоҳлаганларини айтдилар. Ҳазрат Алига «Сўзла!» дедилар. Ҳазрат Али аввал Аллоҳга ҳамд, Расулига салот ва салом йўллади. Бу никоҳдан жуда мамнун ва масрур эканини сўзлади. Шу ердаги саҳобалар никоҳга гувоҳ бўлишди ва шу тариқа ҳазрат Али билан ҳазрат Фотиманинг никоҳлари қийилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ишоралари билан масжиддагиларнинг барчасига хурмо улашилди. Ортидан ҳазрат Билол қўллари билан тайёрланган шарбат тортилди. Ҳазрат Алига акаси Оқил уй берганди. Али уни Фотима даражасига мос ҳолга келтиришга уринди. Ва уй тайёр бўлди – ортиқча ҳашамату безакларсиз, аммо топ-тоза, шинам… Ҳазрат Али тўй тадоригини тўла кўриб бўлди. Никоҳ қийилганидан бери беш ой ўтганди. Энди тайёрлигини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга билдириш керак. Ўзи боришга уялиб амакиси ҳазрат Ҳамзадан илтимос қилди. Бирга масжидга кетаётиб Умму Айманга дуч келишди. Бу аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энагалари эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳазрат Зайдга никоҳлаб бергандилар. Ва «Умму Айман онам вафотидан сўнг менга оналик қилган, шафқатини дариғ тутмаган. У онамдан кейинги онам!» деб марҳамат қилгандилар. Шу боис барча мусулмонлар уни жуда севар, ҳурмат қилишарди. Аҳволни унга англатиб маслаҳат сўрашди. Аёл: – Сиз мендан хабар кутиб туринг. Чунки бундай ишлар аёлларсиз битмайди. Ҳозир бориб Оиша, Савдо ва Ҳафсалар билан Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига кираман. Биргаликда тушунтирамиз, сиз қайтиб, кутинг… – Аллоҳ сиздан рози бўлсин, эй Умму Айман онамиз. Бизни хижолатдан қутқардингиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кирган аёллар номидан Умму Айман сўзлади: – Эй Аллоҳнинг Расули! Ота-онамиз, опа-укамиз, жонимиз сизга фидо бўлсин. Агар раҳматли Ҳадижа бор бўлганида бу иш билан ҳузурингизга келиб ўтирмаган бўлардик. Унинг ўзи ҳал қилиб қўя қоларди. Бу ном тилга олингани ҳамон Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўзлари ёшга тўлди. Уни хотирладилар. «Бу дунёда Хадижадай аёл бормикан? Мени ҳамма ёлғончи, деганда, у ишонди. Мени қўллаб-қувватлади. Дунё ва охиратда ёрдамчим бўлди». – Тақдири илоҳий шундай экан… Мана, вақт ўтиб, унинг севимли кенжаси ҳазрат Али билан никоҳланди. Ҳазрат Али тўйга тайёрлигини айтиб, рухсатингизни олиш учун бизни юборганди. Нима қилайлик? – Алини чақиринглар, келсин! – Ҳозироқ, Аллоҳнинг Расули! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидаги нурли табассумни кўриб қувонган аёллар мамнун ҳолда қўзғалишди. Бориб ҳазрат Алига хушхабарни етказдилар. Ҳазрат Али қаттиқ ҳаяжонда келди. Тили базўр айланар, юзлари қип-қизариб кетганди. – Эй Али, тайёрмисан? Тўйинг бўлишини истаяпсанми? – Ҳа, Аллоҳнинг Расули! Рухсатингиз билан… – Тўйларинг бугун бўлади, Али! – Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчидир! – Унда бориб, одамларни тўйга чақир! – Ота-онам сизга қурбон бўлсин, эй Расулуллоҳ! Ҳозироқ чақираман. Ҳазрат Билол, ҳазрат Али ва хабар топган одамлар кечга қадар бутун тўй ҳаракатларини битиришди. Бири жонлиқ сўйган, бири пишириқ билан банд, яна кимдир шарбат тайёрлаган… Масжид атрофи «валима» ейишга ҳозир қилиб қўйилди – намоздан сўнг тўй таоми ейилиши керак эди. Умму Айман бошлиқ аёллар – ҳазрат Ойша, ҳазрат Савдо, ҳазрат Умму Салама, ҳазрат Асмолар келиб, ҳазрат Алининг уйини кўрдилар. Бир хонали, бир айвонли уй. Поли тупроқ. Ҳовли этагида ширингина боғча. Аёллар ишга киришиб, уйларни тозалаб, нарсаларни жойлашди. Қирдан қум келтириб, тупроқли полни эпақага келтиришди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига боришди. У Зот ҳаммаларини дуо қилдилар, қизлари Фтимага эса насиҳат этдилар: – Севимли қизим Фотима! Сен Алига жория бўл, у ҳам сенга қул бўлсин! Ҳазрат Алига ҳам шундай дедилар: – Эй Али! Сен қизим Фотимага қул бўл, у эса сенга жория бўлади. – Салмон! – Лаббай, Аллоҳнинг Расули! – Қизим Фотима тайёр бўлиши билан туяга миндир ва янги уйига ўзинг олиб бориб қўй! – Бу менинг учун шарафдир, эй Аллоҳнинг Расули! Ҳазрат Салмон туяни хафсала билан безаркан, унга гапирарди: – Эй туям! Сени қанча безасам ҳам оз. Сени безайдиган, шарафлайдиган устингда ташияжагинг қиздир. Жаннат ҳури, аёллар шарафлиси, Пайғамбар алайҳиссалом қизлари Фотимтуз-Зуҳродир… Туя ҳам бўйнидаги масъулиятни тушунгандай бош силкиди… Тўй таоми ейилгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Алини муборак ҳузурлариги чақирдилар. У қизарган юзларига чиққан терларни сидириб келди. – Эй Али! Уйингга бор… Қизим Фотима боради, уни қарши ол ва мени кутинглар! – Хўп бўлади, эй Аллоҳнинг Расули! Ҳазрат Али юриб эмас, учиб кетди гўё. Уйи келин келишига тайёрлаб қўйилганини кўриб, шунчалар таъсирландики, кўз ёшларини тия олмади. Пайғамбар қизи Фотиматуз-Зуҳро бу уйга келин бўлиб келади. У билан ҳаёти бу уйда бирлашади… Ва… Ана… келин келаётир. Фақат, фақат… Бу мумкин эмас… Қоронғуни ёритаётган бу нур қаердан таралмоқда? Салмон етаклаб олган туя устиданми? Ҳазрат Фотимами? Ёки ой шуъласими? Туя устидаги нур обидаси Фотима эди! Пайғамбар қизи! Ҳазрат Али бундай келинни қандай кутиб олишни билмай шошиб қолди, ёнидагилар ёрдамидагина ўрнидан турди. Қутлуғ келин қутлуғ уйга туширилди. Такбирлар билан, дуолар билан… Келин томон ичкарида, эркаклар ташқарида ўтиришди. Ҳар бири уни табриклаб, дуо қилар ва изн сўраб кетишар эди. Ичкаридагилар ҳам, ташқаридагилар ҳам Пайғамбар алайҳиссаломни кутишарди. У Зот бир гуруҳ саҳобалар билан кириб келганлари ҳамон барча оёққа турди. Баракот ва хайр тилаб, дуо қилдиб тарқалишди. Ҳазрат Али Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйга киришди. Бир четга ўтиб, одоб билан ерга тикилди. Ҳазрат Фотима ва аёллар Набий алайҳиссалом ичкарига кирганлари ҳамон ўринлардан туришган, амрларига мунтазир туришарди. – Менга сув келтиринг! Алоҳида маросим бўлишини сезган аёллар ҳазрат Фотимани табриклаб чиқиб кетишди. Фақат Умму Айман ва яна икки аёл қолишди. Энди буёғи оилавий тадбир эди… Ҳазрат Зайнаб ва ҳазрат Умму Кулсум эди қолган икки аёл… Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирилган сув билан таҳоратларини янгилаб олдилар. Сўнг ҳазрат Фотимани чақирдилар: – Кел, қизим! Ҳазарат Фотима ҳаёдан қизарган юзлари нур сочганча оҳиста келди. Отаси қаршисида бош эгиб турди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бояги сувнинг қолганини сепиб «Эй Аллоҳим! Уни ва наслини шайтон васвасаларидан халос эт!» дея дуо қилдилар. Ҳазрат Алига ҳам шундай қилдилар. Сўнг иккисини қаршисига ўтқазиб, сув сепиб дуо қилдилар. «Аллоҳ муборак этсин», дея ўринларидан турдилар. Кўзлари ёшга тўлганича қизи ва куёвини бир хил меҳр билан бағирларига босдилар ва аста чиқиб кетдилар… Аёллар ҳам бир-бирларидан кўз ёшларини яширганларича чиқиб кетишди. Ҳазрат Асмо қилган уч кўрпача, битта гилам, битта ичи хурмо қипиғи билан тўлдирилган ёстиқ, иккита қўл тегирмони, бир челак, бир сопол кўза, бир мис хум, бир элак, бир сочиқ, бир ошланмаган тери, яман газламасидан икки кўйлак, битта пайпоқ, хурмодан ишланган битта курси эди нур қизнинг сепи… Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари, жаннат ҳури ҳазрат Фотиманинг сепи бор-йўғи шулар эди. Унинг асл сепи иймони ва аъмоли эди…




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ