Биргалик

3 йил аввал 2276 siyrat.uz

Биргалик

Ҳазрат Хадижадек тенги йўқ она ва коинот Сарварининг фарзандлари қандай бўлиши керак бўлса, улар ҳам шундай эди. Оналар султони қўли ва қалбидаги бутун кучини болалар тарбиясига сарфлаган ва дунё тургунича ҳаммага намуна бўла оларли қизларни етиштирганди. Энди улар ҳам навбат ўзларига келганини англаб фарзанд тарбияси билан шуғулланишар, оталарига ҳам ҳар ишда ёрдамда бўлишарди. Ҳазрат Хадижа вафотидан жуда паришон бўлган ҳазрат Фотима ҳамманинг кўзи унда эканини яхши англаб, шунга лойиқ иш тутарди. Пайғамбар отаси, жондош опалари кунда келиб хабар олишар, насиҳат қилишар, ёрдам беришарди. Янги келиннинг ҳар куни зиёратчиси бор эди… Маккада оналар султони ҳазрат Хадижа Хадижаи Тоҳира ва Хадижатул Кубро деб аталарди. Энди эса Мадинада унинг кенжа қизи Фотиматуз-Зуҳро ва Фотиматул Кубро дейиларди. Шундай атабгина қолмай, барча аёллар унинг сўзларига қулоқ осишар, яшаш тарзидан ибрат олиб ўзлариникига тадбиқ этишарди. У ҳам бутун кучини ўрнак бўлиш, ибрат кўрсатишга қаратарди. Уй ишларига ҳам улгурар, эрининг кўнглини ҳам  олар эди. Оналар султони ва ибратли опалар тарбияси уни мукаммал, расо қилган эдики, отасини кўргани келганида Пайғамбар бўлишларига қарамай, у Зот Фотимани ўринларидан туриб кутиб олар, ўз ўринларига ўтқазардилар. Аллоҳ Расулининг бундай муносабатини кўрган саҳобалар ҳам ҳазрат Фотимага чуқур ҳурматда бўлишар, бир сўзини икки қилишмасди. Ҳазрат Фотима билан ҳазрат Алининг оиласи дарҳол тилларда достон бўлди, барча ибратли бу оилага ҳавас билан қарар, дуо қиларди. Иккиси бир-бирини жуда суяр, ҳурматларди. Бир-бирларига кўзлари тушганда шундай табассум қилишардики, қуриган дарахтлар ҳам жонланиб гулларди…

* * * Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Усмоннинг сиқилиб юрганига эътибор бердилар. Ҳазрат Руқайянинг ўлими уни букиб қўйганди. Унга қараб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қизи вафот этган йилни эсладилар. Ҳазрат Усмон шунчалар қайғуриб, ҳузунга ботгандики, мусулмонлар орасида ўша сана «ҳузунли йил» номини олганди. Ўзларига ҳазрат Ҳадижа қандай аҳамиятга эга бўлса, ҳазрат Усмон учун ҳам ҳазрат Руқайя шундай эди… Ўшандан бери уйланишни таклиф қилган яқинлари фақат рад жавобини эшитишарди: «Дунёда Руқайянинг ўрнини боса оладиган аёл йўқ!» Ниҳоят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Усмонни ҳузурларига чақирдилар. Одоб ва ҳаё тимсоли бўлган ҳазрат Усмон фаришталарнинг ҳам ҳавасини келтирадиган тарзда келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Кулсумни Руқайянинг ўрнига бермоқчиликларини, ҳазрат Усмоннинг бу борада фикрини билмоқчиликларини айтдилар. Ҳазрат Усмон юзлари қизариб, каловланиб қолди. Бироз ўзини ўнглаб паст овозда: «Аллоҳ ва Унинг Расули яхшироқ билувчидир!» деди. Воқеадан хабар топган ҳазрат Зайнаб ҳазрат Али ва ҳазрат Фотималар билан биргаликда ҳазрат Усмоннинг уйига боришди. Ҳазрат Усмон буларни ҳурмат қилар, яхши кўрарди. – Эй Усмон. Эй ҳаё ва одобда ягона дўстим. Пайғамбаримиз алайҳиссалом сени нимага чорлаганларини биламиз. – Нега экан, Али? – Умму Кулсумни сенга бериш учун! – !.. – Бунинг нима уят жойи бор, Усмон? – Руқайядай аёл устига уйланишни истамайман, Зайнаб. – Усмон, шуни билки, Руқайя билан Умму Кулсум бир хил. Яъни феъл-атвори, тутуми жуда ўхшаш. Яна Руқайя билан бирлашгандай бўласан. – Cизлар Пайғамбар алайҳиссалом қизларисиз, эй Фотима. Айтганларингизни қилишимиз лозим. Мен «йўқ» демаяпман-ку. – «Ҳа» деганинг ҳам йўқ-да. – Мени биласизлар-ку, уят… – Биламиз, Усмон. Муборак бўлсин. – Сизларнинг дуоларингиз мустажоб дуолардандир, эй Пайғамбар қизлари. Бир ҳафтада тўй бўлди. Ҳижратнинг учинчи йили эди… Ҳазрат Умму Кулсум розилик билдириши билан ҳаракатлар тезлашиб кетди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир қизларини зўрлаб турмушга бермаганлар, бу сафар ҳам кенгашиб иш тутгандилар. Ҳазрат Зайнаб ва ҳазрат Руқайяларнинг тўйида ҳазрат Ҳадича бор эдилар. Қизларини ўз қўллари билан ясантириб узатгандилар. Аммо тақдири илоҳий тақозоси билан оналар султони қолган икки қизининг тўйини кўролмади. Ҳазрат Фотиманинг ҳам, ҳазрат Умму Кулсумнинг ҳам тўйларида оналари йўқлигини билдирмасликка уринди бутун мўмина аёллар. Оналар султони ўрнига келган аёллар – ҳазрат Савдо, ҳазрат Оиша, ҳазрат Ҳафсалар ҳам қалб қўрию қўл кучларини аямай қизларни янги уйларига кузатишди. Пайғамбар алайҳиссалом қизларининг барчаси узатилганди… Ҳазрат Руқайя турмуш қурган ҳолда вафот этган, қолган уч қиз эса оилавий ҳаётда барқ уришарди… Гулларнинг гуллари гуллардай очилган, кулган, кулдираётган эдилар… * * * Одатий кунларнинг бири эди… Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимани кўргани келган эдилар. Ҳамиша қизларидан хабар олар, ташвишу муаммолари бор-йўқлигини сўраб суриштирар, насиҳат қилар эдилар. Ўша куни ҳам кенжа қизникига келгандилар. Қизи уйда ёлғиз, жуда эзгин ўтирарди. Бундан ташвиш тортган Пайғамбар алайҳиссалом нима бўлганини сўрадилар. Ҳазрат Фотима биринчи гапиришни истамади, сўнг атрофга аланглаб ҳазрат Алини кўрмагач, аста деди: – Куёвингиз билан бироз тортишиб қолдик. Бошқа гапирмади, тафсилотлар билан отасининг шафқат тўла юрагини эзишни хоҳламади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай нарсалар ҳар қандай оилада бўлиб туришини, аммо бўлмаса, янада яхшироқ бўлишини айтиб чиқиб кетдилар. Масжид ёнига келиб чангга беланиб ётган ҳазрат Алини кўрдилар. У ёнига ким келганини билмай ухлаб ётарди. Пайғамбар алайҳиссалом оҳиста туртиб «Тур, ё Абу Туроб», дедилар. Ҳазрат Али чақмоқ чаққандай сапчиб ўрнидан турди. У Зотнинг «Абу Туроб» деганлари хуш ёққан бўлса-да, хижолатда эди. Бош кўтариб у Зотнинг юзларига қаролмади, айб иш қилиб қўйган боладай бош эгиб турарди. Эгни-бошини қоқиб тозаларкан, нима дейишни билмасди. – Эй Абу Туроб, уйингга бор, – дейилгач, уйига қараб йўл олишга мажбур бўлди. Уйга яқинлашганда дарвоза оғзида турган хотинини кўрди. Кечирим сўраган каби унга боқди. Аёл ҳам шу тарзда унга қараб турарди. Бироздан сўнг қучоқлашиб ярашишди. – Сени ранжитдим, кечир, Пайғамбар алайҳиссаломнинг гавҳари! – Сиз ҳам, эй Пайғамбар алайҳиссаломнинг куёви! – Энди мени Абу Туроб деб чақир, Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизи! – Нега? – Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шу номни бердилар. – Абу Туроб! – Ҳа, Абу Туроб. Масжиднинг бир четида ухлаб ётгандим, чанг-тупроққа беланиб ётганим учун отанг «Тур, эй Абу Туроб, уйингга бор!» дедилар. – Ундай бўлса, хуш келибсиз, эй Абу Туроб. – Хушвақт бўлайлик, эй Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизи. * * * Ташвиқ ишлари билан банд Пайғамбар алайҳиссалом уй ичини ҳам ташлаб қўймас, барча аёлларига бирдай муносабатда бўлардилар. Улар ҳам ўзларига насиб этган буюк неъматнинг қийматини яхши билишар, зиммаларидаги вазифаларни бенуқсон бажаришга интилишарди. Саҳобалар Пайғамбар алайҳиссалом изларидан ҳар соҳада эргашишар, тушган ҳар бир сурани ҳаётиларига тадбиқ қилишга уринардилар. Ўзларини қизиқтирган ҳар қандай саволларга тўла ва мукаммал жавобни олишарди. Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг, улар ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг ташвишларини бўлишишар ва ҳар куни янги гўзаллик яратишарди. * * * Афандимизга хабар келтирган саҳоба иззат-икром билан кутиб олинди. Дарҳол севимли кенжа қиз уйига йўналдилар. Фотима яқинроқ жойга, ҳазрат Хориснинг уйига кўчиб келган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қизининг бунчалар узоқда яшаётганини кўрган ҳазрат Хорис бир кун ҳузури муборакка кирган ва бутун журъатини тўплаб деган эди: – Эй Аллоҳнинг Расули! Ота-онам сизга фидо бўлсин! Севимли қизингиз сизга яқинроқ жойда яшашини хоҳлайман. Бу ерга яқин уй эса менинг уйимдир. Уни қизингизга ҳадя қилмоқчиман. – Уйинг муборак бўлсин, эй Хорис! – Менинг уйим сизникидир, эй Аллоҳнинг Расули! – Уйимни қизингизга берсангиз, хушнуд бўлардим. – !.. – Менинг жоним ҳам, молим ҳам фақат Аллоҳ ва Унинг Расули учундир. Худо ҳаққи, шу молни мендан олишингиз менга қолдирганингиздан кўра ёқимли ва мақбулдир. – Сен ҳақсан. Аллоҳ таоло молларингга барака берсин! Хорис илтимоси қабул бўлгач, ҳазрат Фотима кўчиб келганди. Ва шу уйдан мужда келганди ҳозир. – Эй Расулуллоҳ! Суюкли қизингиз ўғилли бўлди! Хушхабар келтирганга ҳадялар берган Пайғамбар алайҳиссалом қизларининг уйига йўналдилар. Эшик қоқиб киришга изн сўрадилар. У Зот ҳар бир ҳаракатлари билан мусулмон қандай яшаши, иш тутиши лозимлигини кўрсатиб берардилар. Рухсат бўлгач, ичкарига ўзлари билан нур олиб кирдилар. Уйдагиларга салом бериб сўрашдилар. Ичкаридагилар дарҳол ўринларидан туришган эди: – Хуш келибсиз, эй Расулуллоҳ! Қизингиз нурли бир ўғил кўрди, муборак бўлсин! – Аллоҳ хайрли этсин. Ҳазрат Фотима ўрнидан турмоқчи бўлди. Аммо Афандимиз йўл қўймадилар. Ҳазрат Али унинг ёнида эди. Пайғамбар алайҳиссаломни кўриб ўрнидан турган, лекин доимгидай уялиб гапирмаётган эди. Пайғамбар куёвларини ҳам, қизларини ҳам қутладилар. Қизларига шифо тилаб, набираларини кўрмоқчи бўлдилар. Оқ матога йўргакланган чақалоқни узатишди. «Бисмиллаҳ…» билан олиб меҳр ила қарадилар. – Отини Ҳасан қўямиз. – Сизга маъқул бўлса, хўп! Ўнг қулоғига азон, чапига иқомат айтилди. Хайрли дуолар қилиниб, ҳар икки қулоғига ҳам Пайғамбар бобоси исмини айтдилар. – Ўғлим Ҳасан саййиддир. Илоҳим, Жаноби Ҳақ мусулмонлар айрилигини у билан тузатсин! – Аллоҳ ва Унинг Расули яхшироқ билгувчидир! Бу тилак, балки, ўша пайтда идрок этилмагандир. Аммо кейинчалик кўз ёшлар билан «Омонна ва саддақна, ё Расулуллоҳ!» дейишарди…



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ