Сизлар ўз қароргоҳингизга Расулуллоҳни олиб кетишдан рози бўлмайсизларми?!

8 йил аввал 2398 siyrat.uz

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн ғазоти ўлжасини тақсимлашда янги мусулмон бўлган маккаликларга алоҳида эътибор қилиб уларни Исломга қизиқтириш учун кўп ўлжа бердилар. Бу ишдан ҳайрон бўлган баъзи ёш ансорийлар: «Аллоҳ Расулуллоҳни мағфират қилсин. Қурайшга берадилар-а?! Бизнинг қиличимиздан уларнинг қони томиб турибди-ку!» дедилар. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. У Зот ансорийларга одам юбордилар. Улар тайин қилинган жойга тўпланиб турдилар. Улардан бошқа бирор киши ҳам уларга қўшилишига ижозат берилмади. Сўнгра у Зот уларга қарата ўз гапларини бошладилар. Аввал Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва: «Эй ансорийлар жамоаси! Айтган гапларингиз менга етиб келди. Залолатда юрганингизда, мен туфайли Аллоҳ сизларни ҳидоятга солмадими?! Тафриқага тушган эдингиз, Аллоҳ мен туфайли сизларни жам қилмадими?! Камбағал эдингиз, Аллоҳ мен туфайли сизларни бой қилмадими?! (У Зот бу гапларнинг ҳар бирини айтганларида улар «Худди шундоқ! Худди шундоқ! Аллоҳ ва Унинг Расули миннатли ва афзал», деб турдилар.) Сўнгра у Зот: «Менга жавоб бермайсизларми, эй ансорийлар жамоаси?!» дедилар. Улар: «Сизга нима деб жавоб берамиз, эй Аллоҳнинг Расули! Миннат ва фазл Аллоҳга ва Унинг Расулигадир», дедилар. Шунда у Зот: «Аммо, Аллоҳга қасамки, агар хоҳласангиз, гапирар эдингиз. Рост гапирар эдингиз ва тасдиқланар эдингиз; ёлғончига чиқарилган ҳолда келдингиз, биз сизни тасдиқладик, хорланган ҳолда келдингиз, биз сизга ёрдам бердик, қувилган ҳолда келдингиз, биз сизга жой бердик, камбағал ҳолда келдингиз, биз сизга кўмак бердик, дейишингиз мумкин эди», дедилар. Улар: «Йўқ! Балки бизнинг зиммамизда Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг миннати бор!» деб қичқиришди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини давом этдирдилар: «Эй ансорийлар жамоаси! Дунёнинг арзимаган нарсаси учун кўнгилларингизга олдингизми?! Мен у билан бир қавмни мусулмон бўлиши учун қалбларини яқинлаштирмоқчи бўлдим. Сизларни эса исломингизга вакил қилдим. Эй ансорийлар жамоаси! Одамлар қўйу туяни олиб кетганда сизлар ўз қароргоҳингизга Расулуллоҳни олиб кетишдан рози бўлмайсизларми?! Аллоҳга қасамки, сиз олиб қайтадиган нарса улар олиб қайтадиган нарсадан яхшироқдир! Муҳаммаднинг нафси қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар ҳижрат бўлмаганида, албатта, ансорийлардан бири бўлган бўлар эдим. Одамлар бир йўлга юрсалар-у, ансорийлар бошқа йўлга юрсалар, албатта, ансорийлар йўлига юрган бўлар эдим. Эй бор Худоё, ансорларга, ансорларнинг болаларига ва ансорларнинг болаларининг болаларига ҳам раҳм қилгин!» дедилар. Одамлар йиғлайвериб соқоллари ҳўл бўлиб кетди. Улар Аллоҳ ва Унинг Расули насибимиз ва улушимиз бўлганидан розимиз», дейишарди.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ