Ҳазрат Зайнабнинг вафоти

1 ўн йил аввал 2667 siyrat.uz

Ҳазрат Зайнабнинг вафоти

Ҳазрат Зайнаб розияллоҳу анҳо… Ислом тарихидаги ўрни асло тўлмайдиган муборак хоним… Гулнинг гулларидан бири… Уч гулга оналик қилган гул… Нубувват боғининг нодир гулларидан биринчиси… Абул Осснинг севимли Зайнаби… Бутун аёлларга ўрнак бўларли Пайғамбар алайҳиссалом гули хасталанган эди…

* * * Ҳижратнинг саккизинчи йили… Ҳазрат Хадижанинг омонати, ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўнғич қизи, Руқайя, Умму Кулсум, Фотималарнинг опачаси, Умоманинг онаси, Абул Осснинг севимли Зайнаби хасталаниб ётиб қолганди… Ислом пайдо бўлганидан буён барча қийинчиликларни фидойилик билан қаршилаган ҳазрат Зайнаб ҳижрат асносида кўрган муомалалар натижасида тез-тез тоби қочадиган бўлиб қолганди. Аммо бу сафар аҳвол жуда жиддий эди. Буни аёл ҳам, эр ҳам яхши фаҳмларди. Ҳазрат Зайнаб ўзини унутиб Абул Оссга ачинаётган эди – у ўзига шунчалар боғланиб қолганки, бир гап бўлса, кўтара олмаслиги аниқ. Шу боис бутун кучини жилмайишга, эрини ва қизини хафа қилмасликка сарфларди. Аммо бу − икковининг кўз ўнгида шамдай эриб битаётганди ҳазрат Зайнаб. Истагини оғзидан чиқмасданоқ бажо келтиришга шай Абул Осс севимли Зайнаби ёнидан бир қадам ҳам жилмасди. Ҳазрат Умму Кулсум ва ҳазрат Фотима ҳам опаси қошида эди. Поччаларининг забун ҳоли уларни ҳам қайғуга солар, кўзларини ёшлатарди. Пайғамбар отаси, оналари, сингиллари, саҳобалар – барча-барчанинг уриниб, елиб- югуришларга қарамай, ҳазрат Зайнаб тугаб борарди. Сўнгги дамгача рафиқаси ёнида бўлган Абул Осс бирдан беҳуш йиқилди. Буни кўриб югуриб келганлар ҳазрат Зайнабнинг ҳам жони узилганини кўришди. Эркак бунга чидай олмай ҳушдан кетган эди. Абул Осснинг севимли Зайнаби вафот этганди… Юзига сув сепилгач, ўзига келган Абул Осс оқ газлама ўралган ётоққа қаради. «Севимли Зайнабим!» дея ингради. Икки кишининг кўмагида ташқарига чиқди. Унинг аянч аҳволидан юраклари ачишган Пайғамбар алайҳиссалом, уч сингил, оналар ва саҳобалар ўз дардларини унутиб, Абул Оссни юпата бошлашди. Ҳатто Умома ҳам… Аммо ҳеч бирининг гапи қулоғига кирмасди… Унинг Зайнаби энди йўқ… вафот этди… Энди ўттизга кирганди… Қизи Умома эса ўн тўрт-ўн бешда… Яккаю ёлғиз қизини қучиб Абул Осс ўкириб юборди… * * * Ҳазрат Савдо, ҳазрат Салама, ҳазрат Зайнабнинг энагаси ҳазрат Умму Айман ва ансора ҳазрат Умму Атийялар шошиб йўлга тушишди. Ҳазрат Зайнаб розияллоҳу анҳони ювиб кафанлаш учун… Уларга Пайғамбар алайҳиссалом шундай буюргандилар: «Ювишни ўнг томондан ва таҳорат аъзоларидан бошланг. Сув билан тоқ – уч, беш, етти маротаба, агар лозим топсангиз, бундан ҳам кўп марта ювинглар. Охирги ювишда сувга кофул солинглар. Ювиб бўлгач, менга хабар қилинг». Ювғичлар ҳазрат Зайнабни поклашди. Сочларни учга ажратиб тарашди. Сўнг Пайғамбар алайҳиссаломга хабар қилишди. У Зот кўйлакларини бериб: – Буни ич кийим қилинглар, – дедилар. Ҳазрат Зайнаб учун қазилган қабрга ҳузун билан боққан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бироздан сўнг унинг ичига тушдилар. Ичида бироз туриб, қайғуси енгиллашиб чиқди. Бунинг боисини сўраган саҳобаларга шундай жавоб бердилар: – Зайнабнинг заифлиги ёдимга тушиб, буюк Аллоҳдан қабрни кенг ва салқин қилишини сўрадим. Аллоҳ илтижоимни қабул қилди. Севимли Зайнабини ўз қўллари билан қўйиш учун қабрга тушган Абул Осс оппоқ кафанга чулғанган рафиқасини кўргани ҳамон ҳоли ёмонлашди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қабрдан чиқариб олдилар. Севимли Зайнабининг ерга қўйилаётганини чуқур ғам, катта дард билан кузатиб турган Абул Осс яна йиқилиб қолди. Унинг ҳазрат Зайнабга бўлган муҳаббатини ҳамма жуда яхши билгани боис ўз ҳолига қўйишди. Жаноза намозини Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари ўқидилар. Абул Осснинг севимли Зайнаби охират оламига равона бўлганди… * * * Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрат Зайнаб қабри устида дуо қилдилар. У Пайғамбар алайҳиссалом қизи эди… У илк мусулмонлардан эди… У ҳар қадамни Ислом билан нурлантирган эди… У ҳар соҳада ўрнак эди… У гулнинг гулларидан эди… Абул Оссдай булбулнинг гули эди… У муҳожира эди… Унинг учун Пайғамбар алайҳиссалом қабрга тушдилар, унинг учун алоҳида дуо ўқидилар. Қабр азобидан муҳофаза этилиши учун шундай муслима ҳаққига қилинган дуо бизнинг ҳолимиз не кечажагини кўрсатади… Абул Осснинг севимлиси энди қабристон аҳлидан эди. Ўзидан олдин вафот этган ҳазрат Руқайя билан ёнма-ён эди. Абул Осс учун дийдор охиратга қолганди…



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ