РИСОЛАИ МУҲАММАДИЯ БАШАРИЯТНИ БАДБАХТЛИК ВА ҲАЛОКАТДАН САҚЛАБ ҚОЛГАН

3 йил аввал 2123 siyrat.uz

Раҳматнинг кўринишларидан энг улуғи ва олий чўққиси бир кишининг бутун бошли инсониятни ҳалокатдан сақлаб қолишидир. Ҳалокат билан ҳалокат, хатар билан хатар ўртасида катта фарқ бор. Анавиниси чегараланган, сатҳий ҳалокат ва ўткинчи хатар. Мана буниси эса абадий ҳалокат ва доимий хатардир. Шунинг учун ҳам бошқа ҳар қандай раҳматлар муҳим ва улуғ бўлса ҳам, улар анбиёларнинг башариятга кўрсатган раҳматларига тенг кела олмайдилар. Қаршимизда ҳаётнинг қутуриб, мавж уриб турган денгизи бор. У нафақат ёлғиз кишиларни, балки бутун бошли халқлар ва юртларни ютиб, ҳазорот ва маданиятларни ҳазм қилиб юборган. Унинг улкан ва саркаш тўлқинлари худди тимсоҳнинг ўра каби оғзига ўхшаб очилади ва башар жамоаларига худди қутурган шердек ташланади. Ушбу ваҳший, раҳмсиз денгиздан қандай қилиб ўтиб оламиз? Инсоният кемасини омонлик қирғоғига қандай олиб чиқамиз? Ушбу қаттиқ довулларда қолган, тоғдек мавжлар орасига тушиб қолган, йўловчига тўлган, денгизчиси ҳам, кемачиси ҳам йўқ кемани нажот соҳилига олиб чиқадиган кишигина инсониятнинг энг улкан қутқарувчиси ва унга фазл кўрсатган киши бўлиши мумкин. Албатта, инсоният ўзига илм берганларга ташаккур айтади. Шунингдек, ўзига турли маълумотларни йиғиб берган, енгилликлар яратиб берган, роҳат-фароғат воситаларини тақдим этган, ҳаёт оғирликларини енгиллаштиришда ва унинг довонларини ошиб ўтишда ёрдам берганларга ташаккур айтади. Албатта, у ҳозир санаб ўтилган кишилардан бирортасининг ҳам ҳақини поймол қилмайди. Уларнинг фазлини инкор ҳам қилмайди. Аммо инсониятнинг бош муаммоси ўзини уни пойлаб турган душманларидан қутқариб, кемасини саломатлик ва омонлик қирғоғига олиб чиқиб олишдадир. Ушбу денгизнинг тўлқинлари нимадан иборат? Ушбу денгизнинг йиртқич тимсоҳлари нимадан иборат? Албатта, у ушбу борлиқни яратган Роббул оламинни танимаслик, Унинг олий сифатларини ва гўзал исмларини билмасликдир. Ширк, бутпарастлик ва санамларга ибодат қилиш тўрига тушиб қолишдир. Бидъат, хурофот ва турли ваҳималарга берилишдир. У инсониятнинг таъби кирлашиши, Яратувчисидан ғофил қолишидир, модда ва қорин бандаси бўлишидир. У ҳаддан ошишдир. У ҳаром қилинган нарсаларни бузишдир. У ёмонликка амр қилувчи нафснинг кўйига тушишдир,  ўз бурчини адо этишдан қочишдир ва ўз манфаати ортидангина қувишдир. Инсоният учун энг улкан хатар ўз биносини бузишидир. Унинг асосий ғиштини ўз ўрнидан кўчиришидир. Инсоннинг ўз қийматини, идрокини ва ҳаётдаги ғоясини унутишидир. У ўзини бўри, кўзойнакли ёки бўғма илон деб ҳис қилишидир. Инсон ушбу улкан ҳақиқатларни унутган чоғида бу дунё ҳаётининг денгизи алангаланиб турган оловга айланади. Ана шунда инсон ўз биродари – инсонни овлашга ўтади. Илонлар, чаёнлар, бўрилар ва йўлбарсларга ҳожат қолмайди. Инсон ушбу инсоният ўрмонининг унинг олдида ҳақиқий бўрилар ҳижолат бўладиган энг катта бўрисига айланади. У ўзининг олдида ҳақиқий шайтонлар ҳам ҳижолат бўладиган бебош шайтонга айланади. Ана ўшанда инсон ўзи ёққан оловда куйиб, қовуриладиган бўлади. Ундай оловни бошқа жойдан олиб келишга ҳожат қолмайди. Ана шундай зулматли ва қўрқинчли бир пайтда раҳмати илоҳийнинг майин шамоли эсади. Инсониятнинг чириган суяклари жонланади. Унинг кемасини маҳорат ва муваффақият ила бошқарадиган кемачилар пайдо бўлади.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ