Пайғамбар алайҳиссалом вафотлари

3 йил аввал 81401 siyrat.uz

Пайғамбар алайҳиссалом вафотлари

Коинот Сарвари баъзан ярим кечаси, баъзан эса қоқ пешинда, ноодатий вақтларда зиёратларга борадиган бўлдилар. Бақиъ қабристони, Уҳуд шаҳидлиги каби… Ҳамиша зиёратда бўлардилар ва саҳобаларга ҳам шуни буюрардилар. Аммо энди бу зиёратлар тезлашган, кўпайган эди. Бунинг боисини кўпчилик англади, баъзилар эса қизиқсинди. Орадан бир неча кун ўтди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом хасталандилар… Аҳволлари шунчалар оғир эдики, муборак вужудлари ўт бўлиб ёнарди. Мадина буюк ғам гирдобида қолди.

* * * Ҳазрат Фотима болалари ва хўжайини билан Пайғамбар отасини кўргани келди. У тез-тез келиб турар, ҳазрат Оишага ёрдамлашарди. Бугун ҳам шунинг учун йўлга тушган эди. Йўл бўйи учраган саҳобалар юзидан отасининг аҳволини билишга уриниб келди. Эшик олдида бир дам тўхтаб, тин олди… Бор журъатини тўплаб ичкарига кирди. – Отажонимнинг бошлари тузалиб қолдими? – Афсуски, Пайғамбар қизи, сизга хушхабар айта олмайман. Киринг. Ҳазрат Фотима отасининг биткин аҳволини кўриб, ўзини у Зотга отди: – Ота, отажон! – Бобожоним… – Ё Расулуллоҳ! Ҳазрат Али ҳам ўзини тута олмади. Жангда арслон бўлиб кетадиган бу мард йиқилаёзганди. Оиласи олдида ўзини куч билан ушлади. Ҳазрат Фотима Пайғамбар отасини қучоқлаб олган, олов бўлиб ётганига чидаёлмай ҳўнг-ҳўнг йиғларди. – Отажон, баданингиз ёняпти! – Сабр қил, қизим. Сабр гўзалдир. Қизи, куёви ва невараларига кулиб қарашга уринар, аммо уддалай олмасдилар. Охирги дамларини яшаётганлари ҳаммага аён эди. Невараларини муборак бағирларига босдилар, севиб эркаладилар… Ҳазрат Оиша бир четда бу манзарани эзилиб кузатар, фарёдини базўр тўхтатиб турарди. Бу ҳол яна бир неча бор такрорланди. * * * Бир куни… Ётган жойларида шундай марҳамат қилдилар: – Эй одамлар! Сиз менга қарши ҳеч қандай далил топа олмайсизлар! Зеро, мен фақат Аллоҳнинг китоби Қуръони карим ҳалол қилгани ҳалол, ҳаром қилганини ҳаром қилдим. Эй қизим Фотима! Эй аммам София! Аллоҳ наздида мақбул бўлган ишларни қилинглар. Яъни менга ишониб дангаса бўлманглар. Чунки мен сизларни Аллоҳ таолонинг азобидан қутқара олмайман. Бу энг сўнгги ва энг буюк Пайғамбарнинг сўзлари эди. Иймон ва амал бўлмагач, кимнинг қизи ё аммасилигидан қатъий назар жаҳаннамдан қоча олмасди. Инсон ўзи учун ўзи иймон келтиради, ўзи амал қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даъватнинг илк кунларида шундай дегандилар, вафотларига яқин қолганда ҳам шундай демоқдалар. Ишониш ва амал қилиш… Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам касаллари кучайгани, баданлари оташда ёнаётганига қарамай, умматларини ўйлар, уларни жаҳаннам азобидан қутқаришни истардилар. – Намоз… намозга диққат қилинглар!.. Намозни… намозни канда қилманглар!.. Умматининг тўғри йўлдан тойиши, исён ўрасига йиқилишидан асрамоқчи бўлардилар. Бир кун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Фотимани чақирдилар. Дарҳол етиб келган Фотима отасининг бошини силаркан, қўллари куяёзди. – Оҳ, отажоним, оҳ, Пайғамбар отам! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам севимли қизи қулоғига бир нималар деб пичирладилар. Ҳазрат Фотима жон аччиғида «Оҳ, отажоним!» дея инграндики, ҳазрат Оиша ҳам юпата олмади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан имлаб, яна қизи қулоғига пичирладилар. Ҳазрат Фотима бу сафар қувонч билан «Отажоним», деди. Мудҳиш қайғу ва қувончнинг кетма-кетлигидан ҳайратга тушган ҳазрат Оиша сўради: – Қайғу ортидан қувонишингизнинг боиси не, Пайғамбар қизи? – Ҳозир айтолмайман,онажон, хафа бўлманг, кейинроқ. – Майли, Пайғамбар қизи. Ва кейин англади… Ҳижратнинг ўн биринчи йили… Рабиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни… Душанба… Қуёш ботаётган маҳал… Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳароратлари тобора кўтарилар, юзларига сепилган сув дарҳол буғланиб кетарди. Ҳазрат Фотима чидай олмай йиғларди: – Оҳ, отамнинг изтироблари… – Қизим! – Отажон! – Энди отанг ҳеч қандай изтироб чекмайди. – Отажоним!.. – Йиғлама, қизим. – Отам, Пайғамбар отам! – Қизим, мен вафот этган маҳалда «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», дегин. – Отажоним, Пайғамбар отам! «Ла илаҳа иллаллоҳ!» деган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларига сув сепиб, «Аллоҳим! Рафиқи Аъло, ла илаҳа иллаллоҳ!» дея муборак руҳлари арши аълога юксалиб, муборак баданлари ҳароратсиз қолди… Атрофдагилар не қилишни билмай қотиб қолишди. – Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун! Шундай дея ҳазрат Фотима отасининг устига отилди. Ҳазрат Оиша тилдан қолгандай эди. Ҳазрат Фотиманинг ҳайқириғи саҳобалар устига бомбадай тушганди. – Аллоҳимнинг даъватига югурган отам! – Макони жаннат бўлган отам! – Ўлим хабарини ҳазрат Жаброилдан олган муҳтарам отам! Ҳазрат Фотиманинг исёнга айланмаган фарёди бутун юракларни ёндирар, кўз ёшлар сел бўлиб оқарди… Жоннинг жони кетди, энди ҳеч кимда жон қолмаганди. Пайғамбар афандимиз, ҳазрат Аҳмаду Маҳмуду Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам олтмиш уч ёшларида вафот этгандилар… Ҳижратнинг ўн биринчи йили, рабиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни, душанба эди… Милодий 632 йил, 8 июн эди…



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ