Соғинч

8 йил аввал 2898 siyrat.uz

Соат чамаси тунги 12. Атроф жимжит. Уйда соатнинг чиқиллаган овозидан бўлак нарса эшитилмаяпти. Ҳар сонияси ўтаётганда «Эй банда, ҳар бир сониянинг ўтиши умринг тобора қисқараётганидан хабар бермоқда. Қиладиган ишларингни қилиб ол» дегандек гўё. Хонада чироқ ёқилган. Бир қарашда кўз китоб тўла жавонга ҳамда стол устида тартибсиз ётган қоғозларга тушади. Қаламдондаги қаламларнинг кичрайиб қолганига қараганда, у анчагина китоб қоралаган. Бутун қишлоқ уйқуга кетган бу пайтда биргина Иброҳим ҳали ҳамон уйғоқ. Қишлоқ зим-зимистон бўлган айни дамда фақатгина унинг хонасидаги чироқ ёниқ. Бироқ хонадаги чироқ ёқилган бўлса-да, унинг хиралигидан китоб ўқишга қийналади киши. Иброҳим икки кўзлари қизариб, қўлидаги китобни столи устига қўйди. Унинг кўзларидан сизиб чиққан ёш, эҳтимол, кўзлари шамоллагани сабабли ёки ўқиган китобининг таъсири туфайли ҳам бўлиши мумкин эди. У ҳали ҳамон ўқиган китобидаги маълумотларни ўйлар, ҳечам ўзига сиғдира олмасди. Чунки у чакана ишмики, бир эшитиш ёки ўқишда бундай гапларни сингдириб олса. Иброҳимнинг ёши 25 да. Шу пайтга қадар умрини ўзи истаган йўналиш – адабиёт оламига бахшида этиб келди. Ёшлигидан буён қўлидан китоб тушмайдиган, жаҳону ўзбек бадиий адабиётига тааллуқли анчагина асарларни ўқиб чиққан бу йигит охирги пайтларда диний руҳда ёзилган китобларни варақлай бошлаганди. Пайғамбарлар тарихи, айниқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига доир китобларни кўп мутолаа қила бошлаганди. Ҳозир ҳам сийрат китобини ўқиб, бир маълумотга келганда тўхталиб қолди. «Макка даври» номи билан тарих саҳифаларида қолган даврни мутолаа қила туриб, «Ойнинг бўлиниши» ҳодисасини ўқиди... Бу воқеа рўй берганини тасдиқлади... Бироқ, бироқ тасдиқлаган бўлса-да, ичидан аллақандай ҳислар ўтди. «Қандай қилиб бу ҳодиса рўй берган экан?» деган савол у учун жумбоқлигича қолди. Иброҳим ҳовлига чиқди. Кечалари бироз салқин бўлса-да, ёқимли ҳаво. Айниқса, осмонда чарақлаб турган юлдузлар, тўлин ой... Иброҳим осмонга ҳеч қачон бугунгидек қарамаганди. Ўйчан нигоҳда ойга термула бошлади. У ариқда оққан сувнинг шилдираши, чигирткаларнинг чириллаши, узоқ-узоқлардан келаётган итларнинг вовуллашига ҳам парво қилмаётганди. Бугун ой тўлин эди. Иброҳим ундан нигоҳини узмасди. У шу даражада тикилиб қолгандики, ё ойдан китобда ўқиганидек бўлинганлик белгисини кўрмоқчи ёхуд у хаёл денгизига шўнғиб кетган. Бу фақат унинг ўзига аён... Бир пайт қўққисдан: — Ҳа, нима, ишонмаяпсанми? – деган овоз келди. Иброҳим чўчиб кетди. Дарров атрофига аланглаб, ким гапираётганини билишга интилди. Бироқ ҳеч кимни топа олмади. «Эҳтимол, менга шундай туюлгандир», дея ўзини ўзи хотиржам қилишга уринди. Ҳеч нарса бўлмагандай, аввалгидай хаёл суришда давом этди. Бироқ бу ҳолат узоқ давом этмади: — Ростдан ҳам ишонмаяпсанми? – овоз жиддий оҳангда янгради. Иброҳим бу сафар хаёли эмаслигига аниқ ишониб, гапирган кишини қидириб топишга ҳаракат қилди. Ҳовлида ҳеч ким йўқ эканлигига ишончи комил бўлгунга қадар атрофдан бирор кишининг шарпасини излади. Бироқ ҳеч ким йўқ экан. Сўнг журъатсиз товушда: — Гапираётган ким?! – деб сўради. — Ярим соатдан бери менга тикилиб ўтирибсан. Яна кимлигимни сўрайсан. Иброҳим: «Барибир, кимдир яшириниб олиб, мени мазах қилмоқчи», деб ўйлаб, яшириниш мумкин бўлган жойларни ҳам эътибор билан қараб чиқди. Топа олмади. — Юқорига қара! Иброҳимнинг бутун вужудини титроқ босган, нафас олиши ўзгарганди. Қўрққанича юқорига   қаради... Ҳеч нима кўринмайди... Бояги овозидан кўра яна ҳам журъатсиз оҳангда: — Гапираётган ким?! – деб сўради. — Мен оймомаман. Хавотир олма, сенга ҳеч нима қилмайман... Иброҳим бир оғиз ҳам сўз айта олмади. Бир муддат жим қолди... Сўнг ўзига келиб олгач, «Аниқ, ухлаяпман, буларнинг бари тушимга киряпти», деб ҳисоблади. Ахир тушга нималар кирмайди. Рост-да, тушда ой сўзга кирса, нима қилибди?! Осмон узилиб ерга тушармиди?! Бу, эҳтимол, Иброҳим учун, ўзи истаган нарсани сўраб олиш учун берилган инъомдир... Шунинг учун ҳам Иброҳимнинг суҳбатга киришиши қийин бўлмади. Уларнинг суҳбати узоқ чўзилди... *** — Биласанми, бугун ўқиган маълумотларимга иймон келтирган бўлсам-да, вужудим ила ҳис қила олмаяпман. Биламан, ҳозир мен туш кўряпман. Шу нарсаларни ўзингдан сўраб олай. Нима бўлган ўзи? Воқеа қандай содир бўлган? Иккига бўлинишинг қандай рўй берган? — Сенга воқеани қаеридан бошлаб айтиб беришга ҳам ҳайронман. Кел, яхшиси, борини қисқача айтиб беришга ҳаракат қиламан. «Жоҳилият даври» деб аталган пайтда мен ҳам пайғамбар келишини умид ила кутар эдим. Чунки бўлажак пайғамбар барча-барча нарсаларга раҳмат бўлиб келиши керак эди. Ўша барча нарсалар ичида мен ҳам бор эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳам раҳмат бўлиб келдилар. Пайғамбар бўлдилар-у, бироқ... Бироқ мен ўйлаганчалик у Зотни ҳамма бирдай тасдиқламади. Инкор этганлар иймон келтирганлардан кўра кўпроқ бўлди... Ҳижратдан аввалги бешинчи йил... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбар эканликларига иймон келтирмаганлар У Зот алайҳиссаломдан мўъжиза талаб қилишди. Ўша куни қўёш ўз ўрнини менга бўшатиб берганида, озгина вақтдан кейин менинг устимда қандай ишлар бўлиб кетишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Бу кеча неча асрлар ўтса ҳам, унут бўлмайдиган кеча бўлишини ўша онларда ҳали билмасдим... Жами сийрат китобларидан жой оладиган воқеа ўша кеча бўлиши кераклигини тасаввур ҳам қилмаган эдим. Айниқса, бу воқелар менга боғлиқлиги хаёлимнинг бир четига ҳам келмаганди... Мушриклар ўша тунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Пайғамбар эканликларини тасдиқловчи мўъжиза талаб қилишди. Ўша мўъжиза мен ҳақимда эди. Уларнинг истаклари нима эмишки, ўша пайтнинг ўзида мен иккига бўлиниб кетишим даркор экан. Эшитдим-у, даҳшатга тушдим. Чунки билардимки, қайси пайғамбардан мўъжиза талаб қилинган бўлса, албатта, Аллоҳ таоло ўша мўъжизани пайғамбарига юборган. Ўша пайтга қадар ҳар қанақа мўъжиза талаб қиладиган қавмларни кўргандим-у, бироқ... Кутмагандим, сира ҳам кутмагандим бундай талабни. Даҳшатдан қўрқувга тушдим. Чунки у мўъжиза амалга ошиши билан мен йўқ бўламан. Бир зумда хаёлимдан турфа туйғулар ўтди: «Неча асрлар менга ҳам раҳмат бўлиб келишларини кутган Зотим эндигина келган бир пайтларида мен йўқ бўламанми?! Энди қайта самода бўлмайманми? Одамлар мен сабабли ҳатто тунлари ҳам йўл юра олишлари энди тўхтайдими? Вазифам поёнига етдимикин? Қандай бўларкан? Оғримасмикан? Эй Худойим, Ўзинг осон қил!»Шу ўйлар оғушида қолиб кетдим. Ўша пайтда ҳеч нарса қулоғимга кирмас, ҳеч нарса кўзларимга кўринмай қолганди. Чинакамига қўрқувга тушдим. Қуёш ботиб, мен кўриниб қолганимга пушаймонлар едим... Бироқ, бироқ биргина ҳис, биргина туйғу ўзимни ўнглаб олишимга етарли бўлди. Мушриклар истаган нарса – менинг иккига бўлинишим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун кўмак бўлади. Ҳа, ҳа, ҳақиқатдан ҳам бу мўъжизанинг содир бўлиши у Зот алайҳиссаломнинг Пайғамбар эканликларига ҳужжат бўлади. Бу эса мусулмонларга кўмак бериш дегани. Бу мўъжиза ила у Зот алайҳиссалом шод бўладилар. Бу мен учун жуда катта имконият эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун жонимни фидо қилиш каби улкан шараф эди. Бу ахир чинакамига бахт, олий саодат-ку! Аллоҳ таоло бундай шарафни менга насиб айлагани учун Ўзига ҳамдлар бўлсин! Шундай қилиб, ўша лаҳзалар келди... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини кўтариб, мен томон қаратдилар. Мен ҳаяжон, қўрқув, шодлик, бахт, алам каби ҳислар ила титроққа тушдим. Ўлим соатим келганига иқрор бўлдим. Лекин бундай муборак нигоҳ, қўллар оғушида жон беришдек завқ бўлмаса керак. Хуллас, турфа ҳислар таъсирида титрай бошладим. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак бармоқларини қаратиб, юргизган эдилар, енгил бўлдим. Худди булутлар каби самода оҳистагина сайр қилдим. Бирор оғриқ ҳис қилмадим. Сўнг Аллоҳ мени асл ҳолимга қайтарди... Бари шу билан ниҳоясига етди... Мушрикларнинг ҳолатлари эса ўзингга аён ! Ўз билганларидан қолишмади ва бу мўъжизани сеҳрга чиқаришди... Қанийди, ўшанда Аллоҳ таоло менга тил ато қилганда-ку, барини сўзлаб, ўз оғизларим билан уларга айтиб берардим. Балки , кейин буни ҳам сеҳр деб ҳисоблашарди... Хуллас, бари шу тарзда рўй берган. Лекин биласанми, ўшанда ҳис қилганим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларининг муборак тафти ҳали ҳамон ёдимда. Ҳанузгача ўша тафтнинг завқи ила яшамоқдаман. Вужудимдан ўша тафтнинг ҳарорати кетгани йўқ. Орадан 20 йил ҳам ўтмади. Неча асрлар кутилган муборак Зот  Раббилари ҳузурига йўл олдилар. Неча-неча асрлар мобайнида интиқиб кутган кишим озгина муддат кўз ўнгимда бўлдилар-у, ўз вазифаларини тўлақонли бажариб, қайтиб келмас сафарга кетдилар... Биласанми, мен ҳам худди қуёш каби ерга ҳавас қиламан. У каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бағримга босган кўйи яшашни орзу қиламан. Биламан, бу орзу амалга ошмайди. Биламан, бу армонлигича қолади. Аллоҳ таоло ҳаммага ҳар хил имконият туҳфа этар экан... Ўша тафтни яна ҳис қилгим келяпти... Жуда-жуда соғиндим. Қанийди, бир бора яна ўша мен томонга узатилган қўлларни кўрсам. Қанийди, мени иккига бўлган муборак бармоқлар ила минг бўлакка бўлинсам. Қанийди... Қанийди... Бу дунёдан орттирганим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатим қолди. Ўша муҳаббат мени яшашга ундайди. Аллоҳдан умид қиламан, Ундан мени суюклигим билан қайта учраштиришини сўрайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимни Аллоҳга васила қилиб сўрайман, мени ҳам Жаннатда тирилтирсин! У Зот билан бирга бўлай. Ҳар куни табассум қилган юзларини кўрай, Қуръон ўқиган овозларини тинглай... Биламан, Аллоҳ мени фақатгина бу дунё учун яратди. Лекин нима қилай, у Зотни ўзимдан-да зиёда севсам?! Нима қилай, у Зот билан доим бирга бўлишни истасам?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни соғинган бўлсам, нима қилай?!.. Эй йигит, сен гувоҳ бўл! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чин дилдан муҳаббат қўйганман. Эй само, сен ҳам гувоҳ бўл. Фазо, юлдузлар, булутлар, сизлар ҳам гувоҳ бўлинглар. Эй зулматли кеча, сен ҳам гувоҳ бўл. Еру кўкдаги жонзотлар, сизлар ҳам гувоҳ бўлинглар. Барчангиз Раббимизга сўнгги Пайғамбарига қўйган муҳаббатим борасида шоҳид бўлинглар... *** Иброҳим «туш»ида охирги кўрган онлари шу бўлдики, самодан бир қоғоз тушди. Билдики, бу ҳамсуҳбатининг суюклисига юборган мактуби. «Эҳтимол, менга ҳам айта олмаган ҳисларини бу қоғозда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ёзгандир», деб ўйлади. Кўзлари жиққа ёшга тўлган кўйи уйғонди... Бомдод намозига таҳорат қилиш учун ариққа яқинлашди. Таҳорат қилиб бўлган ҳам эдики, сувдан бир нарса оқиб келаётганини кўрди. Узоқ тикилди. Қараса, сув устида сузиб келаётган нарса ҳозиргина «туш»ида кўрган соғинч мактуби экан... Абдуллоҳ Қосим. 16.12.2015.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ