Сийратни нима учун ўрганамиз?

3 йил аввал 2409 siyrat.uz

«Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз», деб Ўз Пайғамбарини энг гўзал мақтов билан эътироф этган Аллоҳ таолога мукаммал ҳамду санолар, «Фахр эмас-ку, мен Роббим ҳузуруда одам боласининг энг мукаррамиман»,  дея ўзининг энг афзал банда эканини баён этган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга битмас-туганмас салавоту дурудлар бўлсин. Дунё дунё бўлибдики, авлодлар аждодлари ҳақида, уларнинг яшаш шароитларию машғулотлари, ихтиро қилган нарсалари ва бошқа турли фаолиятларини ўрганишга қизиқиб келганлар. Ўз навбатида аждодлар ҳам келажак авлодга ўзлари ҳақида сўзлаб берувчи тарих китобларини ёзиб қолдирганлар. Лекин инсон зоти ўзи ҳақидаги барча ҳақиқатларни очиқ баён қилавермайди. Йўл қўйган хатоларини, ўзига нисбатан бўлган камситиш ва менсимаслик ҳолатларини яширади. Шу жумладан, ўзи томонидан содир этилганларини ҳам. Агар бирор шахснинг ҳаётини ёритмоқчи  бўлса, уни бўрттириш ва кўпиртириш, камчиликларни тарк этиш орқалигина ифодалайди. Фақат бир тарих бор! Унда барчаси очиқ-ойдин, бўрттириш ва яширишларсиз, асрлар ўтгани сари ўзгармас ва етиб келиш йўллари саҳиҳ. Бу – асри саодатнинг тарихи! Бу Хотамул анбиё, Саййидул мурсалин ва башарият орасида уларнинг муҳаббатига энг муносиб Зот, шафоатчимиз, ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари, тарихларидир. Одатда бу тарихни Сийрат деб юритилади. Тарих саҳифаларидаги бу муддат аслида денгиздан бир томчи. Лекин мана шу даврдаги воқеалар саҳиҳлиги ва ўзгариб кетмай бугунги кунгача тўғри ҳолатда сақланганини нафақат мусулмон дунёси, балки бутун дунё тан олади. Биз, қиёматгача боқий дин Расулининг умматлари, ушбу тарихни билмоғимиз, чуқур ўрганмоғимиз ва унга муҳаббат билан эҳтиром кўрсатмоғимиз керак. Сийратни нима учун ўрганамиз?Чунки унда биз севиб талпинадиганимиз, тушларимизда бўлса-да кўришни орзу қилганимиз Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан яқиндан танишамиз. У Зотнинг ҳаётларида қадам-бақадам яшаб, соғинчимизни бир қадар қондирамиз. Ўша давр кишилари, уларнинг ҳаёт тарзи ва дунёни англашдаги тафаккурлари, уларнинг инсонийлиги ва соф табиати ҳақида мулоҳаза юритамиз. Сийратни нима учун ўрганамиз? Чунки бу тарих, инсониятни зулматдан нур томон етаклаган пок диннинг ерга туширилиши ва тарқалишини кўрсатадиган, бу йўлда Парвардигорнинг суюкли Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қийинчиликларию ютуқларини, у кишига берилган турли кўмаклару, қилинган ёмонликларни кўрсатадиган ёзма ҳужжатдир. Сийратни нима учун ўрганамиз? Чунки унда  Аллоҳ таолонинг буюклигини ҳис қилишимиз учун  янада ёрқин мисоллар, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллламни қандай севишимиз кераклигини кўрсатувчи саҳобаларнинг ибратлари, динимизга ҳурмат, илмга рағбат ва киши қалбига ҳузур берувчи ажиб сакинат бор. Сийратни нима учун ўрганамиз? Чунки у яқинларимизни йўқотиш билан синалсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Маҳзунлик йили» деб номлаган йиллари – нубувватнинг 10-йилини эсга солади. Ўша йили Ҳабибимизнинг гўзал сабрлари ва ортидан таскин ўлароқ Исро ва Меърож саёҳатини зикр қилиб, бизга-да яхшиликлар умидини беради. Сийратни нима учун ўрганамиз? Чунки у, кимлардир бизга озор берса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тоифликлар  томонидан етган озорларни эслатади. У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша қавмнинг ҳақга «Уларнинг сулбидан Аллоҳнинг ёлғиз  Ўзига ибодат қиладиган, Унга ҳеч нарсани шерик келтирмайдиган кишилар чиқишини умид қиламан», дея дуо қилишлари эса бизга ибрат бўлади. Сийратни нима учун ўрганамиз? Чунки унда ҳаётимиз давомида бажарадиган фарз ва  суннат амалларни қандай жорий бўлганини билиш ва ибратланиш саҳифалари мавжуд. Уларни ўқиш ва ўрганиш давомида амалларимизга янада эътибор бера бошлаймиз. Сийратни нима учун ўрганамиз? Чунки унда биров билан савдо қилса, ўз сўзида турувчи ва хиёнат қилишдан сақланувчи кишилар ҳаёти бор. Бу – дунё матоҳига берилиб, аҳдига вафо қилмайдиган биз «беозор» умматга сабоқ берувчи тарихдир. Сийратни нима учун ўрганамиз? Сабаби бағрикенгликнинг энг гўзал кўринишларини ўзида жамлаган ўша давр бизга атрофдагилар билан муомала қилиш сирларини ўргатади. Эсланг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг бажарилган биринчи галдаги ишлардан бири ҳам яҳудийлар билан аҳднома тузиш эди-ку. Бу шаклланаётган Ислом жамиятининг тинчлиги, қўшничилик алоқаларига риоя ва тараққиёт босқичларида ўзаро алоқада бўлиш учун зарур аҳднома эди. Сийратни нима учун ўрганамиз? Чунки унда ҳаётнинг турли жабҳаларида ўз хулқи билан бутун умматга муаллимлик қилган Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  яшаб ўтган йўллари очиқ-ойдин баён этилган. Уни ўрганиш орқали инсон ўзидаги кўплаб тушунмовчилик ва қийинчиликларга ечим топади, хулосалар олади. Сийратни нима учун ўрганамиз? Бу саволга жавоблар чексиз… Асосийси, уни ўрганиш, севиш, ёдда сақлаш, атрофдагиларга эслатиш ва  ундан ибратлана олишимиз керак. Аллоҳ таоло хулқи Қуръон бўлган Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча умматларига сийратни эътибор билан ўрганиш, ўша буюк хулқ эгаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга гўзал тарзда эргашиш ва Қиёматда  шафоатларига эришиш бахтини насиб этсин!

                                                                     Ҳусанова Адолат.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ