Жума намозида азоннинг зиёда қилиниш тарихи

7 йил аввал 4444 siyrat.uz

Имом Бухорий, Термизий, Насаий ва Абу Довудлар Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Жума кунининг аввалги нидоси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умарнинг даврларида имом минбарга ўтирганида бўлар эди. Усмон (халифа) бўлганида одамлар кўпайиб кетиб, Завроънинг устида учинчи нидони зиёда қилди». Бошқа бир ривоятда: «Иш шундоқ собит қолди», дейилган. Ушбу ҳадисдаги нидодан мақсад, азондир. Нидони учта дейиши эса азон ва иқома эътиборидандир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва икки халифа, яъни ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ҳамда ҳазрати Умар даврларида имом минбарга чиққанида азон айтилар, хутба ўқиб бўлиб, минбардан тушганида иқома айтилар ва намоз ўқилар эди. Аммо ҳазрати Усмон халифа бўлган пайтларида Ислом диёри кенгайиб, мусулмонлар сони кўпайган эди. Имом минбарга чиққанидан кейин азон айтиб, хутба қилиб, ундан сўнг жума намози ўқиладиган бўлса, узоқроқдаги кишилар азонни эшитгандан сўнг ҳаракат қилиб, масжидга келсалар, намозга кечикадиган бўлиб қолдилар. Чунки у пайтларда соатлар йўқ эди. Кишилар намоз вақтининг кирганини азон айтилганидан билар эдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида одамлар намозга кечикаётганлари мулоҳаза қилинганидан сўнг уларни олдинроқ хабардор қилиш учун жума намозининг вақти кириши билан бир қўшимча азон айтиш жорий қилинди. Бу азон Мадинаи Мунавваранинг бозори ичидаги «Завроъ» деб аталган жойда, бир уйнинг томида айтилар эди. Бозор қилиш ва бошқа ишлар билан машғул бўлиб юрган одамлар ўша биринчи азонни эшитиб, жума намозининг вақти кирганидан хабардор бўлар, ишларини йиғиштириб, таҳорат қилиб, масжидга тўпланар эдилар. Пешин намозининг ҳақиқий вақти бўлганида эса имом минбарга чиқар ва муаззин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳазрати Абу Бакр ва Умарлар давридаги каби азон айтар ва одатдагидек давом эттириб кетилар эди. Бу иш ўз самарасини кўрсатди. Мусулмонлар жума намозига кеч қолмайдиган бўлдилар. Бу амал ҳаммага маъқул келиб, жума намозига икки марта азон айтиш ҳамма жойларда жорий қилиниб, собит бўлиб қолди. Бу нарсага ҳозир ҳам ҳамма жойларда ва мазҳабларда амал қилинади. Бирорта одам «Нима учун бундоқ?» деб эътироз билдирмайди. Шундоқ бўлиши керак ҳам.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ