МУБОРАК КЎКСИЛАРИНИНГ ЁРИЛИШИДАГИ ҲИКМАТ ВА ФОЙДАЛАР

3 йил аввал 3595 siyrat.uz

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўксиларининг ёрилишида бир неча ҳикматлар бор. Сийрат уламолар ушбу ҳикматларни санаб чиққанлар. Қуйида ўша ҳикматларни келтириб ўтамиз: 1. Аллома Ибн Мунир айтади: «Пайғамбар алайҳиссалом кўксиларининг ёрилиши ва ул Зотнинг бунга қилган сабрлари худди, Аллоҳ таоло Забиҳуллоҳ Исмоил алайҳиссаломни имтиҳон қилиб кўргани ва ул зотнинг бунга қилган сабрларининг туркумидандир. Бироқ Расулуллоҳдаги ҳолат машаққатлироқ ҳамда устунроқ саналади. Сабаби, Исмоил алайҳиссаломдаги ҳолат ул зотнинг иймонларини бир имтиҳон қилиб кўриш мақсадида бўлиб, ҳақиқатда ўша нарса (яъни Аллоҳ йўлида оталари томонидан қурбон қилинишлари) рўёбга чиқмаган. Лекин Расулуллоҳда эса ҳақиқатдан ҳам кўксилари ёрилган. Қолаверса, бундай воқеа такрор-такрор бўлган. Ўз оналари, боболаридан узоқда, кичик ёшли етимлик чоғларида содир бўлган». 2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўксилари ёрилганида қалбларидан олиб ташланган қора қуюқ қон ҳамда фариштанинг: «Бу сендаги шайтоннинг насибаси эди», деб айтгани ҳақида шайхул ислом Абулҳасан Субкий раҳимаҳуллоҳдан сўрашганида қуйидагича жавоб берган: «У нарса Аллоҳ таоло барча инсониятнинг қалбларида шайтоннинг васвасаларини қабул қилгувчи қилиб яратган қуюқ қон бўлиб, у нарса Расулуллоҳнинг қалбларидан бутунлай чиқариб ташлангандир. Шундан сўнг у кишининг қалбларида шайтоннинг қиладиган васвасаси учун бирон бир ўрин қолмади. Бу айтганимиз бу борадаги зикр қилинадиган ҳадисларнинг маъносидир. Аслида ҳам ул Зотда шайтоннинг (васваса қилиш борасидаги) насибаси йўқ эди. Бироқ фаришталарнинг ул Зотдан олиб ташлаган нарсаси бу башарият табиатидаги бир нарса эди. Ана шу қабул қилувчи нарса кетказилган. Лекин шуни билишимиз лозимки, бу қабул қилувчи нарсани у Зотнинг қалбларида мавжуд бўлганлигини, қалбларига васваса тушишини билдирмайди». (Бундай ўйга бормаслик керак!) Кейин Абулҳасан Субкийга: «Бўлмаса, нима учун Аллоҳ таоло васвасани қабул қилувчи бу хилқатни шарафли Зотда яратди, ҳолбуки уни Расулуллоҳда яратмаса ҳам бўларди-ку?» деб айтилди. Субкий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Бу нарса инсоний жузларнинг жумласидан. Инсоний хилқатни мукаммал яратилмоғи учун ўша нарсанинг бўлиши лозим эди. Ана энди, ўша нарсани олиб ташланишига келсак, у Пайғамбар алайҳиссаломга бўлган Раббоний иззат-икром намунасидир». 3. Шайх Абу Муҳаммад ибн Абу Жамра айтади:«Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссалом кўксиларини ёрмасдан қалбларини иймон ва ҳикматга тўла қилишга қодир эди, лекин шунга қарамай у Зотнинг кўксилари ёрилишидаги ҳикмат – ишонч қуввати янада зиёда бўлиши учун эди. Зеро Расулуллоҳ кўксиларини ёрилишини (бевосита) кўришлари ҳамда бу нарсадан қаттиқ таъсирланмасликлари туфайли ул Зотга оддий қўрқиладиган барча ҳолатлардан эминлик, хотиржам бўлиш неъмати ато қилинди». 4. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ биринчи, учинчи ва тўртинчи сафарларда кўксининг ёрилиши ҳақида зикр қилиб ўтганларидан кейин шаққус содр (кўкси ёрилиши) воқеасининг такрор-такрор бўлганининг ҳикмати ҳақида шундай дейди: «Мана шу уч ҳолатнинг ҳам ўзига хос ҳикмати бор. Биринчиси, Расулуллоҳ ёшлик чоғларида, шайтондан муҳофаза қилиниб, энг комил ҳолда вояга етишлари учун бўлган. Кейингиси, Пайғамбарлик келган пайтда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келажак ваҳийни энг пок ҳолатда, бақувват ва мустаҳкам қалб ила қабул қилишларида ул Зотни юқори даражада иззат-эҳтиром қилиш учун бўлган. Сўнггиси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (меърож кечаси) осмонга кўтарилмоқчи бўлганларида, Аллоҳ таоло билан суҳбатлашишга тайёр бўлишлари учун содир бўлган». Ибн Абу Жамра раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Албатта, Пайғамбар алайҳиссаломнинг қалблари ювилди, ҳолбуки қалблари мусаффо, унга келадиган барча яхшиликларни қабул қилувчи эди. Биринчи бор ул Зотнинг қалблари болалик чоғларида ювилган бўлиб, ундан қуюқ лахта қон чиқариб ташланган, бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эъзозлаш учун ва меърожда йўлиқадиган нарсаларига тайёр бўлдилар». 5. Суҳайлий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари олтин жомда ювилди. Айнан олтин билан хосланганининг сабаби, олтиндан қасд қилинган маънога муносиб бўлиши учундир. Араб тилида “ذَهَبٌ” – «Заҳабун» лафзи -«олтин» маъносини билдиради. Агар “ذَهَبٌ” – «Заҳабун» лафзининг бошқа маъноларига қаралса, у араб тилидаги «кетказиш», «кетиш» маъносини англатадиган “ذَهَابٌ” – «Заҳобун» ўзагидан келиб чиққанлигини кўриш мумкин. Шундан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло бу олтин жом билан Пайғамбар алайҳиссаломдан ёмон нарсаларни кетказишни ҳамда ул Зотни том маънода поклашни истади. Ҳақиқатдан ҳам сиз воқеликда олтиннинг моҳиятига, унинг сифатларига қарасангиз, уни барча нарсаларнинг ичида энг тоза ва энг мусаффо ҳолатда топасиз». 6. Ибн Абу Жамра роҳимаҳуллоҳ айтади: «Пайғамбар алайҳиссалом қалблари Жаннат суви билан ювилмади, сабаби замзам сувининг асли келиб чиқиши жаннатдан бўлган. Кейинчалик ерда қарор топган. Айнан ерда қолганлигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баракалари ҳам ерда қолиши ирода қилинган». 7. Шифо манбаи ҳисобланган, ифлос, нопок ва кир нарсалар тўпланадиган ернинг турли моддалари билан ифлосланмаган қор ва дўл суви билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларининг ювилишида замоннинг Пайғамбар алайҳиссалом ва У кишининг умматлари учун беғубор бўлиши ҳамда пок шариат ва суннатлари ила ярқирашига ишора бор. Шунингдек, ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам душманлар устидан ғолиб бўлиб, зафар қучишлари ила баҳридиллари очилишига ва Аллоҳ таоло умматларининг гуноҳларини мағрифат қилиши ва хато-камчиликларини кечиб юбориши билан қалблари хотиржам бўлишига ишора бор. 8. Ҳабиб, имом, орифубиллоҳ, саййид Али Ҳабаший Пайғамбар алайҳиссалом кўксиларининг ёрилиши ва ундан шайтоннинг насибаси олиб ташланган ҳодисаси ҳақида шундай деган эди: «Фаришталар ул Зотнинг қалбларидан зарарли нарсани олиб ташламадилар, балки бу билан ул Зотда поклик устига покликни зиёда қилдилар». (Бу гаплар хабарлар ва асарларда ҳам зикр қилинган). 9. Муҳаммад ибн Алавий айтади: «Менинг қалбимга (кўкси ёрилиши воқеаси ҳақида) бошқа бир маъно келди, у ҳам бўлса, Саййидимиз Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг қалблари раҳматга тўла эди. Аниқроғи, раҳмат манбаи ва унинг асли эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: «(Эй Муҳaммaд,) биз сизни (бутун) oлaмлaргa aйни рaҳмaт қилиб юбoргaнмиз». (Анбиё, 107). Бу раҳмат ҳам шомил ҳам комил раҳматдир. Чунки у раҳмат Аллоҳ таолонинг барча нарсани қамраб олувчи раҳмати эди. Лекин Аллоҳ таоло саноқли кишиларни – шайтонни, унинг гумашталарию дўсту ёрларини ҳамда тақдирига бадбахтлик битилганларни ўз раҳматидан чиқариб ташлади. Шундай экан, улар учун кенг қамровли раҳматдан бирон бир насиба йўқдир. Шу эътибордан (Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўксиларининг ёрилиши ва ундан шайтоннинг насибаси олиб ташланганлик воқеасининг) маъносини қуйидагича тушунсак бўлади: Фаришталар бу муборак қалбдан Расулуллоҳ раҳматларидан бўлган шайтоннинг насибасини чиқариб ташлашган. Шунинг учун ҳам шайтонга бу кенг қамровли раҳматдан бирон бир насибаси йўқдир». Валлоҳу аълам. Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ ўғли.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ