РАСУЛУЛЛОҲНИНГ ЁШЛАР ВА ГЎДАКЛАРГА МУНОСАБАТЛАРИ

7 йил аввал 3329 siyrat.uz

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўдакларга жуда эътиборли эдилар. Шу боис катталарни уларга одоб беришликка чақириб, табиатларига гўзал хулқларни сингдиришга даъват этар ва ҳам уларга мерҳ шафқатли бўлишга чорлар эдилар. Бу гапларимизни Имом Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган қуйдаги ҳадис ҳам тасдиқлайди: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки бизнинг кичикларимизга раҳмли бўлмаса, катталаримизни қадрини билмаса (ёши улуғларимизни эъзозоламаса) биздан эмасдир», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мартабалари баланд, қадрлари улуғ бўлсалар-да, биринчи бўлиб салом берар эдилар. Ҳатто ёш болакайларни суйишлари, уларга меҳр ва шафқатларили бўлганларидан биринчи бўлиб салом берар эдилар. Шу билан бир қаторда уларга ўз мавқеларини ҳис қилишни ўргатар ва ўзларига бўлган ишончни англашларига ёрдам берар эдилар. Ҳатто уларга мақтов айтиб, муносиб тақдирларлаб ҳам қўяр эдилар, бу ҳолатни Ибн Умар розияллоҳу анҳуга қилган муомалаларидан англаб олсак бўлади. Бу воқеани ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорий «Фазоилус саҳоба»номли китобларининг «Абдуллоҳ ибн Умарнинг мақтовга лойиқ сифатлари» бўлимида 3530-рақам остида келтирган эканлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қалб қувончи бўлмиш бу болаларни кўп ҳам итоб қилмас эдилар. Қайтанга уларни жамиятдаги эътиборга лойиқ инсонлар қаторида кўриб, уларга лутф қилар эдилар. Шу каби воқеа Анас розияллоҳу анҳу билан ҳам содир бўлган эди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш болалар билан таомланишдан ҳеч жирканган эмаслар. Бу борада улардан бирор ахлоққа зид иш содир бўлса, уларга насиҳат қилар ва улар учун фойдали бўлган нарсаларга буюрар эдилар. Бир сафар Амр ибн Саламада овқатланиш одобига тўғри келмайдиган бир ишни кўрдилар ва мулойимлик, ҳушмуомалалик билан унга насиҳат қилдилар. Икки олам сарвари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни яхшиликка чорлаб, тавҳид, дин нима эканини таълим берар эдилар. У Зотнинг бундай раҳм-шафқатли, меҳрибон бўлишлари, болалар хато қилганда, уларни тўғри йўлга бошлаб насиҳат қилишларига заррача монеълик қилмас эди. Бу борада ибн Аббос розияллоҳу анҳуга қилган насиҳатларини Термизий ўзининг «Қиёмат сифатлари» номли китобларида зикр қилгандирлар. Расулуллоҳнинг ёш болаларга бундай эътиборли, хайрхоҳ бўлишликларининг сабаби шуки, у Зот мурғак қалб эгалари бўлмиш қақажонларнинг бошқалардан кўра, эътибор ва эҳтимомга мухтожликларини билар эдилар. Ҳамчунон ёш авлоднинг  ўзига бўлган ишончини кучайтиришини, келажакда эса қувноқ, иродаси бақувват ва ўзидан бошқалар ҳақида қайғурадиган, жамиятдаги ишларда фаол шахс бўлиб етишишини истар эдилар. Эй иним! Агар Расулуллоҳнинг ёшлар билан бўлган муносабатларини кузатсангиз, унда олий ўрнак, юксак тутим ва ҳикматла йўғирилган бир услубни топасизки, у Зот қандай қилиб уларга муҳаббат ҳисини бера олганлар? Қандай уларга меҳрларини изҳор этганлар? Ҳамма- ҳаммасини англаб оласиз. Буларнинг барчасидан кўзда тутилган бош ғоя қалбларга жўшқинлик бериш ва муқтадомиз бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломга қалбни қандай боғлаш кераклигини ўрганиб олишликдир. У Зотнинг юқоридаги ҳолатларда қандоқ йўл тутганликалрини қуйида батафсил ўргансак, мақсад янада муккаммалроқ ҳосил бўлади. Расулуллоҳнинг ёшлар билан муомалалари қуйидаги ҳолларда намоён бўлар эди: 1. Уларни тиззаларига олиб, танглайини кўтариб, дуойи хайр қилишликлари: Пайғамбар алайҳиссалом ёнларига бирор гўдак келтирилса, уни тиззаларига олиб, танглайини кўтарар ва дуойи хайрлар қилар эдилар. Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига бирор ёш бола олиб келинса, унга барака тилар, танглайини кўтариб, дуо қилар эдилар». Бу ҳадисни Имом ал-Бухорий «Дуолар китоби»да «Ёшлар ҳақига баракот тилаб дуо қилиш ва бошларини силаш» бўлимида келтирганлар. Ибн Ҳожар раҳимаҳуллоҳ «Ал-фатҳ» китобида айтадилар:«Бу ҳадиснинг мазмунидан қуйдаги фойдаларни олиш мумкин: гўдакларга мулойимлик, уларнинг қилиқларига сабр қилиш, уларни шариат ҳам таклиф остига олмаганлигининг эътиборидан дакки беришдан эҳтиёт бўлишликлар келиб чиқади», – дейдилар. («Фатҳул борий» китоби.) Анас розияллоҳу анҳу:  «Абдуллоҳ ибн Аби Толҳа ал-Ансорийни олиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига бордим. У ўшанда энди дунёга келган эди. Расулуллоҳ туяларини чўктириб сафар тараддудини кўраётган эканлар. Шунда: «Ёнингда хурмо борми?» – дедилар. Мен«Ҳа!»– деб жавоб қилидим-да, у Зотга бир нечта хурмони узатдим, уларни муборак оғизларига солиб чайнадилар ва гўдакнинг оғизига солдилар, гўдак эса оғзидан чиқаришга ҳаракат қилиб юзини буруштирар эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ансорларни ёқтиргани – хурмо! – дедилар, сўнг унга Абдуллоҳ деб ном қўйдилар»– дея юқоридаги ҳадисни айтадилар. (Имом Муслим ривояти.) Анас розияллоҳ анҳудан қуйида яна бир ҳадис ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Аби Толҳа ал-Ансорийни олиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига танглайини кўтартириш учун бордим, у Зотга садақа қилинган туяларига тамға босаётган пайтларига рўбаро бўлибман». (Имом ал-Бухорий ривояти.) Икки олам сарварининг кичик ёшдагиларга салом беришлари Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гала ўйин билан машғул болакайларнинг ёнларига келдилар ва уларга қарата салом бердилар» . (Имом Абу Довуд «Ёшларга салом бериш» бобида келтирган ривоят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу баракотли ишлари ила у мурғак қалб соҳибларининг юракларини ҳурсандчиликка тўлдирар эдилар. Шу орқали уларга катталар билна қандай муносабатда бўлиш, улар билан қай тарзда олди-берди қилиш кераклиги таълимини берар эдилар. Бу нарса у Ззотнинг ҳикматларидандир. Пайғмбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўдакларнинг бошини силашлари. Яна Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларни зиёрат қилар, уларнинг гўдакларига салом бериб бошларини сийпалар эдилар». (Насоий, Ибн Ҳиббон ривоятлари.) Аабдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўллари ила бошимни силадилар ва бошимни силаганларида «Аллоҳим, уни Жаъфарнинг давомчиси қилгин» – дедилар. Бу гапни уч марта айтдилар, деб ўйлайман. (Имом Ҳоким «Мустадрок»ларида ривоят қилган.) Мусъаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Саълаба ҳижратдан тўрт йил илгари туғилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васаллам ҳузурларига олиб келинди, шунда, у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг юзларини силагандилар. Фатҳ йили унга барака тилаб дуо ҳам қилгандилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар, ўшанда у ўн тўрт ёшда эди».(Ҳоким «Мустадрок»ида ривоят қилган). Бу ҳадис шарифдан биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гудаклар билан муомалада уларга меҳрларини қандай ифода этганликларини билиб оламиз. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам буни уларинг бошини силаш, бола ўзининг борлиқда ҳис қила олишига ёрдам берадиган ишларга буюриш билан юзага чиқарар эдилар. Катталарнинг уларга муҳаббати, эътибори қандай, қай тарзда ифода этилишини кўрсатиб берар эдилар. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Биринчи намозни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўқидим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳлларига қайтдилар, мен ҳам у Зотнинг ортларидан эргашдим. У Зотни икки ёш бола қарши олди. Уларни икки яноғидан бирма-бир силадилар, (Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу) мени ҳам шундай икки яноғимдан силадилар. Шунда мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларида (қандайдир) совуқлик, (ўзгача) бўйни сездим, гўё у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини эндигина атторнинг идишига ботириб олгандай! (Имом Муслим «Фазоил» китобида келтирган). Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши: «Болалар билан эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг ёнимизга келдилар-да, бизга салом бердилар, сўнг мени қўлимдан тутиб, бир иш билан юбордилар. Ҳатто мен қайтиб келгунимча деворнинг соясида (ёки девор остида) ўтириб турдилар», – дейдилар. (Имом Абу Довуд ривояти.) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлар билан муносабатларида ҳазил қилишлари ва хушмуомалаликлари. Яна Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Умму Саламага ҳазил қилиб «Эй Зувайнаб, эй Зувайнаб» дер эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам набиралари – Алий розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Ҳусайн розияллоҳу анҳуга (эркалатиб) муборак тилларини чиқарар эдилар, мурғаккина гўдак муборак бу тилнинг қизилини  кўрибоқ у Зот алайҳиссалом томонга ошиқар эди. Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Таомга таклиф қилиндик, ўша вақт Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) йўлда болалар билан ўйнаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ёнидан шошилиб ўтиб, қулочларини очдилар. Болакай у Зот томон ошқиб кела бошлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга табассум қилиб, бир қўлларини Хусайннинг иягига, бошқасини боши ва икки қулоқлари орасига қўйдилар, сўнг уни қучоқлаб ўпдилар ва:«Ҳусайн мендан, мен ҳам ундандирман (яъни у менинг зурриётим, мен унинг бобосиман), мен суйганни Аллоҳ ҳам суйгай. Ҳасан ва Ҳусайн зурриётларимдан бир зурриётдир» дедилар. Имом Табароний Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Шу икки қулоғим эшитган, мана шу икки кўзим кўрган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қўллари билан Ҳасан ва Ҳусайнни кафтларидан тутар ва у иккалаларининг oёқларини оёқларига қўяр эдилар. Баъзан «Сакра!» дер эдилар. Болакай сакрар, ҳатто икки олам сарварининг кўксиларига oёқларини қўйиб олган бўлар эди, у Зот эса «Оғзингни оч», деб уни ўпар эдилар, «Аллоҳим, мен уни яхши кўраман, сен ҳам уни суйгин», дер эдилар». Яна бир ривоятда айтилишича,кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида Маҳмуд ибн Робиъа туриб қолди. Ўшанда у эндигина беш ёшга тўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ҳазиллашиб, пақирдан сув олиб унинг юзига пуфладилар. Бу унга барака тилаш эди. Маҳмуд ибн Робиъа катта бўлгач, Расулуллоҳни кўрганлиги борасида бу пуфлашдан бошқа бирор ҳодисани эслай оламасди. Лекин шу воқеа туфайли у саҳоба бўлишдек улуғ мақомни топган эди. Бир сафар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига боқиб олган қизлари Зайнаб бинти Умми Салама кириб қолдилар. У Зот ювинадиган жойларида эдилар. Унинг юзига сув пуркадилар. Бу нарса у онамизнинг юзларида Расулуллоҳнинг баракотлари бўлиб қолди, ҳатто ёшлари ўтиб, қариб қолганларида ҳам у зотнинг юзларини ёшлик суви тарк этмаган эди. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг гўзал хулқ эгаси эдилар. Менинг бир иним (ака ёки ука) бор эди. Унинг оти Абу Умайр бўлиб, у ўша пайтда эндигина сутдан чиққан эди. Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизникига келсалар, унга «Эй Абу Умайр, нима қилди нуғайр», дер эдилар. «Нуғайр» ўйналадиган қуш эди (араблар қушнинг боласи – полапонни шундай аташади). (Бухорий риояти.) Ҳофиз ибн Ҳожар «Ал-фатҳ» китобида:«Бу ҳадисда кўп фойдалар бор: ҳамма нарсанинг ҳам фарқига бора олмайдиган гўдакка ҳазил қилиш мумкин, бундай ҳазилни бир неча бор қилиш ҳам мумкин. Бу иш рухсат эмас, мубоҳ суннатдир. Ҳазил қилинаётган шахсни тез-тез зиёрат қилиб туриш ҳам мумкин. Бундай қилишликда ўзини катта олиш, кибр қилишдан четланиш бор ва яна дўст кичик бўлсин, катта бўлсин уларга лутф қилишлик бор. Уларнинг аҳволидан хабар олишлик бор»,  дейдилар. Бу ҳадисдан яна қуйдагича фойдалар олинади: 1. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динни етказиш,   зиммаларига юклатилган ибодат, тарбия, жиҳод, исломий давлат юмушларини тартибга келтиришдек улкан юмушлари кўп бўлишлигига қарамай, мусулмонларнинг ёш фарзандларини ҳам тарбия қилишга вақт ажратар эдилар. Бу алоҳида ажратилган вақт тарбиявий ўсиш деб эътиборга олинади. 2. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жажжи болайкайга куня ишлатишлари, яъни «Эй Абу Умайр» деб чақирганлари  унинг шерикларига, оила-аҳлига ўғиллари гўё улғаяётган болалар қаторидан ўрин олаётганини ҳис этишларига ёрдам берар эди. Яна бир нарса: болани куняси билан чақириш, кимни чақирилаётганини ифодлашда қулай восита ҳамдир. 3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган мисралар, улкан тарбияни ўзида мужассам этмишдир. Жумла қисқа ифодланган, негаки олти дона сўздангина иборат, ҳарфлар эса ўн иккита эди, айниқса бу сўзлар ёш боланинг ёшига мослиги этиборлидир. Гапни айтиш тилга оғир эмас, қолаверса, қийин бирикмалардан холи, янада ажабланарлиси, ёш бола ҳам айтишга қийналмайди, мана, ўзингиз ҳам айтиб кўринг: «Эй/Абу/ Умайр/, нима/ қилди/ нуғайр».Жумлани ёдда сақлаб қолиш ҳам осон, мазмуни ҳам аниқ. Ҳатто ёш бола ҳам ёд олиши, тушуниши мумкин. Сўзларнинг қофияси ёш болага жуда муносиб тушади, бу қофия, оҳангдорлик айнан ёш гўдаклар талаффузга қийналадиган даврда уларни бундай қийинчиликдан халос этади. «Нима қилди нуғайр» бу гапнинг миқдори жажжиларга роса мувофиқ келади. Боиси шуки, мисра иккитагина гапни қўшиб ясалган – бири ундов сўз билан бошланган гап, иккинчиси сўроқ олмоши (истефҳом) билан бошланган гап, шу билан бир мисра тамом. «Эй/ Абу/ Умайр/, нима/ қилди/ нуғайр». 4. Яна шуни айтиш керакки, бу ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш бола (Абу Умайр)нинг ақли етадиган мавқега тушган эдилар. Бу эса боланинг, қолаверса, унинг аҳлининг қалбларига хурсандчилик бахш этади. Бу тарбиявий услуб бўлиш билан бир қаторда, дуони ҳам ичига олмишдирки, ёш болакайнинг оиласининг Расулуллоҳга бўлган муҳаббатларини оширар эди. Ҳамчунон, бола билан Пайғамбар алайҳиссалом ўрталарида ўзаро киришишлик юзага келган эди. Ҳозирги кунда ёшларнинг онгида шакилланаётган бир қанча касалликлар ота-оналаридан меҳр- муҳаббат ҳиссини кўрмаганликлари натижаси эмасмикин? Ачинарлиси шуки, кўзимиз қувончи бўлган бу жажжи жаноблар айнан эътибордан четда қолиб кетишлари боис, одамовилик, ёлғизликни истаб қолиш, ўзини айбсиз деб билиш каби номақбул хислатларга мубтало бўлиб қолмоқдалар. 5. Абу Умайр розияллоҳу анҳу улғаяр эканлар, оламларга раҳмат бўлмиш Набий алайҳиссаломнинг унга нисбатан қилган ҳазиломуз эркалшларини эслар ва бу унда Аллоҳнинг Расулига бўлган муҳаббатни зиёда этар эди. Устигига- устак, у Зот Пайғамбар алайҳиссаломдан тарбия, ибодат ва давлат бошқарувидаги кўникмаларни ҳам ўзлаштирган эдилар. Биз буни ўз ҳаётимизда таълим беришлик вазифаси билан шуғулланувчи устозлар тимсолида ҳам кўришмиз мумкин. Шубҳасиз, улар бизнинг қалбимизга ўз таъсирларини ўтказмай қўймайди. Айниқса, улар юмшоқ табиатли, тақво соҳиби, талабалрга муҳаббат қила оладиган, уларга имкониятлар яратиб, илм олишга иштиёқларини оширадиганлар бўлсалар, онгу шууримизда жуда катта из қолдирадилар. Айтган гапларимизни тасдиғи шуки, пайтлар келиб, улардан бирор кишини учратиб қолганимизда у зотни  имкон қадар қадрлаб, ҳурмат-эҳтиром қилишга ошиқиб қоламиз. Бу ниманинг белгиси? Албатта, аввалги дўстона алоқанинг. Айнан шу нарса устоз-шогирд ўртасидаги абадий қалб риштасини неча йиллар ўтса-д, сақлаб қолгандир. Негаки у ерда дўслик кўприги қад ростламишдир! «Аллоҳнинг Расулида сизларга гўзал ўрнак бордир»,  дея марҳамат қилган оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин ва соллиллаҳумма афзолассолавати ва атаммат таслимат аъла ҳабийбика Муҳаммад ва аъла алиҳи ва аcхабиҳи ажмаъин.

Андижон «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти 4-босқич талабаси Қурбонов Салоҳиддин таржима қилди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ