ПАЙҒАМБАРИМИЗГА ИЙМОНИ КЕЛТИРМАГАН КИШИЛАРГА ИЛМИЙ ХИТОБ!

3 йил аввал 1898 siyrat.uz

Охирги пайтда Ғарбда Аллоҳ таолони, У Зотнинг оятларини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни истеҳзо ва масхара қилиш оддий бир ҳолга айланиб қолди. Бундай ишларнинг кўпи Ислом давлатидан бошқа ердагилар томонидан кела бошлади, негаки ҳудосизлар «Ислом қолоқлик, шафқатсизлик, жаҳолат динидир» дея даъво қилдилар. Шулар сабабли дин душманлари исломий таълимотларни «Улар эскирган, ҳозирги замонга мос келмайди!» қабилидаги гаплар билан масхара қилишга одатланиб олишди. Субҳаноллоҳ! Улар наздида фикр эркинлиги Аллоҳ таолонинг энг мукаррам, суюклиси бўлган Зотни масхара қилишгача етиб бордими? Лекин инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат шуки, улар Исломга танқид сифатида тўқиётган нарсалари бирор илмий асосга эга эмасдир. Гўё Қуръон ва ҳадислардан ўзиларининг қўштирноқ ичидаги тингловчиларига илмий ёки луғавий хато топишмоқчи бўладилар-у, орзулари саробга айланади, баъзан бу нарсалар уларни хурсанд қилгандек туюлса-да, аслида ўзларининг қай даражада тубанликларига ҳужжат бўладиган ҳар турлик карикатуралар қилишади. Бу ўринда биз ҳам ўз фикримизни айтишимиз мумкин, лекин биз уларга юборилган Мусо, Ийсо алайҳиссаломларни заррача масхара қилмаймиз. Ҳамчунон у муборак зотлар уларнинг қилаётган ишларидан ҳам, ўзларидан ҳам йироқда, яъни ҳеч бу зотларга уларнинг алоқаси йўқ! Шундоқ экан, биз мусулмонлар бирорта Пайғамбар алайҳимуссаломларни бошқасидан ажртмаймиз. Зеро уларнинг барчалари Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузуридан элчи қилиб юборилмишдурлар. Аввало, Аллоҳ таолонинг улар ҳақида айтган хитобига қулоқ солиб кўрайлик-чи! Борий таоло Аҳзоб сурасида: «Албатта, Аллоҳга ва Унинг Расулига озор берадиганларни Аллоҳ бу дунё ва охиратда лаънатлади ҳамда уларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйди»,  деб марҳамат қилган. Аллоҳга озор бериш деганда, Аллоҳга ширк келтириш, унга осий бўлиш, Уни Ўзига мос бўлмаган сифатлар билан сифатлаш, динга, пайғамбарларига, китобларига тил теккизиш тушунилади. Пайғамбаримизга озор бериш деганда, у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши чиқиш, жисмоний ва маънавий зарба бериш, шахсиятларига, оилалари ва умматларига нисбатан ёмонлик қилиш, иғво ва бўҳтон қилиш тушунилади. Зеро Аҳзоб сурасида бу ҳақда шундай дейилган: «Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига очиқ бўҳтон ва гуноҳни олибдилар». (Аҳзоб сураси 57-58-оятлар.) Бу карикатурлар Аллоҳ таолога азият, Расулига ҳақорат, бутун мусулмон умматига қаттиқ озордир. Биз уларга бу каби қабиҳ ишларидан қайтмас эканлар, қилмишлари баробарига қиёмат кунида аламли азоб борлигининг хабарини берамиз. Энди, уларга келтирадиган хитобимиздаги услуб, иншааллоҳ, уларнинг қуруқ, ҳар турлик хаёлотлардан иборат, тузувчисининг ўзи ҳам зўрға тушунадиган расмлардан кучлироқ ва абадийроқ бўлади. Бизга қўллай олмаган илмий услубларини уларга раддия қилиб қайтарамиз. Пировардида бу сизу биз яшаётган борлиққа раҳмат ўлароқ юборилган Зот Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳақиқатда қандай юксак эканликларини кўрсатиб қўймоқчимиз. (Гарчи бу ишга ҳожат бўлмаса ҳам!) Бу ўринда Хотамуннабиййин ўзларида мужжассам этган ахлоқи ҳасаналар ҳақида гапириб ўтирмаймиз, негаки улар бундай хулқларни эътироф этиб, баҳра ололмайдилар. Лекин уларга Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган ҳақиқатга асосланган илмий, ҳаётий гапларни келтирамиз. Буларнинг барчаси Қуръони каримда мавжуд, ўн тўрт асрдан буён узлуксиз тиловат қилиниб келмоқда. Ўша илмлийлиги, адолатлилиги ва демократик давлатда яшашгани боис «адолат соҳиллари»да сузиб юрувчиларга айтамиз: сизлар истеҳзо қилаётган Қуръон илм ва адолатга биринчи бўлиб чорлаган аввалги китобдир. Чунончи бу икки нарса яъни илм ва адолат ютуққа эришиш, маданиятнинг барқорор бўлиши учун бир-бирини тўлдирадиган нарсалардир. Пайғамбаримизга нозил бўлган биринчи оят«Иқроъ», яъни«Ўқи»  оятидир. Бу Ислом дини илм дини эканлигининг далилидир. Қуръондан охирги нозил бўлгани (لَا يُظْلَمُونَ) «Улар зулм кўрмаслар», деган калимадир. Бу эса Ислом динининг адолатда тенгсиз дин эканлигининг далилидир. Янада эътиборга молик жойи, бу калима Қуръонда 11 марта келганлигидир. Ундай бўлса улар қандай қилиб адолат ҳақида биринчи бўлиб биз гапирганмиз, деб фахр қиладилар, ҳолбуки Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсани неча асрлар олдин баралла айтган бўлсалар! Сизлар: «Биз борлиқнинг тарихи, махлуқотлар тарихи ҳақида биринчи бўлиб баҳс юритганмиз» дейсизлар, бу билан ўзингизга фазилат касб қиласизлар. Аммо сизлардан Аллоҳ таолонинг борлиқ яратилиши ҳақида очиқдан-очиқ мунозарага тортиб марҳамат қилган оятини бир ўқиб олишингизни тавсия қиламиз. Мана ўша муборак оят: «Сен:«Ер юзида сайр этиб юринглар ва махлуқотларни У Зот аввал-бошдан қандай яратганига назар солинглар. Сўнгра Аллоҳ охират ҳаётини пайдо қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир», деб айт», дейилган. (Анкабут сураси 20-оят). Бу оят карима, Қуръон фикр юритиш, баҳс қилиш, ўқиб ўрганишга қандай эътибор қаратишининг бир белгисидир. Набийнгимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар қуёшнинг тутилиши у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фарзандлари Иброҳим вафот этганлари учун бўлди, деб ўйлаб қолишганида бу коинот, фалак борасида илмий асос тарзида қуйидагиларни айтган эдилар: «Ой, Қуёш Аллоҳ таолонинг оятларидан икки оятдир, бу иккиси бирор одамнинг туғилиши ёки вафот этиши сабабли тутилмайди». (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоятлари.) Бу муборак жумлалар сизлар: «Фалончи ўлгани ёки фалончи туғилгани учун қуёш, ой тутилди, ё бўлмаса ҳоким тахтдан тушгани, уруш чаппасига кетгани учун тутилди»,  деб юрганингизда оламларга раҳмат бўлмиш Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан очиқ-ойдин айтилган эди. Европа ўз даврининг юксак тасдиғига эришган мунажжимлар, фолбинлар, афсунгарлар билан тўлиб- тошган бир пайтда Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишларнинг ҳаромлигини айтиб, (зарарлиги боис) қайтарган эдилар: «Ким коҳинга, фолбинга борса ва у айтганларни тасдиқ қилса, Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нозил қилинган нарсага куфр келтирибди», дея марҳамат қилганлар. (Имом Аҳмад ривояти.) Сизлар ер ҳаракатланмай ўз жойида туради, деб турган пайтда, Қуръон карим коинот маълум бир тартибда айланишини илмий ҳақиқат сифатида эълон қилди. Қуръон қанча йиллар муқаддам кашф қилган нарсани сизлар эндигина англаб етдингиз. Аллоҳ таоло қуёш, ой, ер ҳақида қуйдагича марҳамат қилади: «Ҳар бири фалакда сузиб юрар» (Ясин сураси 40-оят). Давоми бор.... Саййид Муҳйиддин махдум ўрта махсус Ислом билим юрти талабаси Қурбонов Салоҳиддин.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Жумодал-аввал ойининг 16-куни

Ҳижрий 931-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1524-йил 12-март) Россия Усмонлилар давлати билан «Бухарест» шартномасини имзолади. Шартномага кўра «Афлоқ» ва «Бағдод» вилоятлари Усмонлилар давлати ҳукмронлиги остида бўлади.

Ҳижрий 1356-йил 16-жумодул-аввал куни (милодий 1937-йил 24-июл) Ироқ ва Эрон давлатлари ўрталаридаги ўзаро зиддиятларни тинчлик йўл билан ҳал қилиш мақсадида беш йиллик тинчлик шартномасини туздилар.  



Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ