РАМАЗОНДА НИМА ҚИЛМОҚЧИСИЗ?

6 ой аввал 2523 siyrat.uz

Рамазон рўзасини жорий қилиниш ҳикматига этибор бериб қарайдиган бўлсак, ушбу ибодат осийларнинг Аллоҳга қайтишлари, ғофилларнинг ғафлатдан уйғонишлари ва дангасаларнинг серғайрат бўлишлари учун жорий қилинганига гувоҳ бўламиз. Бу ҳақиқатни Аллоҳ қуйидаги оят билан баён қилди: {لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ} «Шояд (рўза тутиш сабабли) тақволи бўлсангиз». (Бақара 184). Демак, рўзанинг энг катта фойдаси – бу, ўша рўзадорнинг тақводор бўлиши экан. Ислом тарихига назар ташласак, ушбу муборак ойда мусулмонлар улкан ғалабаларга эришганлар. Мисол учун Бадр ғазоти, Макка фатҳи ва ҳоказо. Ҳозирги кунда мусулмонлар нафсларидан бўлак бошқа бирор бир душманга мағлуб бўлмаяптилар. Агар энг катта душман бўлган нафсларининг устидан ғолиб келганларида эди, бугунги кундагидек қолоқлик ва қарамликка учрамаган бўлардилар. Агар ҳар бир мусулмон ўзини тузатса ва хатоларига тавба қилиб нафсини маъсиятлар моғоридан поклаган ҳолда Аллоҳга қайтса, барча мусулмонлар азиз ва мукаррам ҳолда ҳаёт кечирадилар. Бу ҳақиқатни Аллоҳ қуйидаги оятда баён қилиб шундай деган: {وَمَا كَانَ رَبُّكَ لِيُهْلِكَ الْقُرَى بِظُلْمٍ وَأَهْلُهَا مُصْلِحُونَ} «Роббинг аҳли ислоҳ қилувчи бўлган шаҳар-қишлоқларни зулм ила ҳалок қилиши асло мумкин эмас». (Ҳуд 117) Одамлари иймонли бўлиб, амали солиҳ қилган шаҳар-қишлоқларни ҳеч қачон ҳалок қилган эмас. Бундай қилиш зулм бўларди. Аллоҳ эса бандаларига ҳаргиз зулм қилмайди. Демак, бошимизга келаётган мусибатларнинг асосий сабабчиси бегоналар эмас, аксинча, ўзимиз, аниқроқ қилиб айтганда, ислоҳ қилишга муҳтож бўлган қалбимиз ва покланишга мунтазир бўлган нафсимиз экан. Мана, ҳозир биз – барчамизга меҳрибон бўлган оламлар Роббиси инъом қилган муборак ойда турибмиз. Ушбу ой ўзимизни ислоҳ қилиш учун Аллоҳ томонидан берилган имконият ойи ҳисобланади. Агар шундай муборак ойда ҳам ўзимизни ва нафсимизни тузатмасак, бошқа ойларда тузатишимиз қийин бўлади. Бу ой худди юз минг сўмлик нарса харид қилиши керак бўлган-у, лекин қўлида минг сўм пули бор одамга дўкон раҳбари томонидан юз минг сўмлик нарсани минг сўмга ол деб имтиёз берилган муддатга ўхшайди. Ўша муддатда у ўзига керак бўлган нарсани харид қилиб олмаса, бошқа пайт юз минг сўм топиб кейин харид қилиб олишга мажбур бўлади. Лекин муаммо шундаки, у зўрға минг сўм йиға олган эди. Энди юз мингни йиға оладими?  Рўза ойи ҳам мана шундай имтиёз берилган ой ҳисобланади. Бу ойда ким кундузилари рўза, тунлари намозларда қоим бўлса ва тили  Аллоҳнинг зикри билан банд бўлса, бошқа ойда эриша олмаган улуғ савобларни қўлга киритади. Азизлар, келинг, ҳар биримиз Аллоҳ томонидан ато қилинган бу имтиёздан, яъни рамазон ойидан фойдаланайлик. Бу ой жидду-жаҳд, қаҳрамонона ҳаракат қилинадиган ва нафсни ўлдириб олий чўққига чиқиладиган ойдир. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ушбу ой қанчадан қанча залолатдаги кишиларнинг ҳидоятга, зулматдаги кишиларнинг нурга, ғафлатдаги кишиларнинг хушёрликка чиқишига сабаб бўлган. Натижада улар ушбу ойнинг шарофатидан абадий саодатга эришадиган хайрли амалларни қилувчи яхшилик манбаига айланганлар. Ҳидоятда бўлиб дангасалик қилиб юрган, сўнг рамазон шарофати билан ҳаммага намуна бўладиган даражада серғайрат инсонга айлаганларнинг чеки йўқ. Хўш, мен сизга савол билан мурожаат қилмоқчиман: Сиз-чи? Сиз ушбу рамазонда ўзингизни яхши томонга ўзгартириш ва олдинги хатоларингизни тарк қилишга киришдингизми? Ушбу ойдан бошлаб ибодатларимда мустаҳкам, гуноҳдан ўзимни тийишда қатъиятли, савоб амалларни қилишда серғайрат бўламан, деб Аллоҳга аҳд бердингизми? Рамазонда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган шарафга, яъни барча гуноҳлардан покланиб чиқишга менга берилган имкониятдан юз фоиз фойдаланаман, деб ўзингизга ваъда бердингизми? Гуноҳлар ботқоғидан, шаҳватлар гирдобидан, ҳавойи нафс тузоғидан батомом қутилишни режалаштирдингизми? Агар шу нарсаларни қалбингиздан ўтказмаган, шу ишларни қилишга интилмаган бўлсангиз, ҳали ҳам кеч эмас. Бугундан бошлаб, аниқроғи ҳозирдан бошлаб ушбу буюк лойиҳани амалга оширишга киришинг. Зеро мўмин бу ҳаётни охират учун амаллар ниҳолини экиб олинадиган экинзор, зироат майдони деб билади. У ушбу экинзорни қиёматда ҳосили йиғиб олинадиган кўчатлар билан тўлдириб ташлайди. Ҳаётнинг қадрига етмаган ғофиллар эса бу имкониятдан фойдаланиш ўрнига беҳуда ишлар билан машғул бўлиб, ғанимат умрни бекорчи нарсаларга сарфлайдилар. Аллоҳ барчаларимизни ҳамиша хайрли амалларни қиладиган солиҳ бандаларидан қилсин!

Одилхон қори Юнусхон ўғли.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 8-куни
Ҳижрий 310-йил 8-робиъул-аввал куни (милодий 886-йил август ойида) Мунзир ибн Муҳаммад ибн Абдурраҳмон отаси вафотидан сўнг Андалус тахтига ўтирди.

Китоблар

Payg'ambarlar tarixi - Islomiyat tarixidir

  MUQADDIMA   Bismillahir rohmanir rohim. Alloh subhonahu va taolo ko‘z bilan ko‘rib turganimiz va ko‘zimizga ko‘rinmaydigan butun borliqni yaratgan qudrat sohibidir. Avval koinot yaratilib, undan so‘ng inson давоми...

Nurul-yaqin

Muhammad Xuzariy ibn shayx Afifiy XIX asrning oxiri, XX asrning boshlarida Misrning  Qohira shahrida yashab o‘tdi. U yashagan davr Misrda uyg'onish va maorif islohoti  harakatining boshlanish davri edi. M. Xuzariy islom dini hamda din tarixiga oid chuqur  tadqiqotlar olib bordi. "Muhozirot fiy tarixil ummamil Islomiya" (Islom davlatlari tarixi  haqida давоми...

Tarixi Muhammadiy

SO‘ZBOSHI   Bilmak kerakkim, har bir musulmon bolasi, xohi er kishi, xohi xotun kishi, xohi yosh,  xohi qari, mana shu tubandagi to‘rt narsaning tarixini bilishi albatta lozimdur.  I. Payg‘ambarimiz Muhammad alayhissalom tarixlari.  II. Qur’oni karim давоми...

Саодат асри қиссалари «Буюк фатҳ» (4-китоб)

ТАНИШТИРУВ Мана, саодат асридан ҳикоя қилувчи асарнинг ниҳоят тўртинчи китоби ҳам қўлингазда. “Интизор кутилган тонг», «Ойдинликлар сари», «Оламларга порлади қуёш» деб давоми...

Саодат асри қиссалари «Оламларга порлади қуёш» (3-китоб)

БАДР ИНТИҚОМИ УЧУН ҚАСАМ Абу Лаҳаб Маккада крлган, касаллиги туфайли Бадр жангига бора олмай, ўрнига бошқа одамни ёллаб жўнатган эди. Кетганлар изидан кунлаб йўл пойлади. Зафар давоми...

ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ