РЎЗА ТУТИШГА ҲАРИС БЎЛГАН ЗОТЛАР

7 йил аввал 2549 siyrat.uz

Ўтган салфи-солиҳларнинг рўза тутишлари ҳамда кечалари ибодат қилишлари ҳақида ўқиганда  бу зотлар қандай қилиб шу даражага эришган экан? деб ўйлаб қоламиз.

 Инсон солиҳ зотларни қилган амалларини ўқиса ёки эшитса, амал қилишга бўлган интилиши ошиб, ғайратчан бўлиб қолади. Шу сабабли уларнинг амаллар билан тўлиб-тошган ҳаётларини қайта-қайта ўқиб туришимиз керак.

Қуйида ўша улуғ зотларнинг Рамазон ойидаги жидду жаҳдларини тилга оламиз. Шояд, биз ҳам ўшалардек ибодатда мустаҳкам бўлсак!

Келинг, биринчи бўлиб тақводорлар имоми Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошлайлик

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида

Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик, кун жуда ҳам иссиқ эди, ҳатто ҳавонинг иссиғлигидан инсон қўлларини бошига қўйиб олар эди. Шундай ҳароратда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор эдилар», дедилар.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу

Хуш феъл бўлган амир ҳамда хиёнат сабабли ўлдирилган инсон Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу.

У зот ҳақида Абу Нуайм шундай дейди: «Кундузлар сахийлик билан кечалари ибодат билан, кўнгилсизликлардан огаҳлаантиргучи, яширин ибодат билан машғул бўлган зот эдилар».

 Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳақида аёллари Ҳаймуҳдан ривоят қилинади. Ҳаймуҳ онамиз Зубайр ибн Абдуллоҳнинг бувилари бўлади. Ҳаймуҳ онамиз: «Усмон розияллоҳу анҳу жуда ҳам кўп рўза тутар эдилар ва кечанинг учдан бирида ухлаб қолганини ибодат билан ўтказар эдилар», деб айтдилар. Ҳаттоки, у зотни ўлдирганларида ҳам рўзадор эдилар, Қуръони карим олдида  кўзёшлари сабабидан сақоллари ҳўл бўлиб кетган эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дўсти Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг вазири ҳамда ер юзидаги яхши  инсонларнинг тўртинчиси эди.

Абу Талҳа ал-Ансорий розияллоҳу анҳу.

Абу Толҳа розияллоҳу анҳу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг жангдаги овози минг кишининг овозидан-да яхшироқ», деганлари у кишини нақадар буюк инсон эканликларини ифодалайди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу:«Абу Толҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалланинг тириклик чоғларида  ғазотлар кўп бўлганлиги сабабидан ҳам рўза тутолмас эди, Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин, Абу Толҳа раозияллоҳу анҳуни икки ҳайитдан бошқасида оғиз очганларини кўрмадим», дедилар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу

Инсонлар ўртасида ҳакимлиги билан ажралиб турган, қорилар гултожи Абу Дардо розияллоҳу анҳу ўзлари ҳақида шундай деганлар:

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлишларидан олдин мен савдо билан шуғулланар эдим. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлганларидан сўнг савдогарлик ҳамда ибодатни биргаликда олиб кетишга уриндим, бироқ  мен  иккаласини жамлай ололмадим. Сўнг тижоратни ташлаб,ибодатни танладим», дедилар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу ҳақида аёллари айтади: «Дунёга ҳожати тушмаган, кечалари ибодат билан, кундузлари рўзадор инсон эди».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳ анҳу

 Буюк мужтаҳид ҳамда имомлар пешқадами Абдуллоҳ ибнУмар розияллоҳу анҳу.

 У зотнинг фазилатли инсон эканликларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:«Абдуллоҳ қандоқ ҳам яхши инсон», деган сўзлари кифоя қилади. Ҳазрати Нофе Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳақда шундай дейди: «Сафарда юрганларида  рўза тутмас, муқумликда оғзи очиқ бўлмас эди», деганлар.

Саид ибн Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Абдуллоҳ ибн Умар келган эдилар шунда бизларга: “Мен дунёдаги қуйидаги нарсалар билан овунаман улар: кундиздаги чанқоқлик, кечанинг бедорлиги”, дедилар.

Абу Умома розияллоҳу анҳу

Рожа ибн Ҳайёт розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Абу Умома розияллоҳу анҳу дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазотда эдик, мен у Зотнинг олдиларига бориб, мен учун дуо қилишларини сўрадим. шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйдаги доуни қилдилар: «Аллоҳим, уларни саломат қилгин ҳамда уларга  ўз насибаларини бергин». Шунда мен: «Саломат бўлдик, қўлга киритдик», дедим. Бу ҳолат уч маротаба бўлди. Шунда мен: «Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, мен сизнинг олдингизга уч маротаба «Мени дуо қилинг», деб келсам, учаласида ҳам битта дуони қилдингиз, мени бир амалга буюринг. Ўша амални қилсам, жаннатга кирайин», дедим. Расуллуллоҳ соллаҳу алайҳи васаллам:«Рўза тутишга одатланинг, чунки рўзанинг савобидек амал йўқ», дедилар.

 Рожа ибн Ҳайёт: «Абу Умома, аҳли-аёллари  ва ходимлари – ҳаммалари ҳар доим рўза тутар эдилар», дедилар. Кундузлари уларнинг уйларидан ҳеч қачон тутун чиқмас эди, мобода чиқиб қолса ҳам, «Уларникида меҳмон бор» дейиларди», дедилар.

Масруқ раҳматуллоҳу алайҳи

Масруқ ибн Ажда ўта озғинлиги билан, омонатдорлиги билан, Аллоҳга ибодат қилиши билан танилган инсонлардан эди. У зот ҳақида Шаъбий розияллоҳу анҳу: «Ёз кунларидан бирида Масруқ ҳушидан кетиб қолди», дейилди. Оиша розияллоҳу анҳо у кишини катта қилган эди, шу сабабдан ҳам қизларининг исмини Оиша қўйган эдилар. Бир куни қизлари: «Отажон, оғзингизни очиб сувдан ичинг», деди. Масруқ: «Нима учун?» дедилар. Қизи: «Жасадингизга меҳрибон бўлишингизни истайман», деди. Масруқ:«Жасадимга меҳрибонликни бир куни эллик минг йил бўладиган кунга, яъни қиёмат кунига олиб қўйдим», дедилар.

Аъло ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ

Бу зот ҳеч кимга билдирмасдан маҳзун– хафа бўладиган инсон эдилар. Сахийликни ўзида мужассам этган инсон Аъло ибн Зиёд  ҳақларида  сўз кетар экан,  у киши жуда ҳам ҳудожўй, қаноатли ва Аллоҳдан қўрқиб йиғловчи инсон эканликлари тилга олинади.  Ҳишом ибн Ҳассон айтадилар: «Аъло ибн Зиёд  фақатгина нон билан озуқаланар  ва шу билан рўза тутар эдилар.  Агарда рўза тутсалар, кўкариб кетгунча ва намоз ўқисалар, йиқилиб қолгунча  ўқир эдилар». У зотнинг олдига Анас ибн Молик ҳамда Ҳасан розияллоҳу анҳумолар  келиб: «Алллоҳ сени  бу даражада қийналишингга буюрмайди», деб айтдилар. Шунда Аъло:«Ахир мен Аллоҳнинг қули бўлсам, мен фақатгина жаннатни ҳохлайман», дедилар.

Кунларнинг бирида бир киши Аъло ибн Зиёдга  мен сени жаннатда кўрдим дебди. Шуда у зот айтдиларки : «Тилингин тийгур! Шайтон мендан ва сендан бошқа алдайдиган кишини топиб олмадими?»  дедилар.

Салмата ибн Саид :«Аъло ибн Зиёд тушида жаннатийлигини кўрди ва уч кунча кўп йиғлаганликларидан  кўзларига ёш келмай қолди ва ором олмади ҳам. Ҳаттокки таом ҳам емади. Буни эшитган  Ҳасан розияллоҳу анҳу келиб: «Биродар жаннат билан хушнуд қилинганлигингиз  эвазига ўзингизни қурбон қиласизми?» дедилар. Бу гапни эшитиб яна йиғладилар. Рўзадор эдилар, кейин рўзасини очиб таомландилар.

Бу улуғ зотларнинг шунчалар қийналиб рўза тутганлари эвазига Аллоҳ таоло нималар таёрлаб қўйган экан-а!

Албатта, Аллоҳ – ўз ваъдасининг устидан чиқадиган Зот. У солиҳ бандаларига қуйидаги ваъдаларни берган:

 {فَوَقَاهُمُ اللَّهُ شَرَّ ذَلِكَ الْيَوْمِ وَلَقَّاهُمْ نَضْرَةً وَسُرُورًا }

Бас, Аллоҳ уларни ўша куннинг ёмонлигидан сақлар ва улар(нинг юзлари)га тароват, (дилларига) сурур бахш этар.

 {وَجَزَاهُمْ بِمَا صَبَرُوا جَنَّةً وَحَرِيرًا}

Яна сабрлари сабабли уларни жаннат ва (эгниларига) ипак (либослар) билан мукофотлар.

 {مُتَّكِئِينَ فِيهَا عَلَى الْأَرَائِكِ لَا يَرَوْنَ فِيهَا شَمْسًا وَلَا زَمْهَرِيرًا}

Улар у жойда сўриларга ястанган ҳолларида ўтирурлар. У жойда қуёш (ҳарорати)ни ҳам, замҳарир (қиш совуғи)ни ҳам кўрмаслар.

 {وَدَانِيَةً عَلَيْهِمْ ظِلَالُهَا وَذُلِّلَتْ قُطُوفُهَا تَذْلِيلًا}

(Жаннат) соялари уларга яқин ва мевалари ҳам (узишга осон бўлиши учун) эгиб қўйилган бўлур.

 {وَيُطَافُ عَلَيْهِمْ بِآنِيَةٍ مِنْ فِضَّةٍ وَأَكْوَابٍ كَانَتْ قَوَارِيرَا}

Уларга кумуш идишлар(да таомлар) ва (ўзи кумушдан ясалган бўлса-да, шаффофликда) шиша бўлиб кетган қадаҳлар(да шароблар) айлантирилур.

 {قَوَارِيرَ مِنْ فِضَّةٍ قَدَّرُوهَا تَقْدِيرًا}

Шиша бўлганда ҳам кумушдан (уларни соқийлар) ўлчаб қўйганлар

 {وَيُسْقَوْنَ فِيهَا كَأْسًا كَانَ مِزَاجُهَا زَنْجَبِيلًا}

(Жаннат аҳли) у жойда мизожи занжабил бўлмиш қадаҳларда (май) ичирилур.

{عَيْنًا فِيهَا تُسَمَّى سَلْسَبِيلًا}

У ердаги чашманинг номи «Салсабил» деб аталур.

{وَيَطُوفُ عَلَيْهِمْ وِلْدَانٌ مُخَلَّدُونَ إِذَا رَأَيْتَهُمْ حَسِبْتَهُمْ لُؤْلُؤًا مَنْثُورًا}

Уларнинг устида мангу ёш ходимлар (хизмат қилиб) айланиб турурларки, уларни кўрганингизда сочиб юборилган дурлар деб ўйларсиз.

 {وَإِذَا رَأَيْتَ ثَمَّ رَأَيْتَ نَعِيمًا وَمُلْكًا كَبِيرًا}

У жойга қараганингизда, ноз-неъматларни ва катта подшоҳликни кўрурсиз.

{عَالِيَهُمْ ثِيَابُ سُنْدُسٍ خُضْرٌ وَإِسْتَبْرَقٌ وَحُلُّوا أَسَاوِرَ مِنْ فِضَّةٍ وَسَقَاهُمْ رَبُّهُمْ شَرَابًا طَهُورًا}

Устиларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безанган бўлурлар ва Парвардигорлари уларга пок шароб ичирур.

{إِنَّ هَذَا كَانَ لَكُمْ جَزَاءً وَكَانَ سَعْيُكُمْ مَشْكُورًا}

Албатта, бу сизлар учун мукофот ва сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз (Аллоҳ наздида)  мақбулдир.

Мубинуллоҳ Анвар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ