САҲОБАЛАРНИНГ БАРЧАСИ АРАБ БЎЛГАНМИ?

7 йил аввал 4238 siyrat.uz

Агар сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари фақат араблардан эди, деб юрган бўлсангиз хато қиласиз. Исломни турли хил миллат ва эътиқод вакиллари қабул қилишар ҳамда Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақ Расул деб иймон келтирар эди. Ўша даврларда одамларнинг иймонлари соф ва тоза бўлиб, асосий нарса тақво эди, уларнинг тана ранги, миллати ёки ижтимоий ҳолатининг аҳамияти йўқ эди. Бугун сизни нафақат Ислом тарихида, балки инсоният тарихида ёрқин ва чуқур из қолдирган араб бўлмаган саҳобалар билан таништириб чиқмоқчиман. Ҳабашлар Араб бўлмаган саҳобаларнинг энг кўпи қора танли ҳабашлардан иборат эди. Уларнинг сони қирқ беш атрофида бўлиб, ораларида аёллар ҳам бўлган. Масалан, Умму Айман розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энагалари бўлган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг деярли ёшлик чоғларидан то бутун ҳаётлари давомида бирга бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ ҳадислар ровийси ва исмлари жаннат аҳллари орасида бор экани башорат қилинган бахтли аёл эди. Кўпчилигимиз учун таниқли бўлган Билол Ҳабаший розияллоҳу анҳуни билмайдиган одам кам топилади. У Маккада қул оилада таваллуд топган ҳамда Исломни энг аввал қабул қилиб, иймони учун даҳшатли азобларни бошидан ўтказган биринчи муаззин бўлган. Унинг қабри ҳозир уруш бўлаётган Шом диёридадир. Араб ярим оролига қул бўлиб келтирилган ёки қул бўлиб туғилган қора танли мусулмон саҳобалар инсоннинг иймони қандай бўлиши кераклигига намуна бўлдилар. Осим Ҳабаший, Баҳира Роҳиб Ҳабаший, Жуад Ҳабаший, Дурайс Роҳиб, Абраҳа бин Сабаҳ Ҳабаший, Анжаша Ҳабаший ва Ислом тарихида таниқли бўлган Вахшийлар шулар жумласидандир. Яҳудийлар Яҳудийлардан бўлган саҳобалар қирқ учтага яқиндир. Булар Абдураҳмон ибн Симак Яҳудий, Абдуллоҳ ибн Салом бин Хорис, Абдураҳмон бин Аби Қуразий, Абдулқуддус Ироилий, Али бин Рифа Қуразийдир. Али ибн Рифа Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза завжалари София розияллоҳу анҳо онамизнинг амакилари бўлади. У киши расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратларидан сўнг пайғамбаримизни кўриб, иймон келтирганлар. Буни кўрган қабиладошларидан яна ўнтадан ортиғи янги динга кирадилар. Абдуллоҳ ибн Салом бин Харис розияллоҳу анҳу Юсуф алайҳиссаломнинг авлодидан бўлган. У жуда тақволи ва илмли саҳобалардан бўлиб, кўп ҳадисларни ривоят қилган. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Қуддуси шарифни фатҳ қилишда фаол иштирок этган. Форслар Саҳобалар орасида Форс ўғлонлари ҳам бўлган. Уларнинг умумий сони ўн етти атрофида. Уларнинг орасида энг машҳури Салмон Форсий розиллоҳу анҳу бўладилар. Ушбу саҳобанинг маслаҳатига кўра Мадина атрофига ҳандақ қазилади ва ушбу ҳандақ ғазотида мусулмонлар буюк ғалабага талофатсиз эришадилар. Аматул Форсия Форснинг Исрафон шаҳрида таваллуд топган. Мадинага чўри қилиб келтирилган. Мадинада Ислом билан танишиб, шу динни қабул қилган. Абу Кабша Форсий ҳам қул эди. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қулликдан сотиб олиб, сўнг озод қилганлар. Абу Уқба, "Сафина" (Кема) лақаби билан танилган, ўн йил пайғамбаримиз хизматларини қилган. Уҳуд ғазотида иштирок этган. Мисрликлар Ривоятларга кўра, Пайғамбаримизнинг саккизта саҳобалари Исломни қабул қилган қадимги мисрликларнинг авлоди ҳисобланган қибтийлардан бўлган. Жабр бин Абдуллоҳ Қибтий, Солиҳ Қибтий, Яқуб Қибтий, Яқуб Қибтий Фихрий, Абу Рафаъи Қибтий, Марям бинту Шамуън Қибтия, Ширин Қибтиялардир. Аввалги олти исм эркакларники бўлса, сўнгги иккита исм саҳоба аёлларга тегишлидир. Румликлар Саҳобалар орасида ғарб тамаддуни деб аталган тараф вакиллари ҳам бўлган, яъни румликлар (византияликлар). Уларнинг сони еттита экани айтилади – Аддас Нанавий, Бакум Румий, Бакум Румий Нажор, Балъам Румий, Жабр Румий, Арзақ бин Уқба Румий, Зиннира Румиялар. Зиннира Румия Маккага чўри сифатида келтирилган, сўнг у Исломни қабул қилиб исмини Зунайрага алмаштирган. Бу аёл Исломни энг биринчи бўлиб қабул қилган аёллардан бири эди. Абу Жаҳл бу саҳобия аёлга кўрсатган зулм ва азоблари оқибатида унинг кўзлари кўрмай қолади. Сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу уни сотиб олади ва озод этади. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларидан сўнг кўзлари қайта очилган. Аддас Нанавий ва Жабр Румий ҳам Арабистонда қул эдилар, сўнгра Ислом билан танишиб Исломни қабул қилганлар. Аллоҳ таоло ҳаммаларидан рози бўлсин. Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади  



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ