Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрган саккиз нарса

7 йил аввал 8916 siyrat.uz

Сийрат китобларини ўқир эканмиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи нарсаларга муҳаббат қўйганларини кўрамиз. Бу борада баъзи уламоларнинг ўз китобларида алоҳида боб ажратганлари ҳам бор.

Шулар қатори ўта синчков олимлардан ҳофиз Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрган саккиз нарса ҳақида сўз юритган. Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат шу саккиз нарсага муҳаббат қўйган эканлар-да, деган фикрга бормаслик керак. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп нарсаларни яхши кўрганлар. Бу ерда кўпроқ яхши кўрган нарсалари зикр қилинган, халос.

1.Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳонинг яхши кўрар эдилар.

2.Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳонинг оталари Абу Бакр розияллоҳу анҳуни яхши кўрар эдилар.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ул Зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:

– Инсонларнинг сизга энг маҳбуби  ким, эй Аллоҳнинг Расули?

– Оиша , – дедилар.

– Эркаклардан – чи?

– Унинг отаси, – дедилар.

– Кейин-чи, кейин ким?

– Умар ибн Хаттоб, сўнг бир неча кишиларни санадилар . Муттафақун алайҳ.

Муҳаббат ботиний, қалбнинг иши. Уни кўп ё оз бўлиши адолатга зид келмайди. Зоҳирий ишларда, масалан, нафақаи аҳли аёл бундан мустасно. Қалб иши инсон иродасидан ташқари ишдир. Бу ҳақида оят ва ҳадислар бор.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшликдан бирга ўсган дўсти эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу пайғамбарлик келганда ҳам биринчи бўлиб ул Зотга иймон келтириб, оғир ва машаққатли кунларида далда бўлган. Кейинчалик дўстлик алоқасини қариндошлик алоқалари билан янада мустаҳкам боғладилар. Шу ва бошқа жуда кўп фазилатлари туфайли Абу Бакр розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳру муҳаббатларига сазовор бўлгандир.

3.Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Усома розияллоҳу анҳуни яхши кўрар эдилар.

Бу ердаги Усома Усома ибн Зайддир.

Муғира Шаъбийдан ривоят қилади:

«Оиша розияллоҳу анҳо айтади:

«Бирор кишининг Усомага ғазаб қилиши мумкин эмас».

“Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ким Аллоҳ ва Унинг Расулини яхши кўрса, Усомани яхши кўрсин», деганларини эшитдим.

Ул Зот Усома ибн Зайдни жуда қаттиқ яхши кўрардилар. Усома ибн Зайд Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энагалари Умму Айманнинг ўғлидир. У руҳи тетик, шижоатли, мард инсон эди. Уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари тарбия қилганлар. Қадрингга етганнинг қадрдони бўл, дейдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Усоманинг онасидан кўрган меҳр-оқибат ва муҳаббатни унинг фарзанди мисолида намоён қилдилар.

4.Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам икки набиралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумони яхши кўрар эдилар.

Абдуллоҳданривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилган вақтда Ҳасан ва Ҳусайн орқаларига сакраб (мингашардилар). Иккисини ман қилмоқчи бўлсалар, уларни тек қўйишларига ишора қилардилар. Қачон намозни тугатсалар, қучоқларига ўтказиб: «Ким мени яхши кўрса, бу иккисини яхши кўрсин», дер эдилар.

Абу Яъло ривояти.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам болажон халқ бўлганлар. Айниқса, набаралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларни еру кўкка ишонмас эдилар. Уларни жуда яхши кўрардилар.

Халқимизда ҳам: «Данагидан манғизи ширин», деган гаплар бор. Бу туйғуни набирали одамлар янада кўпроқ ҳис қиладилар.

5.Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳолвани яхши кўрар эдилар.

6.Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам асални яхши кўрар эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалво ва асални яхши кўрар эдилар».

Бухорий ривояти

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалвони яхши кўрар эдилар. Бу ерда ҳалводан мурод имом Нававий айтганидек, ҳар қандай ширинликлардир. Асални эса Қуръони каримда айтилганидек, шифо бўлганлиги учун яхши кўрардилар.

7.Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд тоғини яхши кўрар эдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Дарҳақиқат, Уҳуд бизни, биз уни яхши кўрадиган тоғдир», – дедилар.

Муслим ривояти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд тоғини яхши кўрардилар. Ибн Ҳажарнинг ривоятида:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд тоғида юрганларида унинг шавқи келиб қимирлади.Шунда ул зот оёқлари билан тоғни тепиб: «Сокин бўл, эй Уҳуд!» дедилар», дейилган.

Суҳайлийнинг ривоятида:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли фаълни – яхшиликка йўйиб қўйиш ва чиройли исмларни яхши кўрар эдилар. Аҳадийядан олинган (Уҳуд) исмидан чиройли исм йўқ. Уҳуд сўзидаги ҳаракатлар – ҳарф ости ва устига қўйиладиган белгилари ҳам рафъдир. Рафъ (биздаги у ҳарфига тўғри келади) сўзи - кўтариш, юксалтириш маъноларини англатади. Ўша нарсадан Аҳаднинг дини қадри баланд кўтарилиши, олийларга юксалишини ҳис қилардилар. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унга бўлган муҳаббатлари ҳам сўзда, ҳам маънода боғланган эди.

8.Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Ватанларини яхши кўрар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма нарса қатори Ватанга бўлган муносабатнинг ҳам таълимини ўргатиб кетганлар.

Уламолар Ватанни севиш ва унга ошиқишни мустаҳаб, дейдилар.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтаётиб Мадина кўчаларини кўрган вақтларида туяларини тезлатардилар. Агар уловда бўлсалар, уни ниқтардилар».

Ҳумайднинг ривоятида эса: «Уловни уни (Мадинани) севганларидан ниқтардилар», дейилган.

Бухорий ривояти.

Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ:«Ҳадисда Мадинанинг фазилати, Ватанни севиш ва унга ошиқишнинг шариатда борлигига далил мавжуд», – деганлар.

Мана, яна сийратга оид билимларимиз ошди. Билганларимизга такрор, билмаганларимизга янгилик бўлди.

Демак, биз ҳам юқорида айтилган сўзлардан ўзимизга керакли хулосалар чиқариб, уларни қўлдан келганча ҳаётимизга тадбиқ этиб боришимиз лозим. Биз ҳам доимо қадрли инсонлар, қардли нарсаларни яхши кўришимиз даркор. Бу борада суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммамизга ўрнак – намунадирлар.

                 Андижон шаҳар Ҳазрати Билол  номли жоме

масжид имом-хатиби: Равшанбек Ўринбоев

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ