Масжидун набавийнинг босқичма-босқич тамирланиш тарихи

7 йил аввал 2768 siyrat.uz

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак масжидлари қурилганидан буён бир неча марта қайта тамирланган. Қуйида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошлаб Усмон розияллоҳу анҳунинг халфалик даврларигача бўлган масжид тамирининг тарихини қисқача баён қилиб ўтамиз:

1. Пайғамбар алайҳиссалом даврлари. Масжид биноси хом ғиштдан, шифти хурмо шохидан, устунлари хурмо ёғочидан эди. Масжид қурилишида саҳобаларга бош бўлиб, ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шахсан иштирок этган эдилар. Масжиднинг ҳажми ҳам кичик эди. Ёмғир ёғса, хурмо шохларидан қилинган шифтдан ўтиб, ерга тушар, сажда қилган одамнинг пешонасига лой ёпишар эди. Масжид ерига ҳеч нарса тўшалмаган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида масжид ана шундоқ содда ва кичик эди. 2. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврлари. Масжидин Набавий бу даврда ўзгаришсиз қолди. Чунки ҳазрати Абу Бакр оз муддат халифа бўлиб, сўнгра вафот топдилар. Ўша оз муддат ҳам Ридда урушларида сарф бўлди. Бунинг устига, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу табиатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги нарсанинг ҳеч бирини ўзгартиришни хоҳламас эдилар. Шунингдек, у кишининг даврларида Масжидин Набавийга ўзгартириш киритишга эҳтиёж ҳам йўқ эди. 3. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврлари. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кейин халифа бўлган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўн икки йилдан кўпроқ халифалик қилдилар. Табиийки, хом ғиштдан қилинган, шифти фақат хурмо шохи ила тўсилган масжид ислоҳга муҳтож бўлиб қолди. Ана шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини айни қурилиш моддалари: хом ғишт, хурмо шохи ва ёғочидан худди ўзига ўхшатиб қайта қурдилар. У киши масжиднинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги кўринишини йўқотмаслигига эътибор бердилар. 4. Ҳазрати Усмон ибн Аффон даврлари. Маълумки, ҳазрати Усмон узоқ вақт халифалик қилдилар. Бу давр ичида Ислом жамияти мисл¬сиз равишда кенгайди. Турли халқлар Исломга кирдилар. Мусулмонларнинг сони ниҳоятда кўпа¬йиб кетди. Саҳобаи киромлар ҳам турли юртларга тарқалиб кетдилар. Шунга ўхшаш яна бошқа кўпгина ўзгаришлар содир бўлди. Ана шу давр ичида ҳазрати Усмон ҳам анчагина ишларни амалга оширдилар. Бу ишларнинг кўпчилиги янгилик ҳисобланар эди. Бу янгиликлар асосан давр тақозоси билан юзага чиққан янгиликлар эди. Ана шу янгиликлар ичида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини кенгайтириб, янгидан қуриш ҳам бор эди. Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг юқоридаги ривоятларида айтилганидек, ҳазрати Усмон Пай¬ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига кўплаб зиёдалар қилдилар. Аввало, уни анчагина кенгайтирдилар. Қолаверса, тамоман бош¬қа қурилиш ашёларидан фойдаландилар. Хом ғишт ўрнига нақш солинган тош ва пишиқ ғишт ишлатдилар. Устунларини ҳам хурмо ёғочи ўрнига нақшиндор тошлардан ясадилар. Шифтини эса, хурмо шохлари ўрнига Ҳиндистондан келтирилган саж ёғочларидан қилдирдилар. Масжидин Набавийнинг узунлигини бир юз олтмиш аршин, энини бир юз эллик аршин қилдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг бу ишлари ўз тарафдорлари томонидан маъқулланган. Ҳазрати Усмоннинг ўзлари баёнот бериб, «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатдан бир уй бино қилади» деганларини эшитган эдим, шунинг учун қилдим», деганлар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ