Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалари хавфи зикри

3 йил аввал 2179 siyrat.uz

Бизга Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят этилди, ул зот тилларини ушлаб туриб айтдилар:«Бу мени турли балоларга солади». Ва яна айтдилар: «Кошки, мен дарахт бўлсам, кесилиб, сўнгра (ёқилиб) ейилиб, йўқ бўлиб кетсам эди». Талҳа, Абу Дардо ва Абу Зарр розияллоҳу анҳумолар ҳам шу хилдаги сўзни айтишган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир оятни эшитсалар, бир неча кун ётиб бемор бўлардилар ва одамлар кўргани келарди. Кунлардан бир кун ул зот ердан сомон бўлагини олдилар ва айтдилар: «Кошки, мен шу сомондек бўлсам эди, кошки, зикр этиладиган бир нарса бўлмасам эди, кошки, онам мени туғмаса эди». Ул зотнинг юзларида йиғидан ҳосил бўлган икки қора чизиқ бор эди. Усмон розиаяллоҳу анҳу айтдилар: «Мен ўлиб, қайтадан турмасам, деб орзу этаман». Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу айтдилар: «Аҳлим мени сўядиган қўчқор бўлишимни ва гўштини еб, шўрвамни ичишларини истардим». Имрон ибн Хасин дедилар: «Кошки, шамол сочиб, тўзғатиб юборадиган кул бўлсам эди». Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтдилар:«Чиндан ҳам молимни тасарруф этадиган бир инсон бўлса эди, сўнгра у устимдан эшикни беркитса, ҳатто мен Аллоҳ таолога етишгунимга қадар олдимга ҳеч бир зот кирмаса эди. Мен шуни истайман». Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ёноқларидаги кўз ёши оққан ариқча эски тасмага ўхшаш эди. Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар:«Кошки, мен унутилиб, эсдан чиқиб кетсам эди». Али розияллоҳу анҳу дедилар:«Аллоҳ номига қасамёд қилиб айтаманки, мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларини кўрдим. Бугун уларга ўхшаш бирон-бир нарсани кўрмайман. Улар эрталабга сочлари тўзиб, тупроқ-чангга беланиб дохил бўлардилар. Икки кўзларининг ўртасида кўп сажда этганларидан забиба – қора холча пайдо бўлган бўларди. Улар кечаси билан Аллоҳга сажда қилиб бедор бўлардилар. Аллоҳ таоло Китобини тиловат этардилар. Уларнинг пешоналари саждада, дам оёқларида тик туриб ибодатда давом бўлардилар. Агар субҳга етсалар, Аллоҳ таолонинг зикри билан бўлардилар. Улар шамолли кунда дарахт эгилиб-букилганидек эгилардилар. Тўкилган кўз ёшлари кийимларини ҳўл қиларди. Аллоҳ номига қасамёд этаманки, қавм гўё ғафлатда қолганга ўхшарди».  



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ